Ҳозирги ахборот глобаллашув даврида кечаётган жараёнлар бизни доим огоҳ бўлишга, соф динимиз, миллий қадриятларимизни сақлашга, уларни соҳта талқинлардан фарқлашга ва соф динимизни бузғунчи ва мутаносиб кимсаларни фитналаридан химоя қилишга ундайди.
Баъзи мутаносиб, бузғунчи кимсалар дин номидан гапириб соф эътиқодимиз ва қадриятимизни қоралашга зўр бермоқда. Шу боис баъзи бир кимсалар уларнинг алдовларига ишониб, дин тўғрисида нотўғри фикрга бориб, уларга эргашиб кетаётганлар ҳам учраб турибди.
Ҳар бир имом хатиб, ҳар бир зиёли инсон ғаламис кимсаларни бундай хатти-ҳаракатларига бефарқ қараб турмаслиги керак. Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка чақиради. Бировга озор беришдан, зулмдан қайтаради. Нафақат инсон хатто атрофимиздаги олам ва унда яшаб турган махлуқотларга хам яхши муносабатда бўлишга чақиради. Қалбида иймони бор инсон хеч кимга ёмонлик истамайди. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам): — “Бировлар унинг қўлидан ва тилидан озор топмайдиган киши чин мусулмондир” — деганлар. Бугун атрофимизда бўлаётган ҳар бир воқеа ходисани ақл билан баҳолаб, сўнг ҳулоса чиқармоғимиз даркор. Оқни қорадан, яҳшини ёмондан ажрата билишимиз керак. Аллоҳ таъоло фитна ҳақида шундай амр қилган — “Сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланингиз ва билиб қўйингизки Аллоҳ жазоси қаттиқдир” (Анфол 25). “Фитна эса қоттилликдан ҳам ашаддийроқдир” (Бақара 191).
Али Сабурий: “Мусулмонни динида фитнага солиш тинчини бузиш Аллоҳ наздида қотилликдан қаттиқроқдир“ деганлар. (Тавсир ал-вазиҳ ал-муяссар). Демак фитналар тўзғиб турган пайтда мусулмон киши амал килиши лозим бўлган ислом одоблари қуйидагилар:
— Қуръон ва суннатга эргашиш, иккисини маҳкам ушлаш;
— Аллоҳ таъолодан фитна ва унга яқинлаштирадиган ҳар бир нарсадан узоқлаштиришни, фирқачилик, ихтилоф, енгилтаклик, дин ақидасига хилоф иш ёки бузуқ таълимотлардан сақланмоқликни сўраб дуо қилиш;
— уламолар этагини ушлаб, уларнинг илмларидан манфаат олиб, ўтган солиҳ кишиларни йўлларини тутиш;
— юмшоқлик, шошмаслик, камтарин ва ҳалим бўлиш, ғазаб ва шошқалоқликдан узоқлашиш;
— зеро Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган “(Эй инсон) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) маъсул бўлур” (Исро 36).
Абу Ҳурайра раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда:
— “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда ўтирган киши тургандан, турган киши юргандан, юрган киши унга қараб югиргандан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб унга интилса (фитна) уни ўзига тортиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутиладиган жой топса, ўша ерда панох топсин. (фитнага аралашмасин)”
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Андижон вилояти Булоқбоши тумани
Ширмонбулок жоъме масжиди имоми Д. Мирзакаримов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.