Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

ДАЮС КИМ?

23.08.2019   32492   2 min.
ДАЮС КИМ?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кимса борки, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни уларга (раҳмат назари ила) қарамайди: ота-онасига оққ бўлган кимсага, эркакшода аёлга, даюсга. Ва уч киши жаннатга кирмайди: ота-онасига оққ бўлган кимса, ароқ ичишга муккасидан кетган кимса, берганини миннат қилувчи кимса» дедилар. Имом Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

Имом Аҳмаднинг ривоятларида бундай келган: «Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга жаннатни ҳаром қилган: ароққа муккасидан кетган, оққ бўлган, аҳлида ифлос иш (зино) содир бўлишига рози бўлган кимса».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: эркаклардан даюс, аёллардан эркакшода ва хамр (ароқ)га муккасидан кетган кимса» дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр (ароқ)га муккасидан кетган кимсани тушундик. Аммо эркаклардан даюс ким?» деб сўрашди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли (хотини)нинг олдига кимлар киришига парво қилмайдиган кимса» дедилар. Биз: «Аёллардан эркакшодаси ким?» деб сўрадик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини эркакларга ўхшатган аёл» деб жавоб бердилар.

Демак, кенгроқ олиб қарайдиган бўлсак, даюс:

  • ўзига қарашли аёлларнинг олдига кимлар кираётганига парво қилмайдиган «эркак»;
  • аёли, қизи, синглиси, набираси телефонда, смсда, интернетда кимлар билан гаплашаётганига эътибор бермайдиган «эркак»;
  • аёли, қизи, синглиси, набираси кўчада, бозорда кимлар ила юргани билан иши бўлмайдиган «эркак»;
  • аёли, қизи, синглиси, набираси Туркия, Қорасув, Дубайга «товар опкеламан» деб, маҳрамсиз кетса индамай довдирга ўхшаб ўтирадиган, хотини, қизи, синглиси, набирасининг у ёқларда нималар қилаётганига парво қилмайдиган «эркак»;
  • тўйларда эркаклар олдида аёли, қизи, синглиси, набираси рақсга тушса, «Ўтир жойингга, яна бир марта ликиллаганингни кўрсам оёғингни уриб синдираман, мени даюс бўлишимни, жаннатдан маҳрум бўлиб, дўзахга киришимни истаяпсанми?» дейиш ўрнига, тиржайиб ўтирадиган, бориб пул қистирадиган «эркак»;
  • аёли, синглиси, қизи ва набираси авратлари очиқ ҳолда кўчага чиқса, уларни тергаш, танбеҳ бериш, бу беҳаёликдан қайтариш ўрнига, оғзига талқон солгандек индамайдиган «эркаклар»дир.

Демак, Аллоҳ таоло қиёмат куни даюсга раҳмат назари ила боқмас экан.

Демак, Аллоҳ таоло даюсни жаннатга киритмас экан.

Демак, Аллоҳ таоло даюсга жаннатни ҳаром қилиб қўйган экан.

Маҳрамимиз бўлган аёлларнинг юриш-туришларини, кийинишларини, гап-сўзларини, қаерга бориб, кимлар билан кўришаётганларини назоратга олайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни даюсликдан асраб, ҳамият, рашк, қизғониш туйғуларимизни мустаҳкам қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

05.08.2026   30302   1 min.
“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журнали веб-сайтида қадимий Бухоро шаҳрининг замонавий маданий ва сайёҳлик ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Журнал ёзишича, АҚШнинг "The New York Times" нуфузли газетаси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири - Бухорога бағишланган мақола чоп этган. Газетада Бухоро минг йилдан зиёд вақт давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлгани таъкидланган.

Жумладан, Арк қалъаси, мақбаралар, мадрасалар ва мовий гумбазли масжидлардан иборат бой меъморий меросга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилган.

Журналда таъкидланишича, бугунги кунда Бухоро халқаро маданий марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Ўтган йили ушбу шаҳарда ўтказилган замонавий санъат биенналеси, инфратузилманинг ривожланиши, янги меҳмонхона ва ресторанларнинг очилиши хорижий сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.

“Kyiv Diplomatic” нашри минтақанинг бой гастрономияси, хусусан, машҳур Бухоро оши (ош софи) ва азалий анъаналарни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотлари — сўзана, сопол буюмлар ва қўл меҳнати билан тайёрланган қайчиларни алоҳида эътироф этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари