XI аср охирида Эронда юзага келиб, махфий равишда иш кўрган «Ҳашшошийлар» (арабча – ҳашиш (наша) чекувчилар, гиёҳвандлар) террорчилик оқими эса, ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уларга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорларга суиқасд уюштириш амалиётини олдинга сурган эди. Узоқ вақт ҳашшошийлар кўплаб ҳукмдорларга таҳдид солиб турган, ҳаттоки, айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари ўз хавфсизликларини таъминлаш учун уларга тўлов тўлашга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «ҳашшошийлар» замонавий террорчилар томонидан ҳам кенг қўлланилаётган, оддий кишилар ва ёшларга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган.
Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган, эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари томонидан қаттиқ қораланиб, султонлар томонидан таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, Умавий ва Аббосий халифалар хорижийларни бутунлай қириб ташлаш сиёсатини олиб борган эдилар. Ислом моҳиятига ёт бўлган бундай оқимларнинг барчаси охир оқибатда таназзулга дучор бўлган.
Шундай бўлса-да, исломнинг моҳиятига бутунлай зид бўлган юқоридаги ғоялар ва амалиёт шакллари кейинги даврларда ҳам ривож топганини айтиш жоиз. Исломда «инқилобий кураш» таълимотини яратган суриялик Аҳмад ибн Таймия (1263-1328)нинг турли ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида бугунги кунда ҳам фаолият юритаётган экстремистик ҳаракатлар ўзига байроқ қилиб олган сохта салафийлик ҳаракати шаклланишига замин яратилди.
Аслида «салафийлик» араб тилидаги «салаф» сўзидан олинган бўлиб, «аждодлар», «аввал яшаб ўтганлар» маъноларини англатади. Ҳадисларга кўра, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар ҳақиқий салафлар саналади. Ислом уламолари илк мусулмонларни «салафи солиҳ», яъни «солиҳ аждодлар» деб ҳисоблашда якдилдир. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан «салаф» ёки «салафий»лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Бироқ сўнгги йилларда «салафи солиҳларга эргашиш» шиорини ниқоб қилиб олган мутаассиб кучлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Тарихий адабиётларда XVIII асрда ислом динини «асл ҳолатига қайтариш» байроғи остида «ад-Даъва ад-дамавия», яъни «қонли даъват» номини олган ҳаракатлар пайдо бўлган бўлса, XIX асрнинг иккинчи ярмидан ўз олдига халифаликка асосланган ислом давлатини барпо этиш вазифасини қўйган сохта салафийлик ғоялари «ислоҳотчилик», «панисломизм» ниқоби остида янгидан жонланди.
Сохта салафийларнинг асосий мақсади дунёвий давлат тамойилларини қоралаш ва инкор қилиш, давлатни тўнтариш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ҳамда халифаликка асосланган тузумни ўрнатишдир. Қандай шаклда чиқмасин ва қандай ғоя остида ҳаракат қилмасин, сохта салафийликнинг бузғунчилик моҳияти ўзгармай қолмоқда. Буни уларнинг Қуръон оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашни инкор этиш, ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш, бугунги кун билан эмас, балки ўрта асрлар тафаккури доирасида яшаш каби ислом асослари бузилишига олиб борадиган ғоялари мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, ҳар қандай янгиликнинг «бидъат» ҳисоблаш, анъанавий мазҳабларни инкор қилиш, тасаввуфни умуман тан олмаслик, марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилиш ва хайр эҳсон қилиш мумкин эмас, деб ҳукм чиқариш ҳам сохта салафийликка хосдир.
Юқорида қайд этилганидек, Ибн Таймия ва унинг издошлари ақида ёки ибодат масалаларига кўпроқ эътибор қаратишган бўлса, сохта салафийликнинг кейинги давомчилари таълимотларида сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини байроқ қилиб кўтардилар. Бу исломнинг сиёсийлашиши ва «ислом халифалигини тиклаш» ғояларининг кенг ёйилишига олиб келди. Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳар акатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланган.
Бугунги кунга келиб, ўзини «Салафийлар» деб атаётган диний-сиёсий гуруҳлар «Ислом жамиятини қуриш давлатчиликнинг асоси бўлиши керак», деган шиор остида одамларнинг онги ва турмуш тарзидан миллий қадрият, урф-одатларни сиқиб чиқариш, шариат аҳкомларига кўр-кўрона риоя қилишга мажбурлаш, амал қилмаганларга нисбатан қаттиқ жазо қўллаш каби хатарли мақсадларни кўзлаб ҳаракат қилмоқдалар. Мутаассиблик кўринишларидан бўлган сохта салафийлик миллий маънавиятимиз, мустақиллигимизга реал таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Шундай экан, юртимиз тинчлиги, осойишталиги, равнақи ва фаровонлиги доимий ҳамда қатъий ҳаракатларни талаб этади.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда туман бош имом-хатиби
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси