Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

“Салафийлар” салафи солиҳлар йўлидан юрувчиларми?

13.11.2019   4816   4 min.
“Салафийлар” салафи солиҳлар йўлидан юрувчиларми?

Салафийлар — ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми — имом Ашъарий (р.а.) томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифа. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий (р.а.) таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган.

Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “Салафийя”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври —ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир.

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади.

Масалан, унинг фикрича, Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий эмас, балки ҳодис Аллоҳ томондан яратилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрини зиёратига бориш (агарчи ибн Таймияга қадар, қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида бу амал жорий бўлишига қарамасдан) бидъат ва залолатдир. Шунингдек, Расулуллоҳнинг туғилган кунларини нишонламоқ — мавлид байрами ҳам бидъат ва фойдасиздир. Расулуллоҳдан қолган асори атиқаларни табаррукан асраб-авайламоқ гўёки ширкдир. Расулуллоҳ ва бошқа азиз-авлиёлар билан дуоларда тавассул қилмоқ, қабрларни зиёрат қилмоқ ва шу каби бир қанча жорий амаллар “бидъат”, “тавҳид ақидасига зид” бўлган. “Салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги жирканч буд-санамларга тенглаштирилади.

Ибн Таймиянинг бу каби қарашлари ўз даврида ажабтовур фитна ва янгилик бўлишига қарамасдан унга эргашувчиларнинг сон-саноқсиз бўлганини тан олмай илож йўқ. Дарҳақиқат, ўша даврда унга жуда катта жамоа эргашган эди. Унинг тарафдорларини асосан саводсиз тўпори-бадавийлар ташкил қилсада, улар орасида туппа-тузук зиёлилар, олимлар ҳам йўқ эмасди.

Хўш, бунга нима сабаб бўлган?

Бунинг сабаби: Ибн Таймия кучли тақво ва ўткир илм билан танилган Ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оилада ўсиб унади. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан, деб тан олинарди. Отасининг вафотидан кейин, унинг таълим ва тадрис ишларига мутасадди бўлган Аҳмад ибн Таймия мухолафатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшга яқинлашганда бошлаган. Унгача эса, у ўз даврининг етук Ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири, деб атрофга танилиб бўлган ва бир неча фойдали диний асарларини ёзишга ҳам улгурган эди.

Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўзсиз қабул қилинар, далили суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги хилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди, мусулмонлар жамоатига қарши фикрларини безаб, зийнатлаб қўйди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг янгича фатволари мухлислари томондан бош устига қабул этилар ва алал-оқибат уни “мужаддид” (динни янгиловчи), “шайхул-ислом”, деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, мужтаҳид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Унинг кейинги пайдо қилган “Салафийлик” мазҳаби ҳеч қандай салафи солиҳларнинг йўлига мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиққан адашувдаги бир кичик оқим бўлган холос!

Мирзақосим САИДМИРЗАЕВ,
Қувасой шаҳар “
Тошмозор масжиди имом-хатиби

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари топширилди

28.08.2026   9708   2 min.
Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига

27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.

Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.

Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.

 Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари