Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Октябр, 2025   |   29 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:23
Қуёш
06:41
Пешин
12:13
Аср
15:51
Шом
17:37
Хуфтон
18:49
Bismillah
21 Октябр, 2025, 29 Рабиъус сони, 1447

Жаннатга фақирлар киради... бойлар ҳам

12.09.2019   4634   6 min.
Жаннатга фақирлар киради... бойлар ҳам

Сизни “Фақирлик айб эмас. Аллоҳ фақирларни кўпроқ яхши кўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақир бўлганлар. Қаноат туганмас хазинадир. Зоҳидлик фазилат, тамаъ разолатдир. Самимийлик фақирларнинг дастмоясидир. Бойлар бировларнинг қонини сўрувчи кишилардир. Бойлик гиёҳванд модданинг бир туридир” деб, шу гапларга ишонтиришади. Улар сизни фақирлигингиздан роҳатланадиган, эҳтиёжмандлигингиздан лаззатланадиган, заифликка ва тадбирнинг озлигига рози бўладиган қилиб қўйишади.

Бироқ, ҳеч ким сизга Усмон ва “Жайшул Усра”, Талҳа ва унинг саховати, Зубайр ва унинг кўчмас мулклари, Ибн Авф ва унинг тижоратлари, Ибн Абу Ваққос ва унинг садақалари ҳақида ҳаргиз гапирмайди. Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин!

Ҳеч ким сизга саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфрдан ва фақирликдан паноҳ сўраганлари, “Юқори қўл (берувчи қўл) пастки қўл (олувчи қўл)дан яхшироқдир”, “Кучли мўмин Аллоҳнинг наздида заиф мўминдан яхшироқдир” деган ҳадисларини ҳаргиз айтмайди. Балки улар сизга “Фақир, заиф, муҳтож бўлсангиз, ҳеч қиси йўқ” дейишади.

Сиз моддий имконият яхши бўладиган бойлик босқичига ўтманг. Акс ҳолда фақирликдан қутулиб, ўзингизни тиклаб олганингиздан сўнг атрофингиздаги етишмовчилик, ночорлик, камситиш каби ҳолатлар ҳақида суриштира бошлайсиз. Бундай саволларингиз билан сизни фақир ҳолда кўришни истаганларни ноқулай аҳволга солиб қўясиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللّهِ الَّتِيَ أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالْطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِي لِلَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

“Сен: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!” деб айт. “Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир”, деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).

Юқорида “Жайшул Усра” деган жумлани келтириб ўтдик. Хўш, ўша воқеа қандай бўлган эди?

Бу ғазот тарих китобларимизда Табук ғазоти номи билан машҳур. Бу урушда мусулмонлар румликларга қарши йўлга чиқадилар. Ҳирақл бошчилигида 40 мингдан ортиқ румликлар қўшини тўпланади. Масофа узоқ, сафар оғир, об-ҳаво иссиқ, сув ва озуқа кам, мусулмонлар сони 30 минг атрофида бўлгани учун етишмовчиликлар бор эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни қўшинни керакли жиҳозлар билан таъминлашга чақирдилар. Одамлар ўзларидаги бор нарсаларини олиб келиб, таъминлаш ишига ҳисса қўша бошладилар. Ҳатто аёллар ҳам ўзларидаги тилла тақинчоқларни келтириб берардилар. Ана шу пайтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қўшинни мингта туя билан таъминладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўнг минг динор олиб келдилар. Бу пул билан қўшиннинг учдан бирини таъминлаш мумкин эди. Мана шу тарзда буюк саҳобий икки олам сарвари тарафларидан бундай эътироф этилдилар: “Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди”.

Қудуқ ҳодисаси

Мадинадаги барча қудуқлар қуриб қолган, фақат биргина қудуқда сув бор эди. Одамлар сувга муҳтож, ташналиклари зиёда бўлган бир ҳолатда эдилар. Лекин қудуқ бир яҳудийга тегишли бўлиб, мусулмонларга сувни текинга бермасди. Сувга эҳтиёжманд мусулмонлар орасида моддий имконияти камлар ҳам бор эди. Улар сув учун тўлов қилолмасдилар.

Ичадиган сувинг яҳудийнинг қўлида бўлса нима қиласан?

Мусулмонлар сувдан бемалол баҳраманд бўлишлари учун бирор мусулмон ўша қудуқни сотиб олиши керак. Ана шу сотиб олган инсон Усмон розияллоҳу анҳу бўлдилар. У киши қудуқни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилдилар. Шундан кейин мусулмонлар текинга бемалол сув ичадиган бўлишди. Ҳа, Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларни қийин вазиятдан чиқишларига сабаб бўлгандилар.

Менга Мадина бозорини кўрсатиб қўй

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб бордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар билан ансорларни биродар қилиб қўяётган лаҳзаларида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни ансорлардан Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу молининг ярмини, пулининг ярмини, ерининг ярмини ва аёлларидан баъзисини Абдураҳмонга таклиф қилди. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилмадилар, балки, “Аллоҳ таоло молингга ва аҳлингга барака берсин! Менга Мадина бозорини кўрсатиб қўй!” дедилар. Шундай қилиб у зот розияллоҳу анҳу Мадина бозорларида савдо ишлари билан шуғулланиб, тез фурсатда саҳобаларнинг энг бойларидан бирига айландилар. Вафот этганларида ўзларидан жуда кўп мол мерос бўлиб қолгани, аёлларининг ҳар бирига меросдан 80 минг динордан улуш теккани тарих китобларида келтирилади.

Демак, динимизда бой бўлишдан қайтарилмаган, ҳадиси шарифларда мусулмоннинг қўлидаги ҳалол мол нақадар яхши эканлиги таъкидланган.

Унутманг, фақирлик айб эмас, шунингдек, бойлик ҳам. Жаннатга фақирлар киради, бойлар ҳам.

Бойлар ҳам жаннатга кириши учун қўлларидаги бойлик Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарф этилиши, охиратга ажр сифатида захира бўлиши керак. Бундан ташқари бойлик инсоннинг қалбини эгаллаб олиб, яшашдан мақсади бойлик йиғиш бўлиб қолмаслиги, балки бойликни охиратда улуғ мақом топиш учун бир восита қилиб олиши керак.

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тил – миллатнинг маънавий-руҳий бойлиги

21.10.2025   228   5 min.
Тил – миллатнинг маънавий-руҳий бойлиги

Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли,

бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

         Шавкат Мирзиёев

     Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим силжишлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
 

          Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.


    Давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 60 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.


   Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Буни ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самаралари яққол тасдиқлайди. Асосий қонунимиз – Конституциямизнинг ўзбек тилида қабул қилиниши эса она тилимизнинг нуфузини янада юксалтирди. Давлатимиз мадҳияси халқаро майдонларда ўзбек тилида янграй бошлади. Айниқса, она  тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.        


    Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат  тили  тўғрисида”ги  қонунининг  қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.


Ўзбек  тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги  ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз  асарларида  яққол  кўриш  мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг  ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор  романлари-оқибат сўзларини  бошқа  тилга  айнан  таржима  қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар  халқимизга хос ва уларни  айтишга  фақат  шу тил  қодирдир. Бизнинг  она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил  орасида туркий тиллар оиласига мансуб  бўлиб, жонли  тил сифатида  қипчоқ, қарлуқ, ўғиз  лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек  адабий тили эса ана  шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум  бир меъёрига  келтирилган  шаклидир. У  муттасил ўсиб, ривожланиб  бормоқда. Унинг ривожида сўз  мулкининг султони  Алишер Навоийнинг хизматлари  беқиёсдир. Ҳазрат  Навоий  тил  хақида бундай  ёзадилар: “Кўнгил  хазинасининг  қулфи  тилдир. Ул  хазинанинг  калитидин сўз бил”.


Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.  


Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.


Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”.


Биз тилимизни қанчалик асрасак, юксалтирсак, ривожланишига ҳисса қўшсак, ўзга миллатлар ҳам бизнинг тилимизни ҳурмат қилишади ҳамда унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги ўрни ва пойдеворини шунчалик мустаҳкам қўйган бўламиз.


Одилжон  Нарзуллаев,

Янгийул тумани  “Қирсадақ’’ жоме масжиди   имом  хатиби

 

Ўзбекистон янгиликлари