ИСЛОМ ВА ИМОН ШАРТЛАРИ
Ислом дини тинчлик, поклик, ҳалоллик, меҳр-мурувват, инсонларни икки дунё саодатига етказувчи диндир. Бу дин инсонларни ягона илоҳ – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Унинг хоҳиши билан бўлишига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишга чақиради. Ана шуларга қалбан ишонганлар мусулмон, имонли бўладилар.
Мусулмон кишига ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, закот бериш, яъни бойлиги нисобга (муайян миқдорга) етса йилда бир марта маълум миқдорини ҳақдорларга бериш, ҳаж қилиш, яъни моддий ва соғлиғи жиҳатидан қурби етганда ҳамда йўллар бехатар бўлганида белгиланган ойларда Маккаи мукаррамага бориб умрида бир марта ҳаж амалларини адо этиш фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати