Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укаси Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган марҳумнинг чеккан заҳматлари, тортган дардларини гуноҳларига каффорат қилиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли-аёли, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан муфтий ҳазратларига ва марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғидаги “Орлот” жоме масжидида жума намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати