Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ асрлар давомида эришган тараққиётдан ҳам кўра кўпроқ ютуқларга эришганлар.
Исломдаги энг афзал ва эргашишга энг муносиб бўлган асрлар ҳақида сўз кетганда “Салаф” калимасининг мазкур истилоҳий маъноси ишлатилади.
Ушбу калиманинг қатъий муқаррар бўлган истилоҳий маъноси, бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари яшаб ўтган Исломнинг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маьнонинг қўлланишининг боиси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”. (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсизлик билан ёндошадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетма-кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга “энг афзал” дея гувоҳлик берган уч асрлик давр ҳақиқатан ҳам Ислом оламида олтин давр бўлди.
Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳи (326-423 ҳ.) айтишларича, юқоридаги баҳо ўша уч аср мусулмонлари мажмуаси ҳақида собитдир. Шубҳасиз, ушбу уч асрдаги мусулмонларнинг “энг афзал” бўлишларига сабаб, уларнинг биринчилари нубувват сарчашмасига, рисолат таьлимотига боғланмиш силсиланинг илк ва энг яқин ҳалқаларини намоён қилган зотлардир. Ислом ақидаси ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан қабул қилиб олган шахслардан иборат бўлган бу насл, мазкур ҳалқаларнинг биринчи намоёндаларидир. Бу хайрли асрга мансуб бўлмиш зотларнинг ақллари ва қалбларига Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари бидьат доғлари, васваса ҳамда турли гумон хираликларидан мусаффо ҳолда мустаҳкам ўрнашган эди. Ушбу илк асрда яшаганлар саҳобаи киромлардир. Ундан кейинги асрда яшаганлар тобеинлар, улардан кейинги аср вакиллари эса табаъа тобеинлар ҳисобланишади.
Аммо, бугун ўзларига “салафийлар” деб ном қўйиб Ислом ниқоби остида аслида динимиз қайтарган ишларни амалга ошираётган, шариат қайтарган ва инсон ақлига сиғмайдиган бузғунчиликларни қилувчи бир тоифа пайдо бўлдики асло уларни салафий деб бўлмайди. Уларнинг иддаолари гўё мусулмонларни олтин аср – салафи солиҳлар давридаги ҳолатга қайтариш. Юқоридаги ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар”, дея қатъий таъкидлаганлар. Бу уч авлоддан сўнг асрлар оша мазкур ҳадисга зид равишда салафийликни даъво қилиш мутлақо Ислом умматига номуносибдир. Зеро, ҳадиснинг давомига эътибор қаратсак Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”, дея марҳамат қилганлар. Яъни, ўша уч авлоддан кейингилар зинҳор зикр қилинган олтин асрдагидек бўла олишмайди. Демак, буларнинг ғоялари пуч, даволари ёлғон ва фитнага асосланган.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар
“Ҳувайдо” жоме
масжиди имом-хатиби
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати