Бугунги кунда илм-фан ва техника анча тараққий топди. Деярли ҳар куни турли соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганлигидан оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турибмиз. Қаерда қандай воқеа-ҳодиса рўй берса, қисқа вақт ичида дунё бўйлаб тарқалмоқда.
Албатта, бу жараён барча жабҳаларни қамраб олганидек диний соҳани ҳам четлаб ўтгани йўқ. Биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу тез-тез қулоққа чалинаётган, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кишилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган тақлид, яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф турганда муаййан бир мазҳабга эргашиш шартми, деган саволдир.
Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни қўйиб имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийга ўхшаш шахсларга эргашиш бир қарашда хатога ўхшаб туюлса-да аслида инсонни дунё ва охиратда саодатга элтувчи йўлдир. Сўзимизнинг исботи ўлароқ Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва мўътабар уламоларимизнинг бу масалага қандай ёндашганлигига бир назар ташлаймиз.
Аввало, тақлид ҳақида. Бир инсоннинг сўзига, унинг ўша масала борасида ҳужжати тўғри эканини билмаса-да, эргашиш тақлиддир. Яъни муқаллид (тақлид қилувчи) бир мужтаҳидга эргашаётгани тўғри эканига ҳужжати бўлиши мумкин, лекин мужтаҳидга эргашаётган масаласининг ҳужжатини билмаслиги мумкин.
Тақлид шариъатда жорий бўлган ишлардан экани ҳамда ижтиҳод (Қуръон ва ҳадисдан мустақил ҳукм олиш)га қодир бўлмаган кишилар тақилид қилишлари вожиб эканига бир неча жиҳатдан далиллар бор.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 40-оятида “Билмасанглар, аҳли зикрлардан сўранглар!” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари оми инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, деганлар. (“Жомеъу Термизий”, 3204-ҳадис).
Ижмоъ далили. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асҳоблари илм соҳасида бир-бирларидан тафовут қилишар эди. Ибн Халдуннинг сўзига кўра, уларнинг ҳаммалари ҳам фатво аҳли эмас эдилар. Дин уларнинг ҳаммаларидан олинмаган. Балки уларнинг орасида муфтий мужтаҳидлари бўлган. Булар озчиликни ташкил қилар эдилар. Шунингдек, улар орасида фатво сўрайдиган, муқаллидлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилар эди. Саҳобаларнинг ичидаги фатво берувчилари ҳукмни айтиш билан кифояланиб, кўпинча далилларни зикр қилмас эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом одатда исломдан хабари йўқ жойларга фақиҳ саҳобаларни жўнатар эдилар. Улар борган жойларида ибодат, ҳалол-ҳаром, олди-сотди каби муомалотлар ҳақида фатво берар эдилар. У ердагилар мазкур фақиҳ саҳобага эргашар эдилар. Баъзан китоб ва суннатда далили йўқ янги бир иш содир бўлса, ижтиҳод қилиб ижтиҳодининг кўрсатмасига мувофиқ мазкур янги ишнинг ҳукмини айтар эди. Шундай пайтларда ҳам инсонлар у кишига эргашиб кетаверар эдилар.
Имоми Ғаззолий ўзларининг “Ал-Мустасфо” китобидаги тақлид бобида оми инсоннинг тақлид қилишдан ўзга чораси йўқ эканига саҳобаларнинг ижмоъсини далил сифатида келтирганлар. Чунки саҳобалар авом ҳалққа фатво берар эдилар. Лекин улар авом ҳалқнинг ўзи ижтиҳод даражасига етишларини буюрмасдилар. Бу ўша давр уламоларидан ҳам авомларидан ҳам мутавотир даражада келган очиқ-ойдин маълумотдир.
Омадий ҳам ўзларининг “Ал-Иҳком” номли асарида шундай деганлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида мухолиф тоифалар пайдо бўлгунга қадар одамлар шаръий аҳкомларни мужтаҳид уламолардан сўрар ва уларга эргашар эдилар. Уламолар ҳам уларнинг саволларига зудлик билан жавоб беришар, лекин далилларни келтириб ўтирмас эдилар. Ушбу ҳолатни саҳобалар ёки тобеъинлардан бирортаси инкор қилмаган. Бу эса оми инсон мужтаҳидга эргашиши жоиз эканига ижмоъ демакдир.
Масалага ақлий далил шундай: Аллома Абдуллоҳ Дароз айтади: Ижтиҳод аҳлидан бўлмаган кишилар ўзларида содир бўлган ҳукми китоб ва суннатда баён қилинмаган ишларнинг ҳукмини қандай топадилар. Агар ҳар бир шахс ўзи ижтиҳод қилиши лозим бўлса, бу мумкин бўлмаган ишдир. Чунки бу ҳолатда ҳамма далил излаш, ҳукм чиқариш ишлари билан машғул бўлиб, маъишат, касб ҳунар, тижорат ва зироъат ишлари бир тарафда қолиб кетади ва дунё хароб бўлади. Бу ҳаражнинг ниҳоясидир (чўққисидир). Шунинг учун тақлиддан ўзга чора қолмади.
Уламолар мазкур китоб, суннат ва ақлий далилларни кўриб билганларидан сўнг шу қарорга келдилар: оми инсон ва ижтиҳод даражасига етмаган олимлар далилларни билувчи мужтаҳидган эргашишлари лозимдир. Шунингдек, мужтаҳиднинг берган фатвоси оми инсонлар учун ҳудди китоб ва суннат ўрнидадир. Чунки Қуръони Карим олимларга Қуръон ҳужжат ва далилларини ушлашни буюрганидек, жоҳил ва оми инсонларни олимларнинг фатвосини олишга буюрган.
Айни шу маънони ифода қилиш учун Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: “Мужтаҳидларнинг фатволари Авом ҳалқ учун ҳудди шаръий далилга тенгдир”, деганлар.
Қолаверса, айнан тўрт имомдан бирига эргашишнинг сабаби борасида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий: “Тан олинган тўрт мазҳабдан бирига эргашиш саводи аъзам (кўпчилик ва аксарият ташкил этган жамоат)га эргашишдир ва улардан чиқиш саводи аъзамдан чиқишдир”, деганлар (“Ақдул жийд фи аҳкамил ижтиҳад ва тақлид”, 1-жилд 41-бет).
Саналган далиллардан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш ўринли. Тақлид тўғридан-тўғри вожиб эмас, балки бошқасининг сабабидан вожибдир. Агар тўғридан-тўғри вожиб бўлганида мужтаҳидларга ҳам тақлид вожиб бўлар эди. Буни тушунишимиз учун баъзи мисолларга мурожаат қилиш керак.
Масалан, намоз тўғридан-тўғри фарз, шунинг учун намоз ўқиш пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, саҳобаларга ҳам, шунингдек, биз умматларга ҳам фарздир. Аёлларнинг намозни адо қилиш учун масжидга келиши тўғридан-тўғри эмас, балки бошқаси сабабидан ман қилингандир. Агар тўғридан-тўғри ман қилинганда эди пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида аёллар масжидга келмаган бўларди.
Хўш, мазҳабга эргашишни вожибга айлантирган бошқа сабаб нима?
Маълумки, ҳар бир мусулмонда Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдоди йўқ, шунинг учун Аллоҳ таоло “...Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси 43-оят), деб марҳамат қилган. Бу оятдан биламизки, тақлиднинг вожиблигига сабаб бўлган “бошқа” ҳар бир кишида Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдодининг йўқлигидир. Худди шунингдек тақлиди шахсий ҳам тўғридан-тўғри эмас, балки “бошқа” нинг сабабидан вожибдир.
Тақлиди шахсийни вожибга айлантирган “бошқа” нима?
Диннинг мақсади диндорлик, роҳатланиш эмас. Фаразан, кишига хоҳлаган вақт хоҳлаган мазҳабига эргашиб кетавериши мумкин дейилса, унда инсон фақат нафсининг истакларига юриб ундан бу ишга рухсат, бошқасидан яна бир ишга рухсат олиб нафсининг хоҳишлари кетидан юраверади. Унинг дини фақат рухсатлардан иборат бўлади. Бу эса диннинг асл мақсадига зид бир ишдир. Кишидаги диндорлик бир мазҳаб ва бир имомга эргашсагина мукаммал ва мустаҳкам бўлади.
Мана шу сабаб тақлиди шахсий вожибга айланди. Уламолар зарурат тақозо этганда ўзи эргашган мазҳаб имомининг сўзини қўйиб бошқа мазҳаб имомининг сўзига ўтишни ҳам одамлардан ҳараж ва машаққатни кўтариш учун жоиз деган бўсалар-да, бу ҳам ҳамма учун эмас, балки фақат ва фақат уламоларгагина тегишли ишдир.
Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдуғафур Ниёзқулов
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси