Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

22.10.2019   4668   6 min.
Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

Бағрикенглик тушунчасини ифодалашда адолат ва бардош, эътиқодлилик каби муҳим ва асосий сифатларга тўхталиб ўтиш зарур. Шу билан бирга баъзи кишилар томонидан қўлланиб келаётган бағрикенглик ҳақидаги бир ёқлама тушунчани ҳам муолажа қилиш лозим. Чунки бағрикенглик фақат бардош яъни бошқа дин вакиллари томонидан  амалга оширилаётган ҳар қандай ишга сабр қилиб тоқатни маҳкам этиш деб, баҳолаб ҳам, таърифлаб ҳам бўлмайди. Бағрикенгликнинг асоси адолат. Шу маънода бағрикенглик тушунчасига қўйидагича таъриф бериш мумкин: Бағрикенглик деб, жамиятдаги қонун – қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин,  миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида ҳам бирдек адолат билан қўллаш, бағрикенглик ва бардош жиҳатдан ушбуни қўшиш мумкин: уларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига чиройли муносабатда бўлиб, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.

Ана энди ўзимиз келтирган таъриф асосида бағрикенглик аввало шахсга кейин эса жамиятга ва бутун давлатга келтирадиган фойдалари ва мамлакат тараққиёти йўлидаги манфаатларида ўзига хос алоқалари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Адолат деган тушунчани ривожлантириш ва жамият  орасида уни татбиқ қилиш борасида Аллоҳ Қуръони Каримда кўп оятлар нозил қилган. Улардан бири:

 “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида хукм қилсангиз, адолат или хукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”. (Нисо сўраси 58-ояти карима.)

Кўриб турганингиздек Аллоҳ одамлар орасида қандай дин ёки миллат соҳиби бўлса ҳам адолат билан ҳукм килишни  ва уни бош мезон этиб олишни буюрмоқда.

Адолатли жамиятларда ривожланиш энг юқори чўққига чиқиб олишига тарихдан ҳам кўплаб гувоҳлар келтиришимиз мумкин. Келинг, “Тарих китоби”ни варақлашда биринчи бўлиб ҳурмат ва одоб юзасидан Аллоҳнинг ҳабиби, инсоният муаллими Муҳаммад алайҳиссаломнинг  ибрат ва ҳикмат чироқлари билан ёритилган ҳаётларига назар ташлаймиз. Чунки Ислом-бу адолат дини. Исломга эргашганлар хам адолат ва ҳақиқат умматларидир. Бунинг барига эса расулуллоҳнинг мана бу  биргина ишлари улкан намуна бўла олади.

“У зот Бадр куни саҳобаларининг сафларини қўлларидаги кичик таёқ билан тўғирлаб борардилар, шунда Адий ибн Нажжор жамоасининг шериги Савод ибн Узайянинг ёнларидан ўтаётиб, у сафдан чиқиб турганини кўргач, тўғри тургин эй Савод!, дея қўлларидаги таёқча билан тегиб қўйдилар. Шунда у: “Расуллуллоҳ, оғритдингиз, Аллоҳ сизни адолат ила юборган, мен ҳам энди сиздан ўч олайин”, деди.  Расуллуллоҳ: “Майли, олақол!”, дедилар. Савод бўлса: “Менга таёқни теккизганингизда куйлагим йўқ эди, деганди, Аллоҳнинг пайғамбари қоринларини очиб бердилар-да, мана ўчингни олгин!, дедилар. У бўлса у зотнинг қоринларини маҳкам қучиб, ўпиб олди ...

Мана сизга Исломнинг ўрнатган адолати-ю, унинг чексиз фойдаларидан бир кўриниш. Бошқа подшоҳлик ва амирликлар тарихида адолатни кўрмоқчи бўлсангиз Жаҳонгирмирзо, Амир Темур ҳазратларининг тузган салтанатларига бир назар ташаб қўйинг!

Бағрикенгликнинг таърифимиздаги иккинчи асоси бардошлилик ҳақида ҳам кўплаб гапириш мумкин. Аммо... Бардошлилик – яхши хислат ва фазилатлардан саналади. Шундай экан бардошли киши барча жамият аъзолари томонидан севилади. Чунки бундай инсон жиззаки бўлмайди. Ичи бировнинг сирлари билан тўлиб кетса ҳам, уни ошкор қилмайди. Қалбида ғазаб ёки нафратни кўтариб юрмайди. Шундай бўлганидан кейин у жамият манфаатлари ва тараққиёти йўлида муҳаббат билан ҳаракат қилади. Натижада ташқи таъсирларга ҳам ўзига хос муносабат билдира олади. Ҳозирги  кунда авж олган “Халифалик тузиш”, “Ислом давлати”ни барпо қилиш ғоясининг вакилларида айни шу жамият ва давлатга нисбатан нафрат ва ғазаб бор. Демак, бағрикенгликнинг бир қисми бўлган “бардошлилик” жамият аъзоларини бундай ғояларга ўралашиб қолиб, давлат ривожланишига улкан зарар келтиришдан сақлайди.

Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакилларининг орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса “давлат цивилизация” си учун муҳим ўрин тутади.

Чунки ривожланиш учун ҳамма бирдек ҳаракат килиши лозим. Агар жамиятдаги кишилар бир – бирини дини, миллати сабабли ажратиб бир ёқадан бош чиқармаса, кутилган ривожланишни “ТУШ” да кўриш мумкин,  холос.

Бағрикенглик орқали жамият аъзолари содда тил билан айтганда халқ орасида психологик барқарорлик ҳамда хавфсизликни пайдо бўлишида “Подшоҳнинг тожи” (чунки тожсиз подшоҳни тасаввур қилиш қийин)каби вазифани ўтайди.

“Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бағрикенглик орқали инсоннинг иммунетити мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга депрессион ҳолатлар содир бўлиши кузатилмайди”, дейилади АҚШда чоп этилган журналларнинг бирида.

Хулоса шуки, бугунги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқимизнинг тарихий-маданий тажрибаси маҳсули сифатида Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.

Тухтаев Илҳомжон

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти 3  курс талабаси

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   15189   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари