Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Маккада зиёратчилар катта эҳтиром ила кутиб олинди

27.07.2019   5220   1 min.
Маккада зиёратчилар катта эҳтиром ила кутиб олинди

27 июль куни Маккаи мукаррамага ҳаж амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳи “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тантанали равишда катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди.
Катта орзулар, яхши тилаклар ва чин ихлослар оғушида келган бўлғуси ҳожиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилик қилиб келдилар.

Зиёратчиларимиз муҳташам меҳмонхонага яқинлашиб келганларида нашидлар-салавотлар айтилди, сават тўла хурмолар тутилди ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, муқаддас зам-зам сувлари икром қилинди.
“Ҳаж – 2019” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати мутасаддилари юртдошларимизга табассум ила пешвоз чиқдилар.

Ҳашаматли меҳмонхонадан жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда мамлакатимиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ аъзолари эҳтироми ва моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомлари ҳамда ширинликларидан баҳраманд бўлдилар.

Ҳақиқатан, бу йилги ҳаж мавсумига пухта тайёргарлик кўрилгани дастлабки ташкилий ишлар, кутиб олиш жараёнлариданоқ кўзга ташлана бошлади. Гап шундаки, зиёратчиларни катта тантана ила кутиб олиниши, иззат-икром қилиниши, юкларини қабул қилиб олиш, уларни ташиш, меҳмонхоналарга олиб келиш, зиёратчиларни шинам хоналарга жойлаштириш ва ибодатларни бекамикўст адо этишга кўмаклашиш каби савобли ишлар таҳсинга лойиқдир.
Бундай ажойиб шароитлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатларини янада оширади ва ихлосларини зиёда айлайди.

 



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

17.01.2025   6474   3 min.
Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?

Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)

Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.

Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.

“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.

Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.  Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.

Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси