بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي جَعَلَ الْعِلْمَ ضِيَاءً وَنُورًا ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي بُعِثَ مُعَلِّمًا وَقَمَرًا مُنِيْرًا ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ
Ҳурматли жамоат! Инсон жамиятда яшар экан умр давомида турли билим ва кўникмаларга эга бўлади. Бу билим ва кўникмалар яхши ёки ёмон, фойдали ё зарарли бўлиши мумкин. Динимиз бизни ўзимизга ва жамиятга, дунё ва охиратга фойдаси тегадиган илм олишга тарғиб қилади.
Илм – моддий ёки маънавий нарсаларни воқеъликда қандай бўлса шундайлигича идрок этишдир. У – нафсларнинг ҳаёти ва озуқаси, ақлнинг нуридир. Илм олишга тарғиб маъноси бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Илм соҳиблари – имон келтирганлар ичида хос бир мақом ва даражаларга кўтарилиши ҳақида Қуръони каримда хабар берилади:
﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ﴾
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Ояти каримада зикр қилинган “даражалар” ҳақида муфассирлар икки хил сўз айтганлар. Биринчиси – дунёдаги мартаба ва шараф. Иккинчи сўз – бу даражалар охиратда бўлади. Оят ҳақида ҳар икки сўзни жамланса, янада гўзал маъно бўлади. Зеро, илм икки дунё саодатига етаклайди.
Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло адолат билан гувоҳлик беришда илм эгаларини ўзи ва фаришталар қаторида зикр қилади. Бу – илм аҳлига берилган катта баҳодир:
﴿شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ﴾
яъни: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демади. Фақат илм ҳақида шундай дейилган. Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олиш мумкин:
﴿فَتَعَالَى اللَّهُ الْمَلِكُ الْحَقُّ وَلَا تَعْجَلْ بِالْقُرْآَنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يُقْضَى إِلَيْكَ وَحْيُهُ وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا﴾
яъни: “Ҳаққоний Подшоҳ бўлмиш Аллоҳ олий зотдир. (Эй, Муҳаммад!) Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг ва айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!”” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ҳақиқий маънода Аллоҳ таолодан қўрқиш сифати пайдо бўлиши учун кишида илм-маърифат бўлиши лозимдир.
﴿إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ﴾
яъни: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси, 28-оят).
Инсон Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, қудрати ва ҳикматларини қанча кўп билса, шунча кўп Ундан қўрқади. Олим зотлар Аллоҳ таолони сифатлари билан танийдилар ва уни улуғлайдилар. Кимнинг Аллоҳ таоло ҳақида билими бўлмаса, унинг азобидан хотиржам бўлиб қолади. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш эса бандани куфрга олиб боради.
Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан Қуръони каримнинг биринчи ваҳий бўлган ояти ҳам “Ўқинг!”, деб бошланди:
﴿اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ
عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ﴾
яъни: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олимларнинг пешвоси эдилар. Зеро У Зотга Қуръон ва яна Қуръон мислича илм берилди. Қуръони карим ва ҳадиси шариф – барча илмларнинг мустаҳкам асосидир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини турли услубларда билим-маърифатга чорлайдилар, қизиқтирадилар. Дин илмларида билимдон бўлиш – бандага Аллоҳ таоло яхшиликни хоҳлагани, деб тушунтирадилар:
"مَنْ يُرِدِ اَللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي اَلدِّينِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيْه عَنْ مُعَاوِيَةَ رضي الله عنه (
яъни: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга бир одамни ҳидоятга бошлаш катта бахт эканлигини уқтирадилар:
"فَوَاللهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِداً خَيْرٌ لَكَ مِنْ أنْ يَكُونَ لَكَ حُمْرُ النَّعَمِ"
(متفقٌ عَلَيْهِ عن سهل بن سعد رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сиз туфайли бир кишини ҳидоят қилиши, қизил туяларга эга бўлишингиздан яхшироқдир” (Муттафақун алайҳ).
Албатта, инсонларни тўғри йўлга йўллаш илм билан амалга ошади. Илмсизлик билан динга тарғиб қилмоқчи бўлганлар эса тўғри йўлда юрганларни адаштиради ва турли ихтилофлар келтириб чиқаради.
Азиз жамоат! Инсон вафотидан кейин ҳам унинг амал дафтарига худди тириклигидек савоблар ёзилиб туришига сабаб бўладиган учта амал бор. Шулардан бири киши ўзидан кейин қолдирган фойдали илмдир.
Пайғамбаримиз марҳамат қиладилар:
"إِذَا مَاتَ الْعَبْدُ اِنْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ صَدَقِةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ"
(رواه الامامُ البخاري عن أبى هريرةَ رضي الله عنه)
яъни: “Банда вафот этса, унинг амаллари кесилади (яъни, тўхтайди). Лекин уч нарсадан (савоб келиб туради); юриб турувчи садақа, фойдали илм ёки унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Демак илм ўрганиш, уни бошқаларга ўргатиш, халққа фойдаси тегадиган китоблар ёзиш инсон вафотидан кейин ҳам худди тириклар каби савоб олишига сабаб бўлади.
Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
"وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ" )رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши, тушунмаган жойини устозлар ва имом домлалардан сўраб-билиб олиши зарур. Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.
Ҳурматли жамоат! Бизнинг бурчимиз – дин ва дунё билимларини баробар ривожлантириб, аждодларимиз йўлини давом эттириш ва билимда дунё халқларига пешқадам бўлишдир. Зеро бу мақсадларни амалга оширишда биз учун аждодлар қўйган пойдевор ва намуна мавжуд.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Уларнинг на манзили, на шахси, на устози, на мазҳаби маълум! Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин, илмимизни зиёда қилсин! Омин.
ИЛОВА: ТАКБИРИ ТАҲРИМАДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРГАЧА КЎТАРИЛАДИ?
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима айтиб намозга киришилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،"أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ،
وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ" (رواه الإمام مسلم)
яъни: “Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳу: “Мен Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ (رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني).
яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар” )Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир. Чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, – деганлар. Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган:
وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ
яъни: “Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”.
Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида “Дуррул Мухтор” китобида қуйидагилар айтилади:
مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ
яъни: “Икки бош бармоқни қулоғларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди”.
Мана шу масала “Раддул Муҳтор”, “Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” ва бундан бошқа бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни яхши ўрганган ва бир-бирига солиштирган уламоларимизнинг такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги гаплари – шудир! Аллоҳ таоло барчамизни ҳар хил ихтилофлардан сақлаб, китобларимизда баён қилинган масалаларга тўғри амал қилиш бахтини насиб этсин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “МУСТАҚИЛЛИК – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати