Япон олимлари муттасил тарзда телевизор томоша қилиш инсон веналарининг бекилиб (тўсилиб) қолишига сабаб бўлишини маълум қилдилар.
Унга кўра, бир кун давомида 2,5 – 4 соат телевизор томоша қилиш инсон веналарининг бекилиб қолишини 70%га ошишига олиб келиши аниқланди.
Бу – телевизорнинг инсон саломатлиги учун бўлган зарарлари. Аммо, сўнги пайтларда телеканаллар сони ошгани сайин унинг ижтимоий зарарлари ва руҳиятга салбий таъсири ҳам кучайиб бормоқда.
Бугун телевизор оддийгина томоша қутиси эмас, у турли ғоялар ва мафкуралар тарғиботчиси, маҳсулотлар рекламачисидир. Нормал ҳолатда фикрлайдиган инсон оила даврасида унга минг ҳадик билан қарайди.
Ишдан сўнг бирор яхши дастур ёки фильм кўриш илинжи билан каналларни кўздан кечира бошлайсиз. Намойишларнинг аксарияти севги-муҳаббат (йигит ва қизнинг бир-бирига шаҳват ила эҳтиросли қарашлари), бемаъни томошалар (очиқ-сочиқ кийинган актёр ва актрисаларнинг ноўрин ҳаракатлари) ва бачкана шоулардан иборат... Наҳотки, телеканалларимиз шундан бошқа ишларга ярамаса?.. Айниқса, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган кўрсатувлардан маъно қидириб чарчайсан киши. Энг аянчлиси, айни дамларда хусусий каналлар орқали эфирга узатилаётган хорижий дастурлардан тўғридан-тўғри кўчирилган ғарб менталитети билан суғорилган турли хил шоулар орқали халқимизга нима бермоқчи бўляпти бу “хумпарлар”?
Телевидение жуда катта куч. Таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан унинг имкониятлари сиёсат ва илмдан анча юқори. Шунинг учун ҳам телеканаллардаги намойишлар омма орасида тез “шуҳрат” қозонади ва анчагача муҳокамаларга сабаб бўлади. Кўпчиликнинг эътибор марказида туради. Бу ҳолат ўз-ўзидан инсонлар дунёқарашига, фикрлаши ва ўй-хаёлларига таъсир кўрсатмай қолмайди. Мисол тариқасида, “Алдама мени”, “Хафа бўлиш йўқ” ёки “Ёшимни топ” ва бошқа турли номдаги инсоннинг ақли ва вақтини ўғирловчи, асабини таранглаштирувчи кўрсатувларни олайлик. Бу бемазаларни кўрмаган томошабин қолмади. Бадиий кенгаш (бор бўлса агар) бу дастурларга қайси нуқтаи назар билан рухсат берган экан?..
Биригина “Алдама мени” кўрсатувини олайлик. Таниқли санъаткорни таклиф этиб, унга ўта шахсий бўлган ҳолат ёки воқеъалар ҳақида савол бериш (нега эрингиздан ажрашгансиз, нечта хушторингиз бор, ўша кеча ким билан нима бўлди, фалончи айбингизни биласизми ва бошқа шунга ўхшаш беҳаё саволлар), агар жавоб бера олмаса маълум бир шарт (сичқон, қурбақа, суварак, калтакесак каби жониворларни ушлаш, оғизда тишлаб олиш...)ни бажаришга мажбурлаш, соғлом одам қиладиган иш эмас. Яна бир жиҳат, кўрсатувнинг моҳиятига эътибор қаратсангиз, асосан меҳмонларнинг айбу нуқсонларини очиш, омма олдида шарманда қилиш, агар бунга кўнмаса инсон жирканадиган ишларни қилишга мажбурлашдан иборат эканлигини англайсиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади”(Имом Муслим ривояти)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг айбини тўсса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини тўсади. Ким биродарини айбини очса, Аллоҳ таоло унинг айбини очади, ҳатто уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади”. (Ибн Можа ривояти)
Уламолар айтади: Банда хатодан холи эмас. Билиб ё билмасдан бир айб иш қилса, уни ўзи ёки ўзгалар ошкор қилиши жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродаридан бир айб ё хатони кўрса, уни ислоҳ қилишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яшириши яхшидир.
Юқоридаги ҳадислардан келиб чиқсак “Алдама мени” кўрсатувининг муаллифлари бир инсоннинг айбини бутун дунёга ошкор қилиб, шу орқали обрў орттиришни ният қилгандек. Камига, Динимиз (нафақат Динимиз, балки ақли расо ҳар бир инсон) томонидан қаттиқ қораланган исрофгарчиликни кўрсатиб, нодонликнинг энг юқори чўққисини тарғиб этган ҳолда, одамлар онгини заҳарламоқда. Исрофгарчилик орасида энг каттаси бу – вақтни исроф қилиш, беҳуда, Дини ва дунёси учун фойдаси бўлмаган ишлар билан машғул бўлишдир.
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар… Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун сураси, 1-3).
Албатта, вақтни, умрни, Аллоҳ таоло инъом этган неъматларни қадрловчи мўминлар нажот топади. Аллоҳнинг нажоти эса икки дунё саодатидир. Исрофдан тийилганлар дунё ва охиратда азиз бўлади!
Хулоса. Ҳурматли “ижодкор”лар, эфир вақтини тўлдириш, томошабинларни кўпроқ жалб этиш, рейтингда юқори поғоналарда туриш учун курашаётган телеканал “шоумен”лари ва раҳбарлари: бугун халқимиз орасида ахлоқсизлик, беҳаёлик, ориятсизлик, беномуслик, истеъмолчилик кайфияти, дангасалик ва бепарволик хавфли эпидемия каби тарқалмоқда. Мазкур ҳолатнинг ривожланишида “сиз”ларнинг ҳам ҳиссаларингиз каттагина фоизни ташкил этади.
Хитоб: халқни маънавий инқироз томон бошламанг. Ўзингизни ҳам, томошабинларни ҳам пуч ғояли, беҳаёлик ва ахлоқсизликка асосланган намойишларингиз билан алдаманг! Ҳаёсизлик, ахлоқсизлик, оламонча маданиятни тарғиб этманг!
Зеро, бунинг бадали барчамиз учун жуда оғир бўлади. Бунга тарих гувоҳ.
Сўзимиз сўнгида, Аллоҳ таоло Ўз Каломида, уятсиз, беҳаё ва фаҳш ишларни қоралаб, бундай жиноятларни тарғиб этувчи ҳамда бундан манфаат кўрувчиларни қаттиқ огоҳлантирган ушбу оятни келтириб ўтмоқчимиз:
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур сураси, 19-оят).
ЎМИ матбуот хизмати
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ