Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2026   |   21 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:43
Bismillah
06 Июл, 2026, 21 Муҳаррам, 1448

Раддия: Азонни овоз кучайтиргичда айтиш тўхтагани йўқ!

31.10.2019   7861   1 min.
Раддия: Азонни овоз кучайтиргичда айтиш тўхтагани йўқ!

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Мусулмонлар идораси тавсияси билан овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди”, деган сарлавҳа билан бошланган хабарда гўёки Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани иддао қилинган. Ушбу бўҳтон маълумот ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу воқеанинг келиб чиқиш сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Наманган вилояти вакиллиги мутахассислари билан боғланди. Ушбу вилоят вакиллиги масъул ходимлари ва мазкур ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон ҳамда асоссиз эканини қатъий таъкидладилар.

Аллоҳ таолонинг изни ила диёримиз масжидларида мўмин-мусулмонларни намозга чорловчи азон садолари бундан буён ҳам янграйверади. Бунинг исботи сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда мусулмонларимизни намозга чорлаётган, шу жумладан кучайтиричлар орқали айтилаётган азон садолари далил бўлади.

Шу ўринда айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда турли хил ёлғон ва бўҳтон хабарлар тарқатаётган кимсаларга Аллоҳдан қўрқинг деймиз. Ҳақ таоло мўмин-мусулмонларни “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида қуйидагича огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Демак, ҳар қандай хабарни ким етказганига жиддий эътибор қаратиш лозим. Таъкидлаш жоизки, азон масаласида сохта хабарларни тарқатаётган манбаларнинг мақсадлари юртимиз мусулмонлари орасида фитна уруғини сочишдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз масжидларида азон садолари бардавом бўлишини таъкидлаган ҳолда Ислом дини қадриятлари, уламолар ва Диний идора шаънига нисбатан айтилган ҳар қандай асоссиз гапларга нисбатан доимо муросасиз эканини маълум қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Саҳоба бўлолмаган тобеъин: Абдураҳмон ибн Усайла раҳимаҳуллоҳ

03.07.2026   12112   1 min.
Саҳоба бўлолмаган тобеъин: Абдураҳмон ибн Усайла раҳимаҳуллоҳ

Улуғ тобеъин Абдуллоҳ ибн Санобиҳий раҳимаҳуллоҳ (асл исмлари Абдураҳмон ибн Усайла)нинг ҳаёти бугунги кун кишиси учун – айниқса, вақтнинг қадри, гўзал хотима ва мақсад сари интилиш борасида улкан ибрат мактабидир.

Абдураҳмон ибн Усайла раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш, у зотдан бевосита ҳадис эшитиш иштиёқида Ямандан Мадинага қараб йўлга чиқади. Бироқ, Мадинага етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганлари ҳақида хабар топади. Набий алайҳиссалом беш кун олдин вафот этган эдилар. Абдураҳмон ибн Усайла пайғамбаримизни кўра олмай, саҳобалик шарафига 5 кун кечиккани сабабли эриша олмайди...


Бугунги кунда биз “эртага қиламан”, “кейинроқ бошлайман” деб йилларни бой беряпмиз. Смартфонлар ва ижтимоий тармоқлар ичида яшаётган ҳозирги авлод учун ушбу қисса – вақтни тўғри тақсимлаш ва хайрли ишларни кечиктирмаслик учун энг катта огоҳлантиришдир.
 

Маълумот ўрнида: Ямандан Мадинагача бўлган масофа (масалан, пойтахт Сано ёки жанубдаги Адан) йўналишга қараб тахминан 1100-1400 километрни ташкил қилади. Абдураҳмон ибн Усайла раҳимаҳуллоҳ яшаган асрда бу масофа пиёда ёки туяларда, cаҳронинг иссиқ ва хавфли йўллари орқали босиб ўтилган. Туялар карвони кунига ўртача 30-40 км йўл юрган. Демак, Ямандан Мадинага етиб бориш учун ўртача 35-45 кун (тахминан 1,5 ой) вақт талаб этилган.

 

Даврон НУРМУҲАММАД