Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Эътиқод дурдоналари: КИРИШ АҚОИД ИЛМИ ҲАҚИДА ТАСАВВУР

20.10.2019   4575   9 min.
Эътиқод  дурдоналари: КИРИШ АҚОИД ИЛМИ ҲАҚИДА ТАСАВВУР

КИРИШ

АҚОИД ИЛМИ ҲАҚИДА ТАСАВВУР

Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига саловот ва саломлар бўлсин.

Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани “фақат Мени танишлари учунгина яратдим” маъносини англатади, дея тафсир қилган.

Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида баён қилиниши боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. Ушбу асл илмни ўрганиш ва унда баён қилинганларга эътиқод қилиш хайр-барака бўлса, ундан узоқ бўлиш ё ўз-ўзини қийнаб беҳуда чиранишга, ё нотўғри эътиқод қилиб дунё-ю охиратини бой беришга олиб боради. Чунки эътиқоди нотўғри кишининг ибодатлари қабул бўлмайди. Соф эътиқоддаги кишининг эса қилган озгина амали ҳам баракали бўлади, яъни, Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди баракотидан кўплаб мукофотлар ато этади. Шунинг учун аввало диннинг асли ҳисобланган ақоид илмини ўрганиш муҳим ҳисобланади.

 

Ақоид илмининг луғавий ва

истилоҳий маънолари

Ақоид сўзи луғатда “ишониб боғланган нарсалар” маъносини англатади. Бу сўздан ҳар бир ақли расо ва балоғатга етган банданинг қалбини унга мустаҳкам боғлаши лозим бўлган шаръий эътиқодий ҳукмлар кўзда тутилган. Шаръий ҳукмлар икки турга бўлинади:

1. Эътиқодий ҳукмлар;

2. Амалий ҳукмлар.

Эътиқодий ҳукмлар деганда фақатгина қатъий ишонишга тааллуқли бўладиган шаръий ҳукмлар тушунилади.

Амалий ҳукмлар деганда қатъий ишончдан келиб чиқиб бажариладиган амалларнинг адо этилишига тааллуқли бўладиган шаръий ҳукмлар тушунилади.

Истилоҳда эса ақоид илмига қуйидагича таъриф берилган:

دِرَاسَةُ الْأَحْكَامِ الْإِعْتِقَادِيَّةِ فِي الشَّرِيعَةِ الْإسْلَامِيَّةِ

Ислом шариатидаги эътиқодий ҳукмларни ўрганиш – ақоид илми дейилади.

 

Ақоид илмининг мақсадлари

Ақоид илмини ўрганишдан қуйидаги мақсадлар кўзланади:

Қатъий далиллар билан диний эътиқодларни мустаҳкамлаш ва улардан шубҳаларни рад қилиш;

Бошқаларга тақлид қилиб юришдан аниқ ишонч даражасига кўтарилиш;

Дунё ва охират саодатини ҳосил қилиш.

 

Эътиқодий ҳукмлар Ислом дини моҳиятидир

Ақоид илмининг аҳамияти ҳақида гапирилганда аввало, муқаддас динимизнинг асоси унинг ақоиди экани таъкидланади. Ислом ақоидининг ўзаги эса Аллоҳ таолонинг борлигига ва Унинг бирлигига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши Ислом шариати ҳукмларини эътиқодига кўра ҳаётга татбиқ қилади. Шу маънода Ислом динининг моҳияти уч қисмдан ташкил топади:

Ислом дини моҳияти:

Эътиқодий ҳукмлар; Амалий ҳукмлар; Гўзал хулқлар.

 

Эътиқодий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ишониши, қалбини уларга мустаҳкам боғлаши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.

Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва қайта тирилишга иймон келтириш Ислом ақоидининг асослари ҳисобланади.

Амалий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб бажариши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Эътиқодий ҳукмларда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, амалий ҳукмларда инсонннинг жамият вакиллари билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси эътиқодий ҳукмлар асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларни ўрганмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.

Амалий ҳукмлар умумий икки қимга: “Ибодатлар” ва “муомалалар”га бўлинади. “Ибодатлар” қисмида мусулмон кишининг Аллоҳга севимли банда бўлишга уриниб бажарадиган амаллари баён қилинади. Бу амаллар унинг Аллоҳга бўлган иймонида содиқ эканига белги ҳисобланади. “Муомалалар” қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади. 

 

 

 

 

МУНДАРИЖА

Кириш

Ақоид илми ҳақида тасаввур

Тавҳид баёни

Аллоҳ таолога иймон келтириш баёни

Борлиқнинг тадбирини қилиб турувчи Зот

Қазою қадарга иймон келтириш баёни

Аллоҳ таолонинг сифатлари баёни

Зотий ва феълий сифатлар баёни

Аллоҳ таолони “шай” дейиш мумкинлиги баёни

Исм эгасига далолат қилиши баёни

У зот Ўзи ва Расули баён қилганидекдир

Бўлинмайдиган жузнинг ақлан мумкинлиги баёни

Қуръони каримга иймон келтириш баёни

Аршга истиво ҳақида

Аллоҳ бетимсол зотдир

Яхшига мукофот, ёмонга жазо берувчи

Мутлақ эҳтиёжсиз Зот

Улуғлик ва олийлик эгаси

Қайта тирилишга иймон келтириш

Энг сўнгги манзиллар

Жаннат ва дўзахнинг абадийлиги баёни

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш баёни

Жаннатдаги энг олий неъмат

Аллоҳ адолатли ва раҳматли Зотдир

Пайғамбарлар ва Фаришталарга иймон келтириш баёни

Хотамул анбиё ҳақида эътиқодимиз

Хотамул анбиёнинг сифатлари

Сўнгги мукаммал шариат

Исро ва Меърож баёни

Шафоат тушунчаси баёни

Пайғамбарларнинг маъсумликлари баёни

Пайғамбарларнинг сифатлари баёни

Зулқарнайн ва Луқмон ҳақида

Қиёматнинг катта аломатлари баёни

Валийлар ва уларнинг кароматлари баёни

Валийлар Пайғамбарларнинг умматларидир

Валийлар султони ҳақида

Тили ва қалбига ҳақ жорий бўлган инсон

Фаришталар ҳаё қилган инсон

Ҳавас қилинадиган инсон

Сиддиқа ва Заҳро розияллоҳу анҳумо фазилатлари

Язид ибн Муовия ҳақидаги баҳслар

Муқаллид иймонининг эътиборли экани

Ақли бор кишининг Аллоҳни таниши лозимлиги

Жон чиқар вақтда келтирилган иймон баёни

Амал ва иймон баёни

Гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилмаслик баёни

Диндан чиқишни ният қилган кимса баёни

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

Мастнинг гапи ҳақида

Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни

Таквийн сифати ҳақида эътиқодимиз

Ризқ тушунчаси ҳақида эътиқодимиз

Қабр имтиҳони ҳақида эътиқодимиз

Қабр азоби ҳақлиги баёни

Жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши баёни

Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни

Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

Амалларнинг ўлчаниши ва Сирот ҳақидаги эътиқодимиз

Дуоларнинг таъсирлари баёни

Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни

Мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги баёни

Гўзал назмий баён

Хушхабардек қалбга тасалли берувчи назм

Ақида билмаган шайтона элдир

Дуо қилиш одоблари баёни

Васила қилиш баёни

Хотима

“Бадъул амолий” матни ва назмий баёни

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

 

 

 

 

М а с ъ у л м у ҳ а р р и р:

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

Т а қ р и з ч и л а р:

Шайх Абдулазиз Мансур,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ҳайдархон Юлдашходжаев,

Тарих фанлари номзоди

 

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

А – 13 Эътиқод дурдоналари. Масъул муҳаррир / Жалолиддин Ҳамроқулов. – Е.: “Sharq” , 2016. – 480 б.

 

“Эътиқод дурдоналари” китоби диёримиздаги ўрта махсус ислом билим юртларида “Ақоид” фанидан сабоқ берилаётган “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, дастлаб 2012 йилда нашр қилинган эди. Китобнинг ушбу қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашрида ўқувчиларга янада фойдалироқ бўлиши учун матнларнинг маънолар таржимаси ва луғавий изоҳлари ҳамда айрим долзарб эътиқодий масалалар батафсил баён қилинган.

Ушбу китоб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 27.06.2015 йилдаги 11 сонли илмий кенгашида нашрга тавсия этилган.

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4953-рақамли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3128   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар