Ҳозирги кунда дунёдаги ижтимоий-мафкуравий муаммолардан энг хавфлиси диний-ғоявий, хусусан, экстремистик, миссионерлик ва прозелетизм муаммолари бўлиб, бу айни вақтда бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.
Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш – мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган турли оқим-ҳаракатларга кўра, айрим кишилар у диндан бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда иродасизликдир. Бу ҳақда Биринчи Президентимиз И.А.Каримов “Oдам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, хар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман” деб таъкидлаган эди.
Ушбу ҳаракатларга жалб қилинаётганлар кўпроқ аёллар ва ёшларнинг иштирокида намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Чунки уларнинг кизиқиш хамда моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиришда диний оқим ва ташкилотлар ўз ғоялари билан жалб қилган ҳолда мақсадларини амалга ошириш осонроқдир.
Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси билан узвий мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришиш мақсадини кўзлайдилар.
Экстремистик окимларнинг хозирги кундаги фаолиятида замонавий ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, интернет оркали тарғибот ишларини олиб боришга алохида эътибор каратилган, интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирилиб улар турли хил тўқнашув ва низога жалб қилинмоқда. Ижтимоий тармокларда бўзғунчилик ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи юзлаб гуруҳлар мавжудлиги фикримизнинг яққол далилидир. Шунинг учун ҳам ёшларда хабар ва маълумотларни таҳлил эта олиш малакасини хосил килиш зарур.
Зеро ҳар кандай хабар ҳам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириб кўриб кейин хулоса килиш ҳакида Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Муқаддас Ислом динимиз инсониятни комилликка даъват этувчи буюк таълимоти билан бирга, уни сохталаштирувчилар, ундан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмаслигини, айни ана шу салбий ҳодисалар жамият тараққиётида кутилмаган фожиаларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳаёт кўрсатмокда.
Бугун дунёда кўплаб бузғунчи оқимлар муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқдалар. Бу оқимларни бир сўз билан дин бузарлар деб номланса хато бўлмайди. Улар ўзларига турли номларни қўйиб, диний шиорларни байроқ қилиб оляптилар-у лекин қилаётган ишлари динимизга зиддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик ва хотиржамлик хақида бундай деганлар: «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки бундан кўп одамлар бебаҳрадурлар» (Имом Бухорий ривояти). Шу юртда яшаётган ҳар бир элдошимиз тинч ва фаровон юртимизнинг қадрига етмоғимиз, уни кўз қорачиғидай асрамоғимиз лозимдир.
Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилмаларнинг ҳеч бири бирон-бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайдилар.
Диний экстремистик ҳаракатлар нима учун асосий эътиборни аёллар ва ёшларга қаратмоқдалар? Республикамизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча шароитлар яратиб берилган бир шароитда, маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқ ичида бузғунчи ғояларни тарқатишга уринмоқдалар. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, экстремистлар ўз мақсадлари учун асосан ёш йигит ва қизларни танлайдилар.
Хулоса қилиб айтганда, аёллар ва ёшларнинг турли оқим ва ҳаракатлар домига тушиб қолишининг олдини олишда уларда мафкуравий иммунитетни ва билим даражасини ошириш, уларнинг бўш вақтини назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан улар Ватанимиз келажагидир.
А.Аллаберганов
Ҳазорасп тумани “Ахтам саҳоба” масжиди имом-хатиби
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати