Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш- мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган турли оқим-ҳаракатларга кўра айрим кишилар у диндан бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда иродасизликдир.
Илк ақидапараст оқимлар яъни “Хавориж” фирқаси ўз фаолиятини бошлаган даврнинг ўзидаёқ, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бошлиқ мусулмонлар томонидан уларга қарши ғоявий ва ҳарбий кураш олиб борилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу харвориж фирқаси вакиллари билан ақидавий масалаларда соатлаб суҳбатлашган. Аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўлининг ҳақлигини ва “Хавориж” фирқасининг ноҳақлигини ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаб берган. Натижада кўплаб адашганларнинг ҳидоят топишига эришилган. “Мотуридия” таълимоти асосчиси Абу мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг асарларида адашган диний оқимларнинг сохта даъволарига асосли раддиялар берганлар. Адашган оқимларга қарши ғоявий кураш бошқа мазҳаббошилар, буюк имомлар ва олимлар томонидан ҳар доим узлуксиз равишда олиб борилган ва бу ғоявий кураш ўз самарасини бериб, кўплаб инсонларнинг адашишининг олди олинган. Ҳозирги вақтда ҳам бу каби ғоявий курашни ва огоҳликни бир бир лаҳза қўлдан бой беришимиз мумкин эмас.
Адашган диний оқимларга қарши курашнинг барча даврларда олиб борилганининг аҳамиятли томони шундаки, бу оқимлар турли даврда турли сабабларга кўра келиб чиққан. Ва албатта, бу оқимларнинг даъват, чорловлари ҳамиша инсониятни ҳалокатга етаклаб, залолат сари етаклаган.
Диний оқимларнинг шаклланишида баъзан диний саводсизлик замин яратган бўлса, баъзи ҳолларда иқтисодий мақсадлар ётган. Баъзан ижтимоий сабаб оқимлар шаклланган бўлса, баъзида бошқа дин вакилларининг таъсири остида диний оқимлар шаклланган.
Айни пайтда шуни англашимиз лозимки, диний оқимлар деганда биз фақат Ислом динини ниқоб қилиб фаолият олиб бораётган экстремистик ва террористик оқимларни эмас, бошқа динлардан ажралиб чиққан ва фаол миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган секталарни ҳам тушунамиз. Чунки ушбу секталарнинг ҳам чорловлари инсоният бошига катта кулфатлар солмоқда. Яъни, оилада ота онага қарши чиқиш, уларга итоатсизлик, ҳатто ўз ота онасининг жонига қасд қилиш, бор будини сотиб оқим ривожи учун сарф қилиш, сиёсий тузумга қарши чиқиш, ўз яқинлари ва ватанидан воз кечиш, бошқалар фикрини умуман қабул қилмаслик ва бошқа ҳолатлар экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушганлар билан бир қаторда миссионер секта тарафдорларида ҳам кўринади.
Агар биз диний оқимлар ҳақида мукаммал тушунча ҳосил қилмасак, уларга қарши курашни бир лаҳза тўхтатиб, огоҳликни қўлдан берсак, нималарни ва кимларни йўқотишимизни тасаввур қила олмаймиз.
И.Жуманиязов
Урганч туман “Қорри бобо” масжиди имом-хатиби
Ҳар бир мамлакатнинг байроғи, герби ва мадҳияси унинг мустақиллиги ҳамда халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўрсатувчи муқаддас тимсоллардир. Шу маънода, бизнинг бош гербимиз ҳам халқимизнинг бой ўтмиши, меҳнатсеварлиги, тинчликсевар табиати ва ёруғ келажакка бўлган қатъий ишончини ўзида мужассам этган. Ушбу давлат рамзлари халқнинг ўтмиши, бугуни ва эртасини боғловчи маънавий кўприк ва куч бўлгани сабабли, уларнинг туб моҳиятини ёш авлодга чуқур тушунтириш ватанпарварлик тарбиясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, мустақил юртимизнинг рамзларидан бири тасдиқланган эди. Бу тарихий қадам миллий давлатчилик анъаналаримизни тиклаш ҳамда халқимизнинг олий орзу-истакларини қонуний мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди. Шу боис, ҳар йили 2 июль санаси юртимизда шунчаки тарихий кун сифатида эмас, балки миллий ғурур ва Ватанга бўлган чексиз садоқатни ҳис этиш байрами ўлароқ кенг нишонланади. Мазкур қутлуғ айём ҳар бир юртдошимизни давлат рамзларини қадрлашга ва жонажон Ўзбекистонимиз равнақи учун дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлайди.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мана шундай тарихий янгиланишлар даврида давлат рамзлари халқимизни умумий ва эзгу мақсадлар атрофида жипслаштирувчи асосий маънавий суянчга айланди. Мустақиллигимиз, бирлигимиз ва юрт тараққиётининг рамзи бўлган давлат герби қалбларимизда юксак фахр ва ифтихор туйғусини уйғотаверади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати