بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ
Ижтимоий тармоқларнинг хатари
Муҳтарам жамоат! Бугунги суҳбатимиз учун мазкур мавзуни танлашимиз бежис эмас, албатта. Зеро, жамиятимиз ҳаёти, айниқса инсонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда.
Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири ҳисобланади.
Аслида, интернет, айниқса ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.
Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.
Шунинг учун ҳам халқимиз, хусусан ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг ана шундай хатарларидан энг асосийларини санаб ўтамиз:
Ёлғон ва асоссиз хабарларнинг тарқалиши
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ
فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
سورة ﺍلحجرات/6)
яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ"
رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ عن أبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Масалан, айрим кимсалар томонидан “Фарғона водийсида айрим ноиб имомлар аёлларнинг рўмолини ечтириш билан машғул бўлаётган экан”, – дея шов-шувли хабар тарқатишди. Аслида бу – водийлик имом-хатибларимизга нисбатан уюштирилган бўҳтондан бошқа нарса эмас эди. Бирорта имомдан бу каби ҳодиса содир бўлгани йўқ! Дин хизматида турган кишилар ортидан туҳмат қилиш – гуноҳ устига гуноҳдир!
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).
Кишиларнинг шаънига тажовуз қилишнинг авж олганлиги
Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.
Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ
رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه
яъни: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).
Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.
“Фитналар уюштириш макони” экани
Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.
Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади.
Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ
(سورة ﺍلبقرة/217)
яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида бундай амр этади:
وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
(سورة ﺍﻷنفال/25)
яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси 25-оят).
Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Зот айтадилар:
إِنَّ الشَّيْطَانَ لَيَتَمَثَّلُ فِى صُورَةِ الرَّجُلِ فَيَأْتِى الْقَوْمَ فَيُحَدِّثُهُمْ بِالْحَدِيثِ مِنَ الْكَذِبِ فَيَتَفَرَّقُونَ فَيَقُولُ الرَّجُلُ مِنْهُمْ سَمِعْتُ رَجُلاً أَعْرِفُ وَجْهَهُ وَلاَ أَدْرِى مَا اسْمُهُ يُحَدِّثُ
яъни: “Албатта, шайтон бир киши қиёфасига кириб, халққа ёлғон ҳадис айтганда, улар фирқаларга бўлинадилар. Улардан бири: “Мен юзини танийману, аммо исмини билмаганим кишидан ҳадис эшитдим”, дейди” (Имом Муслим ривояти).
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг аянчли оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).
Нотўғри фатво ва қарашларнинг тарқалгани
Турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.
Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир. Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи:
"إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِم)
яъни: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.
Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Бу каби “тарғиботчилар” ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади. Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"إِنَّ بَعْدِى مِنْ أُمَّتِى - أَوْ سَيَكُونُ بَعْدِى مِنْ أُمَّتِى - قَوْمٌ يَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ لاَ يُجَاوِزُ حَلاَقِيمَهُمْ يَخْرُجُونَ مِنَ الدِّينِ كَمَا يَخْرُجُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ ثُمَّ لاَ يَعُودُونَ فِيهِ هُمْ شَرُّ الْخَلْقِ وَالْخَلِيقَةِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ)
“Мендан кейин умматимдан ёки мендан кейинги бўладиган умматимдан (бу ерда ровийнинг иккиланиши) Қуръон ўқиганда, у халқумларидан ўтмайдиган, диндан худди камондан ўқ чиққандек, чиқиб кетиб, кейин унга қайтмайдиган қавм бўлади. Улар одамлар ва махлуқотларнинг ичида энг ёмонларидир” (Имом Муслим ривояти).
Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, фатво бериш – улкан масъулият экани ва у билан фақатгина етук илм ва малакага эга бўлган уламоларгина шуғулланиши лозимлиги салафи солиҳлар давридан уқтириб келинган. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши лозим.
Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши
Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бузуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар.
Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).
Салмон Форсий разияллоҳу анҳу: “Ўлиб-қайта тирилишим сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим, сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим – бир мусулмон кишининг авратига қарашимдан ёки у менинг авратимга қарашидан кўра яхшироқдир”, – деганлар (Имом Аҳмад "Зуҳд" китобида ривоят қилган).
Иброҳим ибн Адҳам айтадилар: "Ботилга кўп назар солиш қалбдан ҳақни таниш неъматини кетказади" (Имом Абу Нуайм "Ҳилятул авлиё" китобида ривоят қилган).
Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг кўплиги
Уламолар, имом-домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар. Ҳазрати Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо:
حَرَّمَ اللهُ أنْ يُغْتَابَ الْمُؤْمِنُ بِشَيْءٍ كَمَا حَرَّمَ الْمَيْتَةَ
яъни: “Аллоҳ таъоло ўлакса гўштини ҳаром қилганидек, бирор нарсасида (айблаб) мўъминни ғийбат қилишни ҳам ҳаром қилди”, – деганлар (Имом Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган).
Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири – ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.
Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).
Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Бундай улкан йўқотишга дунё тан олган уламолардан марҳум аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шаҳид бўлишлари мисолида гувоҳ бўлинди.
Кишиларнинг, хусусан ёшларнинг руҳиятига, ахлоқига салбий таъсири
Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (“лайк”)ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради.
Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.
Муҳтарам жамоат! Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради. Бу ерда энг муҳими – инсон омилидир.
Шу ўринда эслатиб ўтишни лозим деб топдик, ҳуқуқий жиҳатдан бирор-бир маълумот, матн, аудио ёки видеофайлни тарқатиш қонун нуқтаи назаридан “ахборот тарқатиш” сифатида баҳоланади. Тарқатилган маълумотда бировнинг обрўсига путур етказиш, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, ёлғон хабар тарқатиш ёки радикал ғоялар мавжуд бўлса, бу қилмишни содир этган шахсга қонунчилигимизда жазо муқаррар эканини ҳам унутмаслик зарур.
Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Муҳими – улардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига хушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида ҳанафий мазҳаби бўйича такбири таҳримада қўлни кўтариш кайфиятини баён қиламиз.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда, кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча саҳиҳ ҳадислар келган бўлиб, улардан бирини келтирамиз:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ
(رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني)
яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши – қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, – деганлар. Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган:
وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ
яъни: “Ҳадисдаги “тенглаштириш”дан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”.
Шунингдек, ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه قَالَ "رَأَيْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم وَضَعَ يَمِيْنَهُ عَلَى شِمَالَهُ فِى الصَّلاَةَ تَحْتَ السُّرَّةِ
(أَخْرَجَهُ الإِمَامُ ابنُ أبِى شَيْبَةَ)
яъни: Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳни саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим”, (Имом Ибн Абу Шайба ривояти. “Эълоус сунан” китобида “Бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир”, – дейилган).
Яна бир ривоятда шундай келади:
قَال أَبُو هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: "أخْذُ الأَكُفِّ عَلَى الأَكُفِّ فِى الصَّلاَةِ تَحْتَ السُّرَّةِ
رَوَاهُ الإِمَامُ أبُو دَاوُدَ
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида барча фиқҳий китобларимизда маълумотлар мавжуд. Жумладан, “Мухтасар ул-Виқоя” китобида шундай дейилган:
يَضَعُ يَمِيْنَهُ عَلَى شِمَالِهِ تَحْتَ سُرَّتِهِ
яъни: “(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди”.
Хулоса қилиб айтганда, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилиб, икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади. Сўнгра эркаклар қўлларини киндик остида боғлайдилар. Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, ушбу кўриниш суннат эканини таъкидлаганлар. Қолаверса, ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни даргоҳида мақбул айлаб, юртимизни турли хил фитна ва офатлардан паноҳида сақласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “йўл қоидасига амал қилиш одоблари” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади.
Назмий баёни:
Кимки муртадликни ният-қасд этар,
Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.
Луғатлар изоҳи:
مَنْ – шарт исм.
يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди. Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.
اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.
بَعْدَ – зарф.
دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.
يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.
عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.
حَقٍّ دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган.
انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим.
Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:
1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);
2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);
3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);
4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);
5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);
6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).
Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.
Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.
Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].
Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади. Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.
Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].
Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни
47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
Маънолар таржимаси:
Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.
Назмий баёни:
Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,
Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.
Луғатлар изоҳи:
لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:
1. Инсон талаффуз қилган нарса;
2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.
الْكُفْرِ – музофун илайҳ.
مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
غَيْرِ– сифат.
اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ.
بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.
طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.
رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади.
دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.
Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:
– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;
– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.
اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:
Ёмон тил икки оламда зарардир,
Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.
* * *
Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,
Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.
Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган:
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].
Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.
Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.
Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида иштирок этган.
Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.
Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:
“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.
Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.
Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:
– “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;
– “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”;
– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.
Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар.
Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар
“Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:
1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;
Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.
2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;
Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.
3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;
Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади.
4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.
Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.
Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.