18 август куни дастлабки гуруҳ ўзбекистонлик ҳожилар она-Ватанга етиб келдилар. Жидда-Тошкент йўналиши бўйича Тошкент халқаро аэропортига етиб келган юртдошларимизнинг барчалари соғ-саломат.
Ҳожилармиз Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Ибодатлар чоғида ҳожилар бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга қут-барака, халқимизга бахт-саодат, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимизга нурли келажак сўраб дуолар қилдилар.
Ўзбекистонлик ҳожиларимизнинг Ватанга қайтишлари шу йил 18 августдан 1 сентябргача давом этади.
Юртимиз ҳожиларини ҳаж амалларини мукаммал адо этганлари билан муборакбод этамиз. Барчаларининг ҳажлари мабрур айлашини Яратгандан сўраймиз.





















Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Навоий вилояти ҳудудида жойлашган қадимги Ҳазора қишлоғидаги меъморий ёдгорлик – Деггарон масжиди VII–IX асрларда қурилган бино ўрнига XI асрда бунёд этилган.
Бу Навоий вилоятида топилган масжидлардан энг қадимгиси. Кейинчалик, масжид, сопол қозон ясовчилар маҳалласи гузарида жойлашгани учун "Деггарон масжиди" деб номланган.
Ўрта асрларда Ҳазора ўртача шаҳар сифатида машҳур эди. Ёнида эса бир канал қазилгани эски араб манбаларида зикр этилган. Шаҳар Бухоро воҳасининг "Улкан чўл" билан чегарасида қўриқлаш функцияларини бажарган ва "Кампир дувол" деб аталмиш эски фортификация тизимига кирган.
Масжиднинг ташқи кўриниши куб шаклида, усти гумбазлар билан ёпилган, хона ичида пишиқ ғиштдан тўрт ғўла (устун) ишланган. Қолган девори хом ғиштдан тикланиб, юзаси пишиқ ғишт билан қопланган. Тўрт рукн – устун (диаметри 128 см) хонақоҳ ичини деворсиз тўққиз қисмга ажратган. Марказий қисми нисбатан йирикроқ гумбаз билан ёпилган. Бошқа қисмларга – бир томонидан деворга, қарши томонидан устунга таянтириб, яна саккизта кичик гумбаз ишланган. XX асрда масжиднинг жанубий ва шарқий деворларига тақаб синчкор айвон қурилган. Айвон устунида бинонинг 1910 йили қайта қурилгани қайд этилган. Кейинчалик айвонлари вайрон бўлган.
Деггарон масжиди – исломият даврининг Марказий Осиёда сақланиб қолган қадимий саждагоҳи сифатида меъморий ўзига хослиги ва содда салобати билан диққатга сазовор.
Oyina.uz