ИСЛОМ ВА ИМОН ШАРТЛАРИ
Ислом дини тинчлик, поклик, ҳалоллик, меҳр-мурувват, инсонларни икки дунё саодатига етказувчи диндир. Бу дин инсонларни ягона илоҳ – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Унинг хоҳиши билан бўлишига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишга чақиради. Ана шуларга қалбан ишонганлар мусулмон, имонли бўладилар.
Мусулмон кишига ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, закот бериш, яъни бойлиги нисобга (муайян миқдорга) етса йилда бир марта маълум миқдорини ҳақдорларга бериш, ҳаж қилиш, яъни моддий ва соғлиғи жиҳатидан қурби етганда ҳамда йўллар бехатар бўлганида белгиланган ойларда Маккаи мукаррамага бориб умрида бир марта ҳаж амалларини адо этиш фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳожи кимнинг гуноҳи кечирилишини сўраса, унинг гуноҳи ҳам кечирилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳим, ҳожининг гуноҳини ва у мағфират сўраган кишининг гуноҳини кечиргин", деб дуо қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ҳожининг гуноҳи ҳам, у мағфират сўраган кишининг гуноҳи ҳам кечирилади..." (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).
Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Ҳожини кўрсанг, унга салом бергин, у билан қучоқлаб кўришгин, уйига киришидан олдин гуноҳларинг кечирилишини сўраб дуо қилишини илтимос қилгин", дер эди (Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Аҳмад ривояти).
Шу сабабли, одамлар ҳожиларни кўришса, уларнинг дуосидан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Аллоҳ таоло ҳожиларни кўрсатиб, фаришталарига — осмон фаришталарига мақтанади (Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Аҳмад ривояти).
“Энг шарафли уммат” китобидан