27 июль куни Маккаи мукаррамага ҳаж амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳи “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тантанали равишда катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди.
Катта орзулар, яхши тилаклар ва чин ихлослар оғушида келган бўлғуси ҳожиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилик қилиб келдилар.
Зиёратчиларимиз муҳташам меҳмонхонага яқинлашиб келганларида нашидлар-салавотлар айтилди, сават тўла хурмолар тутилди ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, муқаддас зам-зам сувлари икром қилинди.
“Ҳаж – 2019” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати мутасаддилари юртдошларимизга табассум ила пешвоз чиқдилар.
Ҳашаматли меҳмонхонадан жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда мамлакатимиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ аъзолари эҳтироми ва моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомлари ҳамда ширинликларидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳақиқатан, бу йилги ҳаж мавсумига пухта тайёргарлик кўрилгани дастлабки ташкилий ишлар, кутиб олиш жараёнлариданоқ кўзга ташлана бошлади. Гап шундаки, зиёратчиларни катта тантана ила кутиб олиниши, иззат-икром қилиниши, юкларини қабул қилиб олиш, уларни ташиш, меҳмонхоналарга олиб келиш, зиёратчиларни шинам хоналарга жойлаштириш ва ибодатларни бекамикўст адо этишга кўмаклашиш каби савобли ишлар таҳсинга лойиқдир.
Бундай ажойиб шароитлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатларини янада оширади ва ихлосларини зиёда айлайди.







Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати