Ой куни яқинлашиб бораётган келин эрига: “Яқинда дада бўласиз, шифокорларнинг гапига қараганда ўғил кўрамиз. Биз ҳам алоҳида ҳоли яшасак, сизга мазали таомлар пишириб кўнглингизни шод қилсам”, деди. Эри бироз асабийлашиб: “Нима, энди она бўламан деб мени ота-онамдан ажратмоқчимисан, шуни яхши билиб қўй-ки, онам менга қилган яхшиликни, хизматни ҳеч қачон ҳеч ким қила олмайди. Кўзингни каттароқ оч, агар яна бир марта шу гапингни такрорласанг, қаттиқ хафа бўламан ва сени ҳам хафа қиламан”, деди.
Келин шу заҳоти эрининг ёнбошига ўтириб: “Мени кечиринг, мен туғилажак ўғлимиз менга қандай муносабатда бўлишини билиш учун сизга шу сўзларни айтган эдим. Менинг жаннатим сизнинг ризолигингизда, сизники эса онажонимнинг ризоликларида, демак мен онажонимнинг хизматларини қилиш билан розилигингизга эришаман, албатта. Туғилажак ўғлимиз ҳам дадажонисига ўхшаган бўлсин!” дея ибо билан эрининг ёнига ўтирди.
Хулоса: Одамларга яхшилик улашиб яшаш – ҳаётимизнинг мазмуни демак! Дунёда яхши ном қолдириш, охиратда жаннатга дохил бўлиш эса – бизнинг олий мақсадимиз. Шундай экан, азиз йигитлар-қизлар, келин-куёвлар! Ушбу воқеа бизга ибрат бўлсин!
Абдулмажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.