Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Салафийлар кимлар?

04.10.2019   11096   3 min.
Салафийлар кимлар?

Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ асрлар давомида эришган тараққиётдан ҳам кўра кўпроқ ютуқларга эришганлар.

Исломдаги энг афзал ва эргашишга энг муносиб бўлган асрлар ҳақида сўз кетганда “Салаф” калимасининг мазкур истилоҳий маъноси ишлатилади.

Ушбу калиманинг қатъий муқаррар бўлган истилоҳий маъноси, бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари яшаб ўтган Исломнинг дастлабки  уч асридир. Мазкур истилоҳий маьнонинг қўлланишининг боиси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики,  уларнинг  гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”. (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсизлик билан ёндошадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетма-кет, тартиб билан зикр қилиб,  уларга “энг афзал” дея гувоҳлик берган уч асрлик давр ҳақиқатан ҳам Ислом оламида олтин давр бўлди.

Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳи (326-423 ҳ.) айтишларича, юқоридаги баҳо ўша уч аср мусулмонлари мажмуаси ҳақида собитдир. Шубҳасиз, ушбу уч асрдаги мусулмонларнинг “энг афзал” бўлишларига сабаб,  уларнинг биринчилари нубувват сарчашмасига, рисолат таьлимотига боғланмиш силсиланинг илк ва  энг яқин ҳалқаларини намоён қилган зотлардир. Ислом ақидаси ва асосларини  тўғридан тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан қабул қилиб олган шахслардан иборат бўлган бу насл, мазкур ҳалқаларнинг биринчи намоёндаларидир. Бу хайрли асрга мансуб бўлмиш зотларнинг ақллари ва қалбларига Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари бидьат доғлари, васваса ҳамда турли гумон хираликларидан мусаффо ҳолда мустаҳкам ўрнашган эди. Ушбу илк асрда яшаганлар саҳобаи киромлардир. Ундан кейинги асрда яшаганлар тобеинлар, улардан кейинги аср вакиллари эса табаъа тобеинлар ҳисобланишади.

Аммо, бугун ўзларига “салафийлар” деб ном қўйиб Ислом ниқоби остида аслида динимиз қайтарган ишларни амалга ошираётган, шариат қайтарган ва инсон ақлига сиғмайдиган бузғунчиликларни қилувчи бир тоифа пайдо бўлдики асло уларни салафий деб бўлмайди. Уларнинг иддаолари гўё мусулмонларни олтин аср – салафи солиҳлар давридаги ҳолатга қайтариш. Юқоридаги ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар”, дея қатъий таъкидлаганлар. Бу уч авлоддан сўнг асрлар оша мазкур ҳадисга зид равишда салафийликни даъво қилиш мутлақо Ислом умматига номуносибдир. Зеро, ҳадиснинг давомига эътибор қаратсак Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра шундай қавмлар келадики,  уларнинг  гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”, дея марҳамат қилганлар. Яъни, ўша уч авлоддан кейингилар зинҳор зикр қилинган олтин асрдагидек бўла олишмайди. Демак, буларнинг ғоялари пуч, даволари ёлғон ва фитнага асосланган.

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

Ҳувайдо жоме

масжиди имом-хатиби

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркиядаги ватандошлар билан имом-хатибларимиз учрашув ўтказмоқда

04.09.2026   60725   1 min.
Туркиядаги ватандошлар билан имом-хатибларимиз учрашув ўтказмоқда

Истанбул шаҳрининг Арнауткўй туманида жойлашган “Колён Холдинг” қурилиш компаниясида фаолият юритаётган 150 нафарга яқин ўзбекистонлик ишчи-хизматчилар билан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

 

Хизмат сафари билан Туркияда бўлиб турган Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ва Қарши шаҳридаги “Араловул” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон домла Жабборов юртдошларимиз билан «Исломда одоб ва ахлоқ» ҳамда «Ватанга муҳаббат» мавзуларида самимий суҳбат қурди.

 

Мулоқот чоғида ислом динида гўзал хулқ, катталарга ҳурмат, ҳалол меҳнат ва меҳр-оқибат каби эзгу фазилатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

 

Шунингдек, мусофир юртда юрган ватандошлар учун юрт шаънини муносиб сақлаш, қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ҳамда Ватан қадрини теран англаш лозимлиги таъкидланди.

 

Самимий руҳда кечган тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Туркиядаги ватандошлар билан имом-хатибларимиз учрашув ўтказмоқда
Ўзбекистон янгиликлари