Ҳазрати Умар Ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати ила обод қилди. Агар, Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди”.
Аслида, заминдаги барча юртлар Аллоҳнинг инояти ила обод бўлади, фақатгина шу юртнинг халқи, одамлари қалбида ўз “УЙ”ларига нисбатан яхшилик, муҳаббат бўлса бас. Агар бунинг акси бўлса – юртни севадиган фарзандлар бўлмаса унда у ерга мусибатлар йоғилади. Тарих ҳам бугунги кун ҳам бунга гувоҳ. Айни кунларда бутун бошли давлатларнинг парчаланиб, жанг майдонига айланаётганининг бош сабаби ҳам ўша мамлакат аҳлининг ватанига нисбатан муҳаббати озлигидадаир, эҳтимол. Чунки, оиласини, юртини севган инсон уни вайрон бўлишига олиб келадиган турли фитналарга учмайди. Иғволарни тингламайди, бўхтонларга қўшилмайди, ёлғонларни қабул қилмайди, аксинча, агар оиласи – ватанида камчилик, нуқсон пайдо бўлса уни бартараф этишга, уни ривожлантиришга, тинчлик чамани бўлишига, оиладошлари, ватандошлари ҳамжиҳатликда яшашлари учун, дунёнинг энг бахтли оилалари жам бўлган юртга айланиши учун жидду-жаҳт билан ҳаракат қилади. Уни асраб авайлайди.
Бугун, ижтимоий тармоқларда ин қурган бир гуруҳ ёвуз ниятли нусхалар олислардан туриб ўз оиласи – ватанига қарши турли фитналар уюштириб, иғво-ю бўхтонларни тарқатишмоқда. Бу манфур кимсалар тарихда ҳам бўлишган, бугун ҳам бор, келажакда ҳам бўлади. Чунки, уларнинг онгларини шайтон бошқаради. Улар фитна қилмаса, уруш-жанжал чиқармаса дунё кўзларига қоронғу бўлиб кетади. Фитнакорлар учун ватан, оила, инсонлар шани ва қадри деган тушунчалар мутлақо бегонадир.
Энг аянчлиси, бузғунчиларнинг аксарияти динни ўзларига ниқоб қилиб, Исломнинг номидан гапириб халқни тўғри йўлдан адаштириш пайида юрибди. Улар учун инсонларнинг жони ва моли қадрсиз. Улар моддий манфаат учун ҳеч қандай айбсиз, асоссиз равишда инсонларнинг, гўдакларнинг умрларига зомин бўлиб қотилга айланишмоқда.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, токи одамлар бошига қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайдиган кун келмагунича бу дунё кетмас”, дедилар.
“Эй Аллоҳнинг расули Ул қандоқ бўлур?” дейилди.
“Ҳараж. Қотил ҳам, мақтул ҳам дўзахдадир”, дедилар”.
Шарҳ: Ҳараж-фитна ва одам ўлдиришнинг кўплиги.
Қиёматнинг аломатларидан бири одам ўлдиришнинг кўпайиши ва одам ўлдирган одам нима учун ўлдирганини ва ўлдирилган одам ҳам нима учун ўлдирилганини била олмай қоладиган ҳолатнинг пайдо бўлиши экан.
Бу юрт, бу тупроқ Аллоҳ таолонинг бизга инъом этган улуғ неъматларидандир. Бу неъматга шукр қилиш уни обод қилиш билан, уни турли фитналардан асраш билан амалга оширилади.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати