Мазҳабсизлик – хар-бир одам ҳоҳлаганига, ўзига хукм олишни тақозо қилади. Бу эса тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам оқибати аянчли ҳолатларга, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига сабаб бўлаётганини кўриш мумкин. Бунинг асосида умматни куфрда айблаб, мусулмонларнинг қонини тўкишни ҳалол деб билиб террор уюштириш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш, расмий диний уламоларга таъна тошларини отиш каби нохуш хатарларга олиб бормоқда, шундан биттасини кўриб чиқамиз.
— Мусулмонларни куфрда айблаш
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари наздида бирон-бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида ақийда китобларида ёзилган. Такфир (куфрда айблаш) масаласи энг оғир оқибатларга олиб келадиган масалалардан биридир. Шунинг учун Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ алломалар бундай бузғунчи ғояни диёримизга кириб келишига минг йиллар давомида йўл қўймаганлар.
Мазҳабимизга кўра мўмин одам гуноҳи кабира (катта) қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича: Иймон — тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлаш бўлиб, шундай қилган кишини мўъмин деб айтишга кифоя қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса унинг ўзи кофир бўлади”. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривояти.
“Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби С.Юнусов
Қатарнинг “Al Jazeera” нашрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорум ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, халқаро медиафорумда иштирок этган Муҳаммад Аъморийнинг таъкидлашича, яқинда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази медиафорум иштирокчиларида катта таассурот қолдирган.
Марказда Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда буюк алломалар мероси ўрин олган. Музейда қарийб 8 мингта тарихий ашё ва экспонат сақланиши, улар орқали Мовароуннаҳр халқларининг қадимги даврлардан бошлаб илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси намойиш этилган.
Мақолада ёзилишича, музей экспозициялари асосан тўрт муҳим тарихий даврни қамраб олишига эътибор қаратилган. Булар – исломдан олдинги давр, Мовароуннаҳрдаги биринчи уйғониш даври, Темурийлар даври ва Ислом цивилизациясига оид қимматли Қуръон қўлёзмалари намойиш этилган залдир.
Ушбу мажмуада Усмон Мусҳафига алоҳида ўрин берилган. Шу билан бирга, музейда қадимги шаҳарлар, Буюк Ипак йўли, ҳаж анъаналари, Каъба ва унинг муқаддас ёдгорликлари билан боғлиқ экспонатлар ҳам тақдим қилинган.
Материалда Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган буюк алломалар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби тарихий шахсларнинг илм-фан, дин, маданият, санъат ва давлатчилик ривожига қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати