Янги дарсимизни бошлашдан олдин сизларни ва ўзимни яна бир бора Аллоҳ таоло эҳтиром кўрсатиб бизларга берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлид ойи хотираси билан муборакбод этаман.
Аллоҳ азза ва жалладан ушбу муборак хотирани араб ва ислом оламига Расулуллоҳ истаганларидек нишонлаши учун илҳом беришини сўрайман. Ушбу мавлид хотирасини мусулмонлар орасида кенгайиб бораётган фитна ва қийинчиликларни тугатишда ҳаракатга келтирувчи кучга айлантиришини Аллоҳдан тилайман.
Афсуслар бўлсинки, бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнига урадиган адашган кофир бўлиб кетманглар” – деган сўзларини унутиб қўйдик ёки ўзимизни унутганга солдик.
Бундан ташқари ҳар йили Расулуллоҳнинг мавлидлари муносабати билан бўладиган йиғилишларнинг қонунийлиги атрофида айрим кишилар қўзғайдиган низо ва тортишувлар ҳам юзага чиқди. Ўзларингиз билганингиздек бу ерда Расулуллоҳнинг мавлид хотирасини нишонлаб хурсандчилик қилишни шариъат қонунчилигида йўқ деб биладиган ва бунда қатъий турадиган кишилар бор. Улар ўзларининг ихтилофлари билан кўпчилик жамоат орасида у ер, бу ерлардаги турли йиғинларда кишилар билан тортишиб юрадилар. Менга ҳам ушбу масала ҳақиқда жуда кўп савол берадилар. Мен бу ҳақида яна бир бор қайтариб айтишим лозимки, аввало ушбу тортишувлар ҳар йили қайта-қайта такрорланаверади. Ушбу саволни бераётганлар мавлиднинг ҳақиқий мазмун ва моҳиятини тушуниш учун савол бермайдилар балки, унинг ўзи ҳақида савол ташлайдилар. Яъни ушбу дўстларимиз Расулуллоҳнинг мавлид хотирасини нишонлаб хурсандчилик қилишни шариъат қонунчилигида йўқ, дейдилар.
Фараз қилайлик агар осмондан Қуръон оятлари нозил бўладиган бўлса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна қайтадан келиб уларга: “Бу нарса шариъат қонунчилигида бор” – десалар. Улар; “Бу нарса шариъатда йўқ” – деган гапларида қатъий турадилар. Бу тортишувларнинг оқибати давом этаверади.
Ушбу дўстларимизга нисбатан бизнинг тутадиган энг афзал йўлимиз ушбу тортишув қолдиғини тўхтатиб уларнинг мужтаҳид эканига қаноат қиламиз ва уларнинг мавлид хотирасини нишонлаб хурсандчилик қилмаслик керак деган фикрларини ўзларига қўйиб берамиз. Бизлар ҳам мужтаҳидлармиз ва биз бу ишни шариъат қонунчилигида бор деб биламиз. Шунда бу муаммо тугайди.
Қанча-қанча ихтилофли иш ва масалалар бор. Ушбу масалалар ҳақида бир гуруҳ мужтаҳидар ижтиҳод қилиб, бу масаланинг ҳукми бундай бўлади – деган. Яна бошқа бир гуруҳ мужтаҳидлари ҳам ижтиҳод қилиб унинг ечимини баён қилганлар. Бу мужтаҳидлар у мужтаҳидларни тақдирлаган, улар ҳам ўз навбатида буларни мукофатлаган. Агар ушбу дўстларимиз ҳам боболаримиз ва ўтган уламоларимиз каби одобни ушласалар биз ҳам тинч роҳат оламиз. Лекин улар ҳар сафар муаммо ва мушкулликлар келтириб чиқаришда қатъият кўрсатмоқдалар. Ниҳояси йўқ тортишувларни юзага келтирмоқдалар. Бу ҳолат бизларни ушбу тортишув вақтида уларга озуқа оладиган ашёлар ва керакли маълумотлар беришимизни мажбур қилади.
Биз Расулуллоҳнинг мавлид хотирасини нишонлаб хурсандчилик қилишни шариъат қонунчилигида бор деб айтамиз. Бу хурсандчилик тақиқланган ҳаром ишлардан ҳоли бўлиш шарти билан дуруст бўлади деймиз.
Бу хурсандчилик Расулуллоҳнинг шамойил ва сийратларини эслашдан ҳамда саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатини кучайтирадиган омилларни юзага чиқаришдан иборат бўлиши лозим. Агар бу каби мажлисда тақиланган ишлар бўлмаса биз уни шариъат қонунчилигида бор деб айтамиз. Унинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саййидимиз Мусо алайҳис-саломни Фиравндан нажот топганларини нишонлаганларидир. У зот Аллоҳ азза ва жалла Мусони Фиравндан қутқарган кунни билгандан кейин ушбу кунни хотирлаб нишонладилар. Бу Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунидир. Расулуллоҳ саҳобаларга бу куннинг рўзасини тутишни буюрдилар. Рўза тутмаганларни ҳам куннинг қолган қисмида таом емай ўзларини сақлаб туришларига амр қилди. Бу иш шу кунни нишонлаш учун бўлган эди. Расулуллоҳ яҳудийларнинг ҳам бу кунда рўза тутишларини билгач:
”Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз”- дедилар.
Энди бизларни Расулуллоҳга эргашган ҳолимизда Мусонинг Фиравндан қутилганини нишонлаб хурсандчилик қилишимиз жоиз бўлганидан кейин Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборган саййидимиз Муҳаммад алайҳис-саломнинг мавлидларини нишонлаб хурсандчилик қилишимиз нима учун жойиз бўлмас экан. Бу сўзлар имом Муслим ва бошқаларнинг саҳиҳларида турибди.
Яна бошқа бир далил, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни рўза тутар эдилар. Бунинг сабаби ҳақида у кишидан сўралганда: “Бу мен туғилган кундир” — деб жавоб берганлари саҳиҳ Бухорий ва бошқа китобларда келган.
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам туғилган кунлари хотирасини нишонлаб рўза тутганлар.
Ҳўб, Расулуллоҳнинг туғилган кунини нишонлаб хурсандчилик қилиш жойиз бўлса, энди биз бу хурсандчиликни қандай ифода этамиз? Биз бу қувончни бизни Аллоҳга яқинлаштирадиган ҳар қандай восита билан ифода этамиз.
Расулуллоҳнинг ҳаётларини эшитиш учун тўпланиш зикр эмасми?! Албатта бу зикр турларининг энг улуғидир.
Расулуллоҳни мақташ ва у зотнинг кўплаб сифатларини баён қилиш учун йиғилиш Аллоҳга яқинлаштирувчи қурбат эмасми?!
Ушбу кунда мусулмонларнинг қувватини зиёда қилишни, Аллоҳга яқин бўлишни ҳамда Расулуллоҳ билан бўлган битимимизни янгидан мустаҳкам бўлишини сўраб дуо қилиш учун жамланиш Аллоҳга яқинлаштирувчи қурбат эмасми?!
Биз қандай хурсандчилик қиламиз? Ана шу тарзда хурсандчилик қиламиз.
Яна бир марта қайтариб айтаман, бу мажлис тақиқланган ҳаром ишлардан ҳоли бўлиши керак.
Айрим шахарларда мавлид сабабидан эркак аёллар аралашиб бир жойда жамланишларини айтишди. Йўқ, бу эса мумкин эмас. Биз бу каби нишонлашни айтаётганимиз йўқ. Ҳаромни ҳаром дейилади. Биз Расулуллоҳнинг мавлид хотирасини нишонлаб хурсандчилик қилиш деганда бизни Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллар билан нишонлашни айтаябмиз. Айрим дўстларимиз Расулуллоҳ бу ишни қилмаганлар-ку демоқчи бўладилар. Яъни у зот туғилган кунларида саҳобаларни бир жойда ёки масжидда йиғиб жамаламаганлар ва саҳобалардан бирини нашид айтишга ҳам буюрмаганлар, дейдилар. Ҳа улар шундай дейдилар.
Ҳўб, ушбу саволнинг жавоби нима? Жавоб қуйидагича, ҳамма уламолар бир овоздан қабул қилган усулий ва фиқҳий қоида бор. Ушбу қоидани сизлар ҳам ёдлаб олинглар дўстларим. Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор амални қилмаганликлари ўша нарсанинг ҳаром эканига далил бўлмайди. Бу қоида ҳаммага маълум ва машҳурдир.
Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий
Тошкент шаҳар “Кўкча оқтепа” жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси
Муносабат
Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳалар сингари диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаатлари йўлида, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, унинг истиқболини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунга келиб, замон, шароит ва ҳолатларнинг ўзгариши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ йўналишида ҳам ўзига яраша муносабатларда янгича ёндашвни тақозо қила бошлагани боис дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашган эди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди. Шу сабабдан Ислом Фиқҳи Академиялари тузилиб, бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича Академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва Академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилади ва кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тариқа замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди.
Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Ана шундай фиқҳ академиялардан бири Халқаро ислом фиқҳи академияси ислом оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган халқаро илмий-фиқҳий ташкилот ҳисобланади.
Юртимиз аҳли учун энг қувонарли янгиликлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусулмон оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган йирик илмий-фиқҳий ташкилот – Халқаро ислом фиқҳи академиясига аъзо бўлганларидир.
Ҳозирда академия таркибида дунёнинг 57 та давлатидан 65 нафардан ортиқ етакчи мусулмон олимлари фаолият юритади. Ушбу академияга аъзо бўлиш учун мусулмон дунёсининг эътироф этилган етук фақиҳ ва олимларидан бири бўлиш, ислом ҳуқуқини пухта эгаллаш ҳамда ақида ва хулқда ислом таълимотига қатъий амал қилиш, юксак маънавий обрўга эга бўлиш каби хислатларга эга бўлиш талаб этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш ва халқаро миқёсда Ислом динининг асл қадриятларини кенг тарғиб этиш билан танилганлар.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Тўртовлари ривоят қилишган.
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.
Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бир нечта Халқаро мусулмон уламолари кенгаш, уюшма, ташкилот ва академияларининг аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Юртимиз мўмин-мусулмонлари, уламо ва барча соҳа вакиллари номидан Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро ислом фиқҳи академиясидаги фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси