12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтадиган “Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити” ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
2019 йилнинг 14–15 ноябрь кунлари Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити ҳамда шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода табаррук 70 ёшга тўлиши ва шайхулисломлик фаолиятининг 40 йиллиги муносабати билан маърифий тадбирлар бўлиб ўтади.
Тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этади.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.
Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати