Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Қуръони карим ва унга тааллуқли бўлган махсус илмларни талабалар ва юртимиз ёшларига таълим бериб келмоқда. Жумладан, ушбу кафедрада Қуръон қироати ва тажвид, Тафсир, Улумул Қуръон фанлари мутахассислик даражасида таҳсил берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жорий йил август ойида “Таҳфизул Қуръон” кафедрасининг малакали устозларидан иборат жамоа Миср Араб Республикасининг Искандария шаҳридаги “Ал-Азҳар” университетига ташриф буюрдилар. У ерда Азҳари шариф тасарруфидаги “Маъҳадул қироат”, яъни Қироатлар институтининг Қуръон қироатлари ва тажвид илми шайхларидан таълим олиб, малака оширдилар.
Президентимиз шу йилнинг июнь ойида Сурхондарёдага ташрифи давомида “Тошкент ислом институтида 2024 йилдан магистратура, 2025 йилдан докторантура йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади” деб таъкидлаган эди.
Мазкур илмий сафар ҳам Тошкент ислом институтида очилажак магистратура босқичида ўқитилиши кўзда тутилган фанлар бўйича амалга оширилди.
“Маъҳадул қироат” институтининг 10 қироат, Усули тафсир, Тафсир, Улумул Қуръон илмларида мутахассис бўлмиш уч нафар олимидан Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари Тошкент ислом институтининг магистратура босқичида ўқитилиши режалаштирилган фанлардан малака оширди:
• Шайх Саййид Хаттоб Абдулҳамид Мағробий – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат ва 4 шозз қироат мутахассиси;
• Амр Иброҳим Муҳаммад Увайдо – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат, ҳанафий мазҳаби фиқҳи, араб тили грамматикаси мутахассиси;
• Абдурраҳмон Рафъат Муҳаммад Ғунайм – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат, усулул-фиқҳ, тафсир илмлари мутахассиси.
Сафар охирида “Ал-Азҳар” ва “Маъҳадул қироат” шайхлари томонидан кафедра устозларига қироатлар ва илмий асарларнинг ижоза шаҳодатномалари ҳамда малака оширгани тўғрисида фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов Мисрда бўлиб қайтган Жаҳонгир қори Неъматов бошчилигидаги Таҳфизул Қуръон кафедрасининг 10 га яқин қори устозларини қабул қилиб, илмий сафарда эришилган натижалар, олдинга қўйилган мақсад-вазифаларнинг ижроси, магистратура босқичида ўтиладиган Қуръонга оид фанлар ва улардан олинган ижозалар билан танишиб, келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Мазкур қисқа муддатли илмий сафар орқали “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозларига яқин ўтмишда узилган илмий силсилаларни қайта тиклаш ва муборак олтин силсилаларни Ватанимизга қайтариш имконияти берилди.
Аллоҳнинг изни билан бу илмлар юртимизда бўйлаб ва Қуръон нури хонадонларимиз узра янада кўпроқ таралади.
Жаҳонгир Рўзиев,
ТИИ «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси,
«Қуръони карим ва тажвид» ўқув курслари бўлими бошлиғи
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати