Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

09.08.2019 й.БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

05.08.2019   8711   16 min.
09.08.2019 й.БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي جَعَلَ الْمُؤْمِنِينَ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَعَلَى الخيرِ أَنْصَاراً وَأَعْوَاناً، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى خَيرِ خَلْقِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن أَمَّا بَعْدُ

БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

Муҳтарам биродарлар! Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турганимиз учун меҳрибон Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз!

Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли бандаларининг хато-камчиликларини ўчириб, гуноҳларини ювади. Халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта, бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ     أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ  (سورة البقرة/الآيات 157-155)

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155-157 -оятлар).

Бемор кишининг ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш – мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

حَقُّ المُسْلِمِ عَلَى المُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ وَعِيَادَةُ المَرِيضِ وَاتِّبَاعُ الجَنَائِزِ وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ رَوَاهُ "ِ (رواه الامام الْبُخَارِيُّ وَالامام مُسْلِمٌ عن أبي هريرة).

яъни: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу...”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий,  ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири – касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан.

Беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ"

(رواه الامام الترمذي عن علي كَرَّمَ اللَّهُ وَجهَهُ).

яъни: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бемор учун ноқулай бўлмаса, кечқурунлари ҳам уларни кўриш учун бориш мумкиндир.

Азиз мусулмонлар! Беморларни зиёрат қилиш биринчи навбатда яқин қариндошлардан бошланади. Бу ўз навбатида динимизда буюрилган қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Беморларни зиёрат қилиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди:

"إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: "يَا بْنَ آدَمَ مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي؟" قَالَ: يَا رَبِّ كَيْفَ أَعُودُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: "أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ عَبْدِي فُلانًا مَرِضَ فَلَمْ تَعُدْهُ؟ أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ؟" (رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).       

яъни: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега) мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?” Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳозирги кунда шу нарсаларни гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар:

"عُودُوا الْمَرْضَى، وَمُرُوهُمْ فَلْيَدْعُوا لَكُمْ، فَإِنَّ دَعْوَةَ الْمَرِيضِ مُسْتَجَابَةٌ، وَذَنْبَهُ مَغْفُورٌ"

 (رواه الامام الطبراني والامام البيهقي عن أنس رضي الله عنه).

яъни: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Динимизнинг гўзал ҳикматлари ва Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, биз агар бир бемор биродаримизни кўриш учун борсак, гўёки унинг оғирини енгил ва дардига шифо тилаб қайтамиз ва асосий мақсад шу билан ҳосил бўлади, деб тушуниб қолганмиз. Ваҳоланки, Раҳимли Парвардигоримиз шу савобли ишда ҳам биз бандаларига кўпроқ ажр-савоб топиш ва дуоси мустажоб бўладиган инсонларнинг дуосидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар қилди.

Улуғ савобларда доим пешқадам бўлган Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг фазилатларига далолат  қилувчи қуйидаги ҳадисда ҳам беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида бундай дейилган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ صَائِمًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ جَنَازَةً؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مِسْكِينًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ عَادَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مَرِيضًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا اجْتَمَعْنَ فِي امْرِئٍ إِلاَّ دَخَلَ الْجَنَّةَ"

(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўза тутти?” – десалар, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор жанозада иштирок этди?” – десалар, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор мискинга таом берди?” – десалар, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, – деди.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор беморни кўргани борди?” – десалар, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, – деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда шу барча хислатлар (бир кунда) жам бўлса, у жаннатга киради”, – дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳар бир хайрли ишнинг одоби бўлгани каби, уламоларимиз беморнинг зиёрати бобидаги одобларни қуйидагича санаб берганлар:

  • Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда, очиқ юз, хуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
  • Касал кўриш чоғида беморга дард – Аллоҳнинг бир неъмати экани, банда унга сабр қилса, Аллоҳ таоло билиб-билмасдан қилинган гуноҳларни кечиришини айтиб, беморни кўнгли кўтарилади.
  • Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли берилади.
  • Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади ва унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
  • Беморни зиёрат қилиш – Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
  • Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш – мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
  • Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” – деб сўралади. Агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
  • Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтилмайди.
  • Агар зарурат бўлмаса, касал кўргани кечаси бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
  • Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтирилмайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
  • Хасталикка чалинган киши ҳам, ўз навбатида, келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
  • Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади. Имкон бўлса беморни дуоси олинади. Чунки унинг дуоси ижобатдир. Хайрлашишда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.

 

ИЛОВА: ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи энг савобли ибодатлардан бири – қурбонликдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ وَ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا).

яъни: “Одам боласи қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида қон чиқаришидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амал йўқ. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади. Шунинг учун дилдан чиқариб қурбонлик қилинглар”, – дедилар” (Имом Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).

Қурбонлик қилиш жаҳаннамдан тўсиқлиги ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لِأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجَاباً مِنَ النَّارِ"

 (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ الحُسَيْنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا)

яъни: “Ким қурбонликни чин кўнгилдан ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Табароний ривояти).

Қурбонлик қилинаётган жонлиқни биринчи қон томчиси ерга тушиши билан эгасининг гуноҳлари кечирилиши борасида ҳадиси шарифда шундай келади: 

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِفَاطِمَةَ: " يَا فَاطِمَةُ قُومِي إِلَى أُضْحِيَّتِكِ فَاشْهَدِيهَا فَإِنَّ لَكِ بِأَوَّلِ قَطْرَةٍ تَقْطُرُ مِنْ دَمِهَا أَنْ يُغْفَرَ لَكِ مَا سَلَفَ مِنْ ذُنُوبِكِ"، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، هَذَا لَنَا خَاصَّةً أَهْلَ الْبَيْتِ أَمْ لَنَا وَلِلْمُسْلِمِينَ عَامَّةً؟ قَالَ: "بَلْ لَنَا وَلِلْمُسْلِمِينَ عَامَّةً"

(رواه الإمام الحاكم عن ابي سعيد الخدرى رضى الله عنه).

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима разияллоҳу анҳога: “Эй Фотима қурбонлигингиз олдида туриб гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади”, – дедилар. Шунда Фотима онамиз: “Эй, Аллоҳнинг Расули, бу фақат бизни оиламиз учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” – дедилар. Шунда У Зот: “Биз ва барча мусулмонлар учун”, – дедилар” (Имом Ҳоким ривояти).

Қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, жонлиқ сўймаган кишидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хафа бўлиб бундай деганлар:

"хафа бўлибаган кишидан Пайғамбаримиз  эгасини гуноҳлари кечирилиши борасида ҳадиси шарифда шундай келади:مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا" (رواه الإمام ابن ماجه والإمام أحمد)

яъни: “Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса, намозгоҳимизга келмасин” (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Шундай экан, имконимиз бўлса, ҳар биримиз бундай буюк савобли ишда бир-биримиз билан мусобақа қилишимиз айни муддаодир.

 

 

 

ИЛОВА: 2019 йил Қурбон ҳайити куни ва намозининг вақти

 

Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъати ҳижрий 1440 йил зулҳижжа ойининг биринчи куни 2019 йилнинг 1 августига тўғри келганини инобатга олиб, жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 2019 йил 11 август (зулҳижжа ойининг 10 куни) якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди.

Шунга кўра, 2019 йил 11 август якшанба куни Қурбон ҳайити намози Тошкент вақти билан 05:45 да, бошқа жойларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизга Ўзининг файзу баракотини ато этсин! Омин!

 

Қурбон ҳайити намозини вилоятларда

ўқиладиган вақтлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

 

Вилоят

Намоз вақтлари

1.      

Андижон вилояти

05:35

2.      

Бухоро вилояти

06:10

3.      

Жиззах вилояти

05:55

4.      

Навоий вилояти

06:05

5.      

Наманган вилояти

05:35

6.      

Самарқанд вилояти

06:00

7.      

Сирдарё вилояти

05:50

8.      

Сурхондарё вилояти

06:00

9.      

Тошкент вилояти

05:50

10.            

Тошкент шаҳри

05:45

11.            

Фарғона вилояти

05:35

12.            

Хоразм вилояти

06:20

13.            

Қашқадарё вилояти

06:05

14.            

Қорақолпоғистон Республикаси

06:25

 

Эслатма: Ушбу жадвалда кўрсатилган вақтлар қуёш чиққанидан кейин 15-20 дақиқалик фарқни инобатга олиб белгиланди.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   18950   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари