Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

МИЛЛАТНИНГ ФИКРИНИ БУЗМАНГ “ШОУМЕН”ЛАР

30.08.2019   6998   5 min.
МИЛЛАТНИНГ ФИКРИНИ БУЗМАНГ “ШОУМЕН”ЛАР

Япон олимлари муттасил тарзда телевизор томоша қилиш инсон веналарининг бекилиб (тўсилиб) қолишига сабаб бўлишини маълум қилдилар.

Унга кўра, бир кун давомида 2,5 – 4 соат телевизор томоша қилиш инсон веналарининг бекилиб қолишини 70%га ошишига олиб келиши аниқланди.      

Бу – телевизорнинг инсон саломатлиги учун бўлган зарарлари. Аммо, сўнги пайтларда телеканаллар сони ошгани сайин унинг ижтимоий зарарлари ва руҳиятга салбий таъсири ҳам кучайиб бормоқда.         

Бугун телевизор оддийгина томоша қутиси эмас, у турли ғоялар ва мафкуралар тарғиботчиси, маҳсулотлар рекламачисидир. Нормал ҳолатда фикрлайдиган инсон оила даврасида унга минг ҳадик билан қарайди.

Ишдан сўнг бирор яхши дастур ёки фильм кўриш илинжи билан каналларни кўздан кечира бошлайсиз. Намойишларнинг аксарияти севги-муҳаббат (йигит ва қизнинг бир-бирига шаҳват ила эҳтиросли қарашлари), бемаъни томошалар (очиқ-сочиқ кийинган актёр ва актрисаларнинг ноўрин ҳаракатлари) ва бачкана шоулардан иборат... Наҳотки, телеканалларимиз шундан бошқа ишларга ярамаса?.. Айниқса, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган кўрсатувлардан маъно қидириб чарчайсан киши. Энг аянчлиси, айни дамларда хусусий каналлар орқали эфирга узатилаётган хорижий дастурлардан тўғридан-тўғри кўчирилган ғарб менталитети билан суғорилган турли хил шоулар орқали халқимизга нима бермоқчи бўл­япти бу “хумпарлар”?

Телевидение жуда катта куч. Таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан унинг имкониятлари сиёсат ва илмдан анча юқори. Шунинг учун ҳам телеканаллардаги намойишлар омма орасида тез “шуҳрат” қозонади ва  анчагача муҳокамаларга сабаб бўлади. Кўпчиликнинг эътибор марказида туради. Бу ҳолат ўз-ўзидан инсонлар дунёқарашига, фикрлаши ва ўй-хаёлларига таъсир кўрсатмай қолмайди. Мисол тариқасида, “Алдама мени”, “Хафа бўлиш йўқ” ёки “Ёшимни топ” ва бошқа турли номдаги инсоннинг ақли ва вақтини ўғирловчи, асабини таранглаштирувчи кўрсатувларни олайлик. Бу бемазаларни кўрмаган томошабин қолмади. Бадиий кенгаш (бор бўлса агар) бу дастурларга қайси нуқтаи назар билан рухсат берган экан?..

Биригина “Алдама мени” кўрсатувини олайлик. Таниқли санъаткорни таклиф этиб, унга ўта шахсий бўлган ҳолат ёки воқеъалар ҳақида савол бериш (нега эрингиздан ажрашгансиз, нечта хушторингиз бор, ўша кеча ким билан нима бўлди, фалончи айбингизни биласизми ва бошқа шунга ўхшаш беҳаё саволлар), агар жавоб бера олмаса маълум бир шарт (сичқон, қурбақа, суварак, калтакесак каби жониворларни ушлаш, оғизда тишлаб олиш...)ни бажаришга мажбурлаш, соғлом одам қиладиган иш эмас. Яна бир жиҳат, кўрсатувнинг моҳиятига эътибор қаратсангиз, асосан меҳмонларнинг айбу нуқсонларини очиш, омма олдида шарманда қилиш, агар бунга кўнмаса инсон жирканадиган ишларни қилишга мажбурлашдан иборат эканлигини англайсиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади(Имом Муслим ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг айбини тўсса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини тўсади. Ким биродарини айбини очса, Аллоҳ таоло унинг айбини очади, ҳатто уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади”. (Ибн Можа ривояти)

Уламолар айтади: Банда хатодан холи эмас. Билиб ё билмасдан бир айб иш қилса, уни ўзи ёки ўзгалар ошкор қилиши жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродаридан бир айб ё хатони кўрса, уни ислоҳ қилишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яшириши яхшидир.

Юқоридаги ҳадислардан келиб чиқсак “Алдама мени” кўрсатувининг муаллифлари бир инсоннинг айбини бутун дунёга ошкор қилиб, шу орқали обрў орттиришни ният қилгандек. Камига, Динимиз (нафақат Динимиз, балки ақли расо ҳар бир инсон) томонидан қаттиқ қораланган исрофгарчиликни кўрсатиб, нодонликнинг энг юқори чўққисини тарғиб этган ҳолда, одамлар онгини заҳарламоқда. Исрофгарчилик орасида энг каттаси бу – вақтни исроф қилиш, беҳуда, Дини ва дунёси учун фойдаси бўлмаган ишлар билан машғул бўлишдир.

 

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар… Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун сураси, 1-3).

       

Албатта, вақтни, умрни, Аллоҳ таоло инъом этган неъматларни қадрловчи мўминлар нажот топади. Аллоҳнинг нажоти эса икки дунё саодатидир. Исрофдан тийилганлар дунё ва охиратда азиз бўлади!

 

Хулоса. Ҳурматли “ижодкор”лар, эфир вақтини тўлдириш, томошабинларни кўпроқ жалб этиш, рейтингда юқори поғоналарда туриш учун курашаётган телеканал “шоумен”лари ва раҳбарлари: бугун халқимиз орасида ахлоқсизлик, беҳаёлик, ориятсизлик, беномуслик, истеъмолчилик кайфияти, дангасалик ва бепарволик хавфли эпидемия каби тарқалмоқда. Мазкур ҳолатнинг ривожланишида “сиз”ларнинг ҳам ҳиссаларингиз каттагина фоизни ташкил этади.

Хитоб: халқни маънавий инқироз томон бошламанг. Ўзингизни ҳам, томошабинларни ҳам пуч ғояли, беҳаёлик ва ахлоқсизликка асосланган намойишларингиз билан алдаманг! Ҳаёсизлик, ахлоқсизлик, оламонча маданиятни тарғиб этманг!

Зеро, бунинг бадали барчамиз учун жуда оғир бўлади. Бунга тарих гувоҳ.

Сўзимиз сўнгида, Аллоҳ таоло Ўз Каломида, уятсиз, беҳаё ва фаҳш ишларни қоралаб, бундай жиноятларни тарғиб этувчи ҳамда бундан манфаат кўрувчиларни қаттиқ огоҳлантирган ушбу оятни келтириб ўтмоқчимиз:  

 

 “Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур сураси, 19-оят).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

10.08.2026   7778   2 min.
Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.

ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.

Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.

Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари