Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

«ФИҚҲИ АКБАР» китоби

6.11.2019   4288   3 min.
«ФИҚҲИ АКБАР» китоби

(Давоми)

3-қисм

Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул­маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин, ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш – Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас.

Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур. Яна Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлган бўлмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур.

Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур.

Одам алайҳиссаломнинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, ўз тоатига буюрди, маъсиятидан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор этдилар. Бу уларнинг имони деб саналди. Бас, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келур. Шундан кейин ҳар ким куфрга кетган бўлса, демак, у мазкур имонни ўзгартирган бўлур. Ҳар ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у барқарор қолибдур ва давом этибдур. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмагай. Шунингдек, ҳеч кимни мўъмин ёки кофир қилиб яратмагай. Балки, инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир. Аллоҳ таоло куфрга кетган кишини ўша пайтнинг ўзида кофир деб билади. Қачонки у шундан кейин яна имон келтирса, ўша пайтнинг ўзида уни мўъмин деб билади ва дўст тутади. Лекин унинг илми ҳам, сифати ҳам ўзгармаган бўлур.

Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилса­да, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Иймоннинг боши

25.11.2024   2339   1 min.
Иймоннинг боши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».

«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.

Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.

Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Мақолалар