Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Кофир дейишдан қаттиқ эҳтиёт бўлинг!

22.10.2019   6498   5 min.
Кофир дейишдан қаттиқ эҳтиёт бўлинг!

Бугунги кунда, интернет, янада аниқроғи ижтимоий тармоқлар кўплаб инсонларнинг ҳаёт майдонига айланиб қолди. Афсуски, улар бу ҳаётнинг нореал эканлигини англаб етишмаяпти. Ачинарлиси, мана шу соҳта ҳаётларида, ўзлари мутлақо илмга эга бўлмасдан, нодонларча у ер, бу ердан эшитган гапларига асосан ахмоқликка қўл уриб, мусумлмонларни, бўлганда ҳам Ислом уламоларини куфрда айблашиб, қаттиқ гуноҳга ботишмоқда. Хўш, динимиз шариатига кўра бир инсонни куфрда айблаб, уни кофир дейишнинг ҳукми қандай?   

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳнинг ягоналиги, Пайғамбар алайҳиссалом Унинг элчиси эканига иймон келтирган, ислом динига эътиқод қиладиган ҳар қандай киши мўмин ҳисобланади. Ҳеч кимга инсоннинг иймонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки иймон қалбда бўлади. Қалб эса фақат Аллоҳнинг ҳукмидадир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Ўз Каломи Қуръони каримида шундай марҳамат қилади:

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси, 103оят).

Бу ояти карима амалан мусулмонларни турли бузғунчи оқимлар ва фитначи ихтилофлар таъсиридан эҳтиёт бўлган ҳолда уларни огоҳ бўлишга чорлайди. Зеро, ўзаро ихтилофлар, ислом дини ва муслумонларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш ортида фақат ва фақат ёвуз кучларнинг манфаатлари ётганини барчаларимиз, зинҳор унутмаслигимиз керак. Исломдан озгина хабари бор ҳар қандай инсон “кофир” сўзини айтишдан ўзини тияди. Чунки бир инсонни ёҳуд бир диёрда яшайдиган кишиларни ёппасига кофирга чиқариш ҳамда бутун бошли мамлакатларни куфр диёри дейиш ўта нодонлик бўлиб, бундай сўзларни фақат гумроҳ, илмсиз, жоҳил кишигина айтиши мумкин. Ҳадиси шарифлардан бирида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳаммани ёмон деса, ўзи ёмон” деганлар.

Ислом дини кўрсатмаларида бир инсонни кофир дейишга шошилмаслик, унга қилаётган иши нотўғри эканини ётиғи билан тушунтириш лозимлиги таъкидланади.

Уламолар  мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидагича иттифоқ қилишиб жавоб берганлар: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга ҳамма мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши керак”.

Динимиз таълимотига кўра, ширкдан ташқари ҳар қандай гуноҳ қилган инсон токи ўша гуноҳини ҳалол деб ҳисобламас экан, кофир бўлмайди.

Мусулмон кишини кофирга чиқариш мумкин эмаслиги борасида Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Уч нарса иймоннинг аслидир:

  1. Лаа илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!)” деган кимсага тегмаслик;
  2. Гуноҳи боис уни куфрда айбламаслик;
  3. Амали учун уни Исломдан чиқармаслик лозим. 

Бошқа бир ривоятда эса: “Кимда-ким ўз биродарини “кофир” деса, агар ўша инсонда шу нарса топилмаса, унинг ўзи шундай бўлибди”, деб таъкидланган. Шунингдек, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишининг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Ислом амалларини қилаётганлар билан яхши муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, мусулмон бўлган одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осийдир.

Яна бир ҳадиси шарифда келтирилишича, Усома ибн Зайд “розияллоҳу анҳу” “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган бир одамни ўлдириб қўяди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деса ҳам ўлдирдингми?” деб сўрайдилар. Усома: “У қўрққанидан, хавфсираб айтди”, дейди. Шунда У зот алайҳиссалом: “Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?” деб, қаттиқ танбеҳ берадилар.

Демак, турли ҳил интернет тармоқлари ва гуруҳларда эрталабдан кечгача вақтини бекор ўтказиб, одамларни кофирликда айблаб фитна, тухмат ва бўҳтон қилаётган кимсалар аввало, Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилишлари лозим. Қолаверса, бундай ишларни бас қилиши ўзи ва атрофидагилар учун улкан фойдадир. Йўқса, юқоридаги ҳадисда таъкидланганидек ўзлари куфрга кетиб қолишлари ҳеч каб эмас.

Зеро, улуғларимиз айтганларидек:

“Дунёда ҳеч бир амал ҳисобсиз қолмайди. Аллоҳ ҳар бир амалингизни заррасигача ҳисобини қилгувчи Зотдир. Яхши бўлса мукоффотини, ёмон бўлса ЖАЗОСИНИ оласиз”!

 

Саййидаброр Умаров тайёрлади

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ота-она билан муомаладаги 35 одоб

24.12.2024   1684   2 min.
Ота-она билан муомаладаги 35 одоб

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Уларнинг ҳузурида телефонни ўчириш.
2. Сўзларига диққат билан қулоқ солиш.
3. Уларнинг фикрини қабул қилиш.
4. Суҳбатларига қизиқиш билан муносабатда бўлиш.
5. Уларнинг юзига камтарона ва эъзоз билан боқиш.
6. Уларга доимо мақтов ва илиқ гаплар айтиш.
7. Қувончли янгиликларни улар билан баҳам кўриш.
8. Салбий хабарларни айтмаслик.
9. Уларнинг яқин дўстларини мақташ ва ҳурмат қилиш.
10. Улар бажарган ишларини доимо эсга олиб, мақташ.
11. Бир гапни қайта-қайта гапирсалар ҳам диққат билан эшитиш.
12. Уларга оғир бўлган ўтмиш воқеаларини эсга солмаслик.
13. Кераксиз гапларни гапиришдан ўзини тийиш.
14. Улар билан камтарона ҳолда ўтириш.
15. Уларнинг фикрига беписанлик билан қарамаслик ёки инкор этмаслик.
16. Сўзларини бўлмаслик, уларни эркин гапиришига имкон бериш.
17. Уларнинг ёшини ҳурмат қилиш ва неваралар билан безовта қилмаслик.
18. Невараларни уларнинг олдида тергамаслик.
19. Улар берган насиҳат ва кўрсатмаларни қабул қилиш.
20. Улар ҳузурида уларни асосий шахс деб билиш.
21. Уларнинг олдида овозни кўтармаслик.
22. Уларнинг олдида ёки улардан аввал юрмаслик.
23. Улардан аввал овқат емаслик.
24. Уларнинг юзига тик қарамаслик.
25. Уларнинг қадрига етиб, улардан фахрланиш.
26. Уларнинг олдида оёқларни узатмаслик ёки орқа ўгирмаслик.
27. Уларни ҳақорат қилиб, уларга маломат келтирмаслик.
28. Уларнинг ҳаққига ҳар доим дуо қилиш.
29. Уларнинг ҳузурида чарчаганликни ёки дилхираликни намойиш қилмаслик.
30. Улар хатога йўл қўйган бўлса, уларни кулгига олмаслик.
31. Улар сўрамасдан олдин уларга хизмат қилиш.
32. Улардан хафа бўлмаслик ва уларни мунтазам равишда зиёрат қилиш.
33. Уларнинг олдида гўзал ва хушмуомала сўзларни танлаб гапириш.
34. Улар яхши кўрган исмлар билан чақириш.
35. Уларни ҳамма нарсадан ва барча инсонлардан устун қўйиш.

Ота-она – ер устидаги хазинаки, ер остига кўчишга яқин қолган. Аллоҳим, уларнинг умрини соғлиқ ва ибодатда узун қил!
Омин, ё Роббим!

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ