“Минор” масжиди ўзининг бетакрор меъморий услуби, маҳобати билан алоҳида ажралиб туради. Ўзига ҳос кўриниши ва кўкка бўй чўзган миноралари билан аллақачон одамлар тилига тушган ушбу масжиднинг қурилиш ишлари 2013-йил ёз ойларида бошланган эди. 2014-йилнинг 1-октябрида Қурбон ҳайити байрамида очилган. Анхор бўйида бунёд этилган иншоот нафақат юртимизда балки дунёда ҳам кенг эътироф этилган. Масалан Франсиянинг Париж шаҳрида дунёдаги масжидлар архитектураси бо`йича йирик лойиҳа – Абдуллатиф ал-Фавзан мукофоти ҳакамлари томонидан ҳам масжиднинг ўзига ҳос услуби, бетакрор безаклари алохида эътироф этилган. Масжид биноси анʼанавий шарқ ва оʻзбек услубида қурилган боʻлиб, икки минораси ва кенг гумбазга эга. Масжиднинг ичи эса нақшлар билан безатилган. Кенг ва улкан ойналар бино ичини янада ёрқин бўлишини таъминлайди. Унинг пойгумбазида ҳам ойналар мавжуд. Гумбаз ичидаги улкан нақшинкор безаклар хар қандай ташриф буюрувчининг эътиборини тортмай қўймайди. Масжид 2400 дан ортиқ намозхонлар учун моʻлжалланган. “Минор” масжиди Тошкентда ва бутун Оʻзбекистон боʻйлаб энг йирик мусулмон диний марказларидан бирига айланди. Масжидга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Бугунги кунда Минор масжиди азим пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.



Шаҳзод Шомансуров тайёрлади
7 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тизимдаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари жамоалари иштирокида кенгайтирилган масофавий йиғилиш бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, муфтий ўринбосарлари, тегишли бўлимлар бошлиқлари, ҳудудий бош имом-хатиблар, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилар қатнашди.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор, устоз-мураббийларни қўллаб-қувватлаш, соҳада кечаётган ижобий ўзгаришлар ва салмоқли натижаларга тўхталдилар. Жумладан, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, педагогларга яратилаётган шароитлар туфайли тизимнинг илмий салоҳияти муттасил ошиб бораётгани, ўқитувчиларнинг хорижий олийгоҳларда тажриба орттириш амалиёти йўлга қўйилгани ҳамда соҳа ривожига катта миқдорда маблағлар йўналтирилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, жорий ўқув йилида таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Диний таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг ижроси қатъий назоратга олингани айтиб ўтилди.
Хусусан, тизимда “Сифат индекси”ни амалиётга татбиқ этиш, ҳар йили барча таълим даргоҳларидан педагогларни хорижга малака оширишга юбориш, 5 йиллик илмий ривожланиш дастурини ишлаб чиқиш, илғор тажрибаларни республика миқёсида оммалаштириш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш вазифалари юклатилди.
Йиғилиш давомида фаолиятда учраётган айрим камчиликлар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан профессор-ўқитувчилар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш якунида белгиланган вазифалар диний таълим тизимида илмий-педагогик жараёнларни янада жонлантириш, малакали диний кадрларни тайёрлаш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати