Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Гўзал ахлоқ, чин инсонийликни умматларига таълим бериб, ўз шахсида намоён этган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Қадрли юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни улуғ айём – Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиул аввал – Мавлид ойи муносабати билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, бизни ушбу кунларга етказди. Бу ойда мўмин-мусулмонлар севикли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада кўпроқ танишга киришадилар, шу мақсадда мавлид маросимларини ўтказадилар, бу борада ёзилган асарларни ихлос билан ўқишни бошлайдилар. Мажлисларда хатми Қуръонлар қилиниб, Мавлид китобларидан байтлар ўқилиб, унинг маънолари халққа тушунтирилади.
Сўнгги йилларда Ислом динини равнақ топтириш, диний қадриятларни тарғиб этиш борасида мамлакатимизда жуда кўп ишлар қилинмоқда. Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби кабиларнинг ташкил этилгани ва янгидан-янги масжид-мадрасалар очилаётгани шу йўлдаги улкан қадамлар бўлди.
Жорий йилда азиз авлиё зот Сузук ота ҳамда марҳум ва мағфур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид-мажмуалар ҳамда бир қатор янги жомеларнинг қуриб битказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилиши халқимиз қалбига катта сурур бағишлади.
Бизлар шундай берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Бундай улуғ савобли ишларга бош бўлган муҳтарам Президентимиз ва бу ишларга самимий ёндошган мутасаддиларга мўмин-мусулмон халқимиз номидан чексиз миннатдорлик изҳор қиламиз.
Муҳтарам мўмин-мусулмонлар, Мавлид ойида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот ва саломлар йўллаш лозим. Набий алайҳиссаломга салавот айтишни Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз умматларга буюриб, шундай деган:
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (“Аҳзоб” сураси 56-оят).
“Умматим!” деб яшаган суюкли Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш жуда савобли амал ҳисобланиб, унга тарғиботлар бисёрдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
“Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража мартабаси кўтарилади” (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
“Ким менга эрталаб ўн марта, кечқурун ўн марта салавот айтса, Қиёмат куни мен уни шафоат қиламан” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг исботи сифатида доимо салавот айтиб юришга одатланишимиз жуда ҳам катта фазилатдир.
Ҳар биримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиб, барча иш ва амалимизда У Зотга эргашиш, хулқларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз керак.
Азиз ватандошлар, бу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавотлар айтиб, у зотнинг сийратларини мукаммал ўрганишликка Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб айласин.
Барчангизга Мавлиди шариф ойи муборак бўлсин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шу йил 4 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ҳилол-нашр” нашриётида диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон, Тошкент вилояти вакиллигида бош имом-хатиб вазифасида хизмат қилган, динимизнинг ривожига, Ватанимизнинг равнақига, масжидларимизнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшган етук дин пешвоси Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли (Турматов)нинг хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар билан бошланди.
Хотира тадбирини Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, забардаст олим Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлининг қилиб ўтган хизматларини ёш авлодга намуна ўлароқ танитиш, ўтганларини хотирлаш эзгу амаллардан эканини айтиб ўтди. Сўнгра устоз Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Раҳматли Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли Турматов 1976 йили Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида таваллуд топган. 2001 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳадини, 2003 йилда эса Тошкент давлат педагогика институтини битирган.
Хайруллоҳ домла меҳнат фаолиятини 1994 йилда Оҳангарон туманидаги “Чет Сув” жоме масжидида имом-хатибликдан бошлаб, ушбу масжидда 2003 йилга қадар хизмат қилган. Бир вақтнинг ўзида Оҳангарон туманидаги 20 мактабда ўқитувчилик ҳам қилган.
2003 йилдан 2014 йилгача Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жоме масжиди имом-хатиби ва Ангрен шаҳри бош имоми бўлиб ишлаган.
2014 йилдан то вафотларига қадар Тошкент вилояти бош имоми ҳамда “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида баракали фаолият кўрсатган.
Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳ 2020 йил COVID-19 вабосидан оғир хасталаниб, 16 сентябрда вафот этди.
Устоз Хайруллоҳ домла миллат ва маърифат фидоийси эди. У киши қисқа умрлари давомида барчамизга ибрат бўладиган амалларни қилиб, ўзларидан хайрли ишлар ва солиҳ фарзандлар қолдириб кетдилар.
Файзли тадбирга юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдлари, устоз Хайруллоҳ домланинг сафдошлари, жумладан, устоз Абдулҳаким қори Матқулов, Абдулмалик домла Маликов, Муҳаммад Шокир домла Турдибеков, Қудратуллоҳ домла Сидиқметов, Нурали домла Мавланов, Яҳёхон домла Бобохонов ва бошқа нотиқлар Хайруллоҳ домланинг ибратли ҳаёт йўллари ва юртимизда ислом маърифатини ёйиш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф қилиб, хотирладилар.
Хусусан, у зотнинг илмга, зикрга бўлган муҳаббатлари, азимат ва олий ҳимматликлари, шогирдлар тарбиясидаги заҳматлари, фидокорликлари, инсоний фазилатлари ва одоблари ёдга олинди.
Тадбир жараёнида устоз Хайруллоҳ домланинг “Ҳазратни хотирлаб” кўрсатуви учун берган суҳбатларидан парча, домланинг масжидларда қилган панд-насиҳатлари ҳамда “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида қилган суҳбатларидан видеолавҳа тақдим этилди.
Шунингдек, тадбир давомида устознинг фарзандлари, жумладан, Ангрен шаҳрининг бош имом-хатиби Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли, “Қорабоғ” жомеъ масжиди имом-хатиби, домланинг тоғалари Фахриддин домла Умиров ва бошқа қавм-қариндошлари, аҳллари домла ҳақларида ҳар бир шахс учун татигулик бўлган муҳим тавсияларни хотирладилар.
Дарҳақиқат, Хайруллоҳ домла Тошкент вилоятининг имом-хатиблари, имом ноиблари, жомеъ масжидлардаги ҳар бир масъул ходимларга ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли қавмларига эҳтироми баланд ва юксаклигини кўришимиз мумкин. У киши бутун фаолияти давомида юртимиздаги кўплаб жоме масжидларини обод ва кўркам қилиш, намозхонлар учун замонавий, қулай ибодат шароитларини яратиш йўлида тиним билмай меҳнат қилган эди.
Тадбир сўнггида Қуръони карим тиловат қилиниб, Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Тиловатни Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли ўқиди, дуони устоз Абдулҳаким қори Матқулов ҳазратлари қилиб берди.
Тадбирни Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди ҳамда барча иштирокчиларга эҳсон дастурхони ёзилди.
Аллоҳ таоло устоз Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлини Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати