Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар.
Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг мақсади кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепсиясидир. Бунда фуқаролардан давлат ва жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишлари талаб этилади. Бунинг учун халқни бир мақсад йўлида, эзгуликлар сари сафарбар этиш, инсонлардаги лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш лозим бўлади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир. Бу иллатнинг жамият учун қанчалик зарарли эканини инобатга олиб машҳур шахсларнинг қуйидаги фикрларини келтирамиз:
Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.
Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, - деб таъкидлайди.
Немис ёзувчиси Георг Лихтенберг айтади: “Қаердаки лоқайдлик – у ерда хато, қаердаки совуққонлик – у ерда жиноят”.
Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги мисралари ҳам кишини хушёр бўлишга чорлайди: “Ҳар бир ишда ҳам ғофиллик қилма, ҳушёр бўл, ғофилларнинг ишлари ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмайди”.
Баҳоуддин Нақшбанд эса адашаётган кишиларга тўғри йўлни кўрсатишга чорлайди:
Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,
Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.
Ҳозирги кунда халқимиз орасида ҳам лоқайдлик ва бепарволик иллатлари учрайди. Аммо ҳеч ким ўз шахсий манфаатлари учун лоқайд эмас.
Хулоса шуки, янги даврда янги жамият қураётган эканмиз, нотўғри ақида ва ғоялардан, зарарли иллатлардан воз кечишимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур. Абдулла Авлоний айтганидек, “Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”.
Мавзуга доир мутафаккирларнинг сўзлари:
Ғофил одам кўз юмиб ғафлат уйқусига ботади, эй иродали мард, ғофил бўлма, ҳушёр бўл.
ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
Кимдир бошқаларга тилар омонлик,
Кимдир соғинади фақат ёмонлик.
Бир қарасанг ўхшаш рангу рўйлари,
Бироқ тамом бошқа фикру ўйлари.
Сиртдагисин кўриб турибсан ҳар он,
Ичдаги оламдан огоҳ бўл, инсон!
АБДУЛЛА ОРИПОВ
Элигнинг[1] ҳушёрлиги элга фойда келтирди, шулар туфайли элда тинчлик ва тотувлик қарор топди.
ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
Ғофиллик давлатни қўлдан кетказар.
НИЗОМУЛМУЛК
Ҳар киши нокас билан ҳамкосадир,
Минг шарофатни касофат босадир.
МАШРАБ
Амирнинг ғофиллиги, вазирнинг хиёнати подшоҳликни йўқ қилар.
НИЗОМУЛМУЛК
Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таьзияли жойни эшитсанг, дарҳол у ерга бор, агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут (ўзинг биласан).
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
Эрурсен шоҳ – агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен – шоҳсен сен.
АЛИШЕР НАВОИЙ
Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар.
АБДУЛЛА АВЛОНИЙ
Ғафлат аро хуш кўрибон хуш дема,
Вақиф[2] ўлиб, сўнгра пушаймон ема.
АЛИШЕР НАВОИЙ
Белни боғла, даврингни сур,
Дўсту, душманни синаб юр,
Ёмон сўздан қулоқни бур,
Сен ғафлатда қолма, болам.
Молим йўқ деб, қийнама жон,
Давлат топилур ҳар қачон,
Душманингга берма омон,
Ҳар чоқ ҳушёр бўлгин, болам.
БЕРДАҚ
Огоҳ кишини эҳтиёткорликнинг оқибати билан таништиргин. Ҳидоятга бошловчиларни эслатиш орқали уни мулоҳаза юритишга кўндириб, олижаноб ишларни қилишга чақир.
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
Ғолиб душмандин ҳардам ғофил қолма,
Ўчиролмас исён ўтин ўз ҳарамингга солма.
АЛИШЕР НАВОИЙ
Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
Ҳушёрликсиз бирор нафас ҳам олмаган,
Назари қадамидан ўзга ерда бўлмаган.
АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Худо кўрсатмасин, агар сени қайғу-ҳасратларнинг кучли еллари ўраб олса, унда дод-фарёду фиғонларинг фойда бермас.
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
Дўстлар фикридин ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва шу иш надоматдин ўзга натижа бермас.
АЛИШЕР НАВОИЙ
Огоҳ бўлингизки, карим ва ҳурматли, вафодор одамни йўқотиш эр кишига вафотдан кўра ҳам оғирроқдир.
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
Одамни ғафлат уйқусига ботирувчи ғофилликдир, ғафлат уйқусига ғарқ бўлган одам жами ишларини ташлаб қўяди.
ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
Ғофил бўлмагинки, ғофиллик зулматнинг моясидир,
Дўст ёри билан бўл, қалбингни нурли қилади.
АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Ғофил одамнинг ҳаёти – уйқу бирла хомхаёл,
Хайфдир жоҳил билан суҳбатда ўтган дамларинг.
ЗЕБУННИСО
Қашшоқлиқ, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади: уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гaп шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай табиий, ўлимдек ҳақ деб билишар экан.
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсу ислом билим юрти 3-курс талабаси Ҳайдаров Иброҳим тайёрлади.
[1] Халқ
[2] Воқиф
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати