Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Мазҳабга эргашиш – саодатдир

15.10.2019   5003   8 min.
Мазҳабга эргашиш – саодатдир

Бугунги кунда  илм-фан ва техника анча тараққий топди. Деярли ҳар куни турли соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганлигидан оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турибмиз. Қаерда қандай воқеа-ҳодиса рўй берса, қисқа вақт ичида дунё бўйлаб тарқалмоқда.

Албатта, бу жараён барча жабҳаларни қамраб олганидек диний соҳани ҳам четлаб ўтгани йўқ. Биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу тез-тез қулоққа чалинаётган, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кишилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган тақлид, яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф турганда муаййан бир мазҳабга эргашиш шартми, деган саволдир.

Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни қўйиб имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийга ўхшаш шахсларга эргашиш бир қарашда хатога ўхшаб туюлса-да аслида инсонни дунё ва охиратда саодатга элтувчи йўлдир. Сўзимизнинг исботи ўлароқ Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва мўътабар уламоларимизнинг бу масалага қандай ёндашганлигига бир назар ташлаймиз.

Аввало, тақлид ҳақида. Бир инсоннинг сўзига, унинг ўша масала борасида ҳужжати тўғри эканини билмаса-да, эргашиш тақлиддир. Яъни муқаллид (тақлид қилувчи) бир мужтаҳидга эргашаётгани тўғри эканига ҳужжати бўлиши мумкин, лекин мужтаҳидга эргашаётган масаласининг ҳужжатини билмаслиги мумкин.

Тақлид шариъатда жорий бўлган ишлардан экани ҳамда ижтиҳод (Қуръон ва ҳадисдан мустақил ҳукм олиш)га қодир бўлмаган кишилар тақилид қилишлари вожиб эканига бир неча жиҳатдан далиллар бор.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 40-оятида “Билмасанглар, аҳли зикрлардан сўранглар!” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ  қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари оми инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, деганлар. (“Жомеъу Термизий”, 3204-ҳадис).                        

Ижмоъ далили. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асҳоблари илм соҳасида бир-бирларидан тафовут қилишар эди. Ибн Халдуннинг сўзига кўра, уларнинг ҳаммалари ҳам фатво аҳли эмас эдилар. Дин уларнинг ҳаммаларидан олинмаган. Балки уларнинг орасида муфтий мужтаҳидлари бўлган. Булар озчиликни ташкил қилар эдилар. Шунингдек, улар орасида фатво сўрайдиган, муқаллидлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилар эди. Саҳобаларнинг ичидаги фатво берувчилари ҳукмни айтиш билан кифояланиб, кўпинча далилларни зикр қилмас эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом одатда исломдан хабари йўқ жойларга фақиҳ саҳобаларни жўнатар эдилар. Улар борган жойларида ибодат, ҳалол-ҳаром, олди-сотди каби муомалотлар ҳақида фатво берар эдилар. У ердагилар мазкур фақиҳ саҳобага эргашар эдилар. Баъзан китоб ва суннатда далили йўқ янги бир иш содир бўлса, ижтиҳод қилиб ижтиҳодининг кўрсатмасига мувофиқ мазкур янги ишнинг ҳукмини айтар эди. Шундай пайтларда ҳам инсонлар у кишига эргашиб кетаверар эдилар.

Имоми Ғаззолий ўзларининг “Ал-Мустасфо” китобидаги тақлид бобида оми инсоннинг тақлид қилишдан ўзга чораси йўқ эканига саҳобаларнинг ижмоъсини далил сифатида келтирганлар. Чунки саҳобалар авом ҳалққа фатво берар эдилар. Лекин улар авом ҳалқнинг ўзи ижтиҳод даражасига етишларини буюрмасдилар. Бу ўша давр уламоларидан ҳам авомларидан ҳам мутавотир даражада келган очиқ-ойдин маълумотдир.

Омадий ҳам ўзларининг “Ал-Иҳком” номли асарида шундай деганлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида мухолиф тоифалар пайдо бўлгунга қадар одамлар шаръий аҳкомларни мужтаҳид уламолардан сўрар ва уларга эргашар эдилар. Уламолар ҳам уларнинг саволларига зудлик билан жавоб беришар, лекин далилларни келтириб ўтирмас эдилар. Ушбу ҳолатни саҳобалар ёки тобеъинлардан бирортаси инкор қилмаган. Бу эса оми инсон мужтаҳидга эргашиши жоиз эканига ижмоъ демакдир.

Масалага ақлий далил шундай: Аллома Абдуллоҳ Дароз айтади: Ижтиҳод аҳлидан бўлмаган кишилар ўзларида содир бўлган ҳукми китоб ва суннатда баён қилинмаган ишларнинг ҳукмини қандай топадилар. Агар ҳар бир шахс ўзи ижтиҳод қилиши лозим бўлса, бу мумкин бўлмаган ишдир. Чунки бу ҳолатда ҳамма далил излаш, ҳукм чиқариш ишлари билан машғул бўлиб, маъишат, касб ҳунар, тижорат ва зироъат ишлари бир тарафда қолиб кетади ва дунё хароб бўлади. Бу ҳаражнинг ниҳоясидир (чўққисидир). Шунинг учун тақлиддан ўзга чора қолмади.

Уламолар мазкур китоб, суннат ва ақлий далилларни кўриб билганларидан сўнг шу қарорга келдилар: оми инсон ва ижтиҳод даражасига етмаган олимлар далилларни билувчи мужтаҳидган эргашишлари лозимдир. Шунингдек, мужтаҳиднинг берган фатвоси оми инсонлар учун ҳудди китоб ва суннат ўрнидадир. Чунки Қуръони Карим олимларга Қуръон ҳужжат ва далилларини ушлашни буюрганидек, жоҳил ва оми инсонларни олимларнинг фатвосини олишга буюрган.

Айни шу маънони ифода қилиш учун Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: “Мужтаҳидларнинг фатволари Авом ҳалқ учун ҳудди шаръий далилга тенгдир”, деганлар.   

Қолаверса, айнан тўрт имомдан бирига эргашишнинг сабаби борасида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий: “Тан олинган тўрт мазҳабдан бирига эргашиш саводи аъзам (кўпчилик ва аксарият ташкил этган жамоат)га эргашишдир ва улардан чиқиш саводи аъзамдан чиқишдир”, деганлар (“Ақдул жийд фи аҳкамил ижтиҳад ва тақлид”,  1-жилд 41-бет).

Саналган далиллардан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки  Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш ўринли. Тақлид тўғридан-тўғри вожиб эмас, балки бошқасининг сабабидан вожибдир. Агар тўғридан-тўғри вожиб бўлганида мужтаҳидларга ҳам тақлид вожиб бўлар эди. Буни тушунишимиз учун баъзи мисолларга мурожаат қилиш керак.

Масалан, намоз тўғридан-тўғри фарз, шунинг учун намоз ўқиш пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, саҳобаларга ҳам, шунингдек, биз умматларга ҳам фарздир. Аёлларнинг намозни адо қилиш учун масжидга келиши тўғридан-тўғри эмас, балки бошқаси сабабидан ман қилингандир. Агар тўғридан-тўғри ман қилинганда эди пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида аёллар масжидга келмаган бўларди.

Хўш, мазҳабга эргашишни вожибга айлантирган бошқа сабаб нима?

Маълумки, ҳар бир мусулмонда Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдоди йўқ, шунинг учун Аллоҳ таоло  “...Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси 43-оят), деб марҳамат қилган. Бу оятдан биламизки, тақлиднинг вожиблигига сабаб бўлган “бошқа” ҳар бир кишида Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдодининг йўқлигидир. Худди шунингдек тақлиди шахсий ҳам тўғридан-тўғри эмас, балки “бошқа” нинг сабабидан вожибдир.

Тақлиди шахсийни вожибга айлантирган “бошқа” нима?

Диннинг мақсади диндорлик, роҳатланиш эмас. Фаразан, кишига хоҳлаган вақт хоҳлаган мазҳабига эргашиб кетавериши мумкин дейилса, унда инсон фақат нафсининг истакларига юриб ундан бу ишга рухсат, бошқасидан яна бир ишга рухсат олиб нафсининг хоҳишлари кетидан юраверади. Унинг дини фақат рухсатлардан иборат бўлади. Бу эса диннинг асл мақсадига зид бир ишдир. Кишидаги диндорлик бир мазҳаб ва бир имомга эргашсагина мукаммал ва мустаҳкам бўлади.   

Мана шу сабаб тақлиди шахсий вожибга айланди. Уламолар зарурат тақозо этганда ўзи эргашган мазҳаб имомининг сўзини қўйиб бошқа мазҳаб имомининг сўзига ўтишни  ҳам одамлардан ҳараж ва машаққатни кўтариш учун жоиз деган бўсалар-да, бу ҳам ҳамма учун эмас, балки фақат ва фақат уламоларгагина тегишли ишдир.

Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Абдуғафур Ниёзқулов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

24.08.2026   17569   1 min.
Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.

Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.

Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.

“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.

Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари