Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: ФИҚҲНИНГ ТАЪРИФИ

29.10.2019   4429   7 min.
Нурул изоҳ: ФИҚҲНИНГ ТАЪРИФИ

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيم

 

Сўзбоши

 

Бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Фақат Аллоҳ таоло ҳамду саноларга лойиқдир. Пайғамбарларнинг сўнггиси Ҳазрати Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг пок оилаларига, барча саҳобаларига саловот ва саломлар бўлсин.

Пок ва беҳожат Парвардигорга муҳтож, ҳанафий мазҳабига мансуб Абул-Ихлос Ҳасан ал-Вафоий Шурунбилолий айтади: баъзи дўстларим – Аллоҳ менга ва уларга лутфу карами билан муомала қилсин – мендан ибодатлар ҳақида хоссатан, фиқҳ илми билан янги шуғуллана бошлаганлар учун катта китобларда тарқоқ ҳолда берилган масалаларни содда, ихчам шаклда тўплаб бошланғич бир китоб ёзишимни сўрайдилар. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, савоб умидида мазкур талабларни қабул қилдим ва амалга оширдим. Ушбу китобга фақатгина танлаш ваколатига эга бўлган олимлар тўғри деб қатъий қарор қилган масалаларни жамладим. Узундан-узун, ортиқача тафсилотларга киришмадим. Бу китобни “Нурул изоҳ ва нажотул арвоқ” деб номладим. Парвардигоримдан бу китобни бандаларига фойдали қилишини ва бу фойда қиёматгача давомли бўлишини сўрайман.

 

Абул Ихлос Ҳасан

Ал-ВАФОИЙ ШУРУНБИЛОЛИЙ

 

* * *

Бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Ҳамду сано фақат Аллоҳ таолога махсусдир. Тақводорларнинг энг шарафлиси Ҳазрати Пайғамбаримизга ва у зотнинг оила аъзоларига, саҳобалари ҳамда қиёматгача у зотнинг йўлларидан борганларга саловот ва саломлар бўлсин.

“Нурул изоҳ ва нажотул арвоқ”, ибодатлар ҳақидаги узун китобларда берилган тарқоқ масалаларни фиқҳ илми билан янги шуғуллана бошлаганлар учун содда ва ихчам шаклда бир жойга тўплаган рисоладир. Бу ҳажми жиҳатидан кичик, аммо кўп тўғри ҳукмларни қамраб олган жуда фойдали китобдир.

Ушбу китоб жуда содда, очиқ жумлалар билан ёзилган, бўлса-да, янги бошловчиларга мақсад ва маъниларни тушунишни янада осонлаштирувчи изоҳ талаб қилинар эди.

Аллоҳ таоло мени ман шу мақсад ва эҳтиёжларга жавоб бера оладиган, жуда ҳам фойдали, ҳажми кичик бўлишига қарамай, қамраб олган масалалари жиҳатидан каттагина шарҳ ёзишга муваффақ қилди. Унга “Ал-Мифтоҳ шарҳу Нурул изоҳ” деб ном бердим. Китоб янада фойдали бўлсин деб унга ҳаж ва закот ҳақида ёзган “Маноҳатул фаттоҳ” номли рисоламни ҳам илова қилдим. Шу туфайли энди ўқувчилар ва илм талабида бўлганлар брача ибодатларга оид масалаларни бир муқова ичида топишлари мумкин. Парвардигордан ушбу китобни мўминларга фойдали қилишини сўрайманю у дуоларни қабул қилувчи ва умидларни рўёбга чиқарувчи Зотдир.

 

Абу Зайд ШИБЛИЙ


 

ФИҚҲНИНГ ТАЪРИФИ

"Фиқҳ" сўзининг луғавий маъноси «идрок этмоқ», «англамоқ», «тушуниб етмоқ»дир. Истилоҳда эса бу сўз, очиқ далиллар билан буюрилган амаллар, яъни бевосита эътиқодга тегишли бўлмаган намоз, рўза, закот каби масалаларга оид шаръий ҳукмларни ўрганиш илмини англатади.

*** Фойдалари:

— Аллоҳ таолонинг ризолигига мос амалларни тўғри адо этишни ўргатади;

— дунёда бахтли, саодатли бўлиш, жаҳолат жарлигидан билим чўққисига юксалиш йўлини кўрсатади;

— инсонларга фойдали ва зарарли бўлган нарсаларни баён қилиш имкониятини беради;

—  охиратда эса, дўзахдан сақланиб, жаннатдаги абадий неъматларга етишувимизга сабаб бўлади.

*** Шаръий ҳукмларнинг қисмлари ***

Шаръий ҳукмлар қуйидаги қисмларга ажратилган:

*** 1.Фарз ***

Фарз қатъий, очиқ шаръий далил билан бажарилиши амр этилган амалдир. Беш вақт намоз, рўза, закот каби.

Фарзнинг ҳукми

Фарзни инкор қилган киши кофир бўлади. Ишониб, амал қилмаган киши фосиқ бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан белгиланган жазога лойиқ бўлади.

Фарз ҳам икки қисмдир: фарзи айн ва фарзи кифоя.

а) Фарзи айн мукаллаф ҳар бир киши бажариши шарт бўлган фарздир. Беш вақт намоз, рўза, закот каби.

Мукаллаф ҳар бир киши бу амалларни шахсан ўзи бажа­риши зарур. Бир қисм одамларнинг фарзи айнни бажариши бошқалар зиммасидан бу масъулиятни соқит килмайди.

б) Фарзи кифоя баъзи мусулмонлар бажариши билан бошқалар зиммасидан тушадиган фарздир. Масалан, жаноза намозини ўқшп каби.

Фарзи кифояни ҳеч ким адо этмаса, барча гуноҳкор бўлади.

*** 2. Вожиб ***

Очиқ бўлмаган шаръий далиллар билан бажарилиши таъкидланган амал (Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари, намозда (зам сурадан аввал) Фотиҳа сурасини ўқиш каби).

Ҳукми

Бажарилиши лозим (вожиб) бўлиб, уни инкор этган киши кофир бўлмайди. Вожибни бажарган киши савоб олади. Тарк қилган киши эса, жазога лойиқ бўлади.

*** 3. Суннат ***

Суннат икки қисмга бўлинади:

а) Суннати муаккада: Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳар доим бажариб, жуда кам ҳолатларда тарк килган суннатларидир. Таҳоратда оғизни сув билан чайиш каби.

б) Суннати ғайри муаккада: Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, баъзан бажариб, баъзан тарк кил­ган суннатларидир.

Ҳукми

Суннит амални бажарган киши савобга эришади. Уни тарк қилиш кариҳ ва зарарлидир.

*** 4. Ҳаром ***

Қатьий, очиқ шаръий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал. Зино, ўғрилик қилмоқ каби.

Ҳукми

Ҳаром шипи қилган киши дўзах азобига гирифтор бўлади. Тарк қилган киши эса, Аллоҳнинг амрига итоат қилгани учун савобга эришади, ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.

*** 5. Кароҳати таҳримийа ***

Очиқ бўлмаган далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал. Бошқа кишининг савдо-сотиғига дахл қилиб, у олмоқчи бўлган молни олиш ёки бошқа киши совчи қўйган қиз ёки аёлнинг қўлини, у воз кечмасидан олдин сўраш каби.

Ҳукми

Буни қилган одам ҳаром ишни бажарган каби азобга дучор бўлади. Лекин инкор қилган киши кофир булмайди.

*** 6. Кароҳати танзиҳийа ***

Очиқ бўлмаган шаръий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амаллар.

Ҳукми

Бу амални бажарган кишига ҳеч қандай жазо ва дашном берилмайди. Лекин яхши ва фазилатли амалларнинг аксини қилган бўлади.

*** 7. Мубоҳ ***

Қилиш ёки қилмасликда инсонлар эркин бўлган амал.

Ҳукми

Бажарилган пайтда савоб ҳам, тарк этилган пайтда жазо ҳам берилмайди.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ТАҲОРАТ  КИТОБИ:

Сувларнинг турлари;

Сув табиий ҳолатининг ўзгариш меъёри қандай?

Сурнинг (ичилган сувдан қолгани) ҳукмлари;

Идишлар ва кийимларнинг тозасини танлаш;

Қудуқлар ва уларни тозалаш;

Истинжо;

Истинжонинг ҳукми;

Истинжо қилиш тартиби;

Истинжода қўллаш макруҳ бўлган нарсалар;

Ҳожатхона одоби;

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   628   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан