بسم الله الرحمن الرحيم
ҲАЖ ВА УМРА – МУБОРАК ИБОДАТ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي فَرَضَ عَلىَ عِبَادِهِ حَجَّ بَيْتِهِ الْحَرَامِ ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا سَيِّدِ الأَنَامِ ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ أَمَا بَعْــدُ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, ҳаж амали – Ислом динимизнинг беш асосий фарзларидан биридир. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир.
Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”дир.
Шариатимизда “ҳаж” – “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш”дир (“Нурул изоҳ”).
Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий йилда ҳаж қилдилар.
Ҳажнинг фарзлиги Қуръони карим, суннати шариф ва ижмоъ билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади. Аёл кишига эса – юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши лозим. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:
فِيهِ آَيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آَمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ
яъни: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳажнинг фарзлигини билдирадиган бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Ислом беш нарса устига бино қилинган...” (Муттафақун алайҳ), ҳадисида ҳажнинг фарзлиги очиқ баён қилинган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар:
حُجُّوا فإِنَّ الحَجَّ يَغْسِلُ الذُّنُوبَ كما يَغْسِلُ المَاءُ الدَّرَنَ
(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرانِي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَرَادٍ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади”(Имом Табароний ривояти).
Ҳажга алоқадор бошқа оятлар ҳам бор:
وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ فَإِنْ أُحْصِرْتُمْ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنَ الْهَدْيِ
яъни: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) қуршовда қолсангиз, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг” (Бақара сураси, 196-оят).
Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ
яъни: “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят). Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.
Ҳаж – қадимий буюк бир ибодатдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чорлашни буюрди. Бу чақириққа “лаббай” деганлар улуғ ибодатни амалга оширадилар ва кўпдан-кўп манфаатлар кўрадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ
яъни: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 26-27-оятлар).
Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
العُمْرَةُ إِلَى العُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَينَهُمَا ، وَالحَجُّ المَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الجَنَّةَ
متفقٌ عَلَيْهِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه
яъни: “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).
Умра Ҳанафий мазҳабимизда суннати муаккада ҳисобланади (“Нурул изоҳ”). Уни йилнинг барча вақтида адо қилиш мумкин. Фақат Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда умра қилиб бўлмайди. Бу ҳадис қайта-қайта умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Демак, ихлос билан қилинган умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади. Ҳадиси шарифда мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Мабрур ҳаж холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши ҳажга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шарт-шароитлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.
Шунингдек ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам “ҳажжи мабрур”нинг шартларидан ҳисобланади. “Ҳажжи мабрур” қилган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ
(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ أحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ҳажнинг мукофоти улуғлиги билан бирга уни тарк қилишнинг гуноҳи ҳам катта. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
مَنْ أَطَاقَ الْحَجَّ فَلَمْ يَحُجَّ، فَسَوَاءٌ عَلَيْهِ يَهُودِيًّا مَاتَ أَوْ نَصْرَانِيًّا
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو بَكْرٍ الإِسْمَاعِلِيُّ)
яъни: “Ким ҳаж қилишга қодир бўла туриб, уни адо қилмаса, у учун яҳудий бўлиб ўлишнинг ҳам, насроний бўлиб ўлишнинг ҳам фарқи йўқ” (Имом Абу Бакр Исмоилий ривоят қилган).
Ҳурматли жамоат! Кейинги йилларда ҳожиларимизга яратилаётган шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Шундай неъматларга шукрона ўлароқ, ҳажни мақсад қилиб турган ватандошларимиз муборак сафар давомида, доимо гўзал одоб, чиройли муомала, бошлиқларга итоат каби меъёрларга риоя қилишлари лозимдир. Зеро, муборак сафар давомида ҳожиларимиз бутун халқимиз ва диёримизнинг юзи бўладилар.
Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.
Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.
Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, ўқиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Ҳаж давомида ғийбат, бекорчи гаплар, ишбоши ва ҳамроҳларга тил билан озор беришдан сақланиш шарт. Зеро, Ҳарами шарифга кирган, эҳром ўраган ҳар бир ҳожи уруш-жанжал, беҳаё сўзлар, ўзгаларни ҳақорат қилишдан ҳазар қилиши керак. Ҳатто, майда жониворларни ўлдириш, Ҳарамдаги ўт-ўланларни юлиш мумкин эмас. Бу ишлар ҳажда “жиноят” деб ҳисобланади. Модомики, кичик ҳашарот, ўт-ўланга зарар етказиш “жиноят” экан, ташкилотчилар ва ҳамроҳларнинг қалбини аччиқ сўзлар билан жароҳатлаш, дилини оғритиш ва хафа қилиш икки карра “жиноят” эмасми?! Бу ҳақда муборак сафарга чиқишдан аввал яхшигина ўйлаб кўришимиз керак. Мавлоно Жалолиддин Румий бу ҳақда шундай дейдилар:
Каъба – бунёди Халили Озар аст,
Дил – назаргоҳи Жалили Акбар аст.
яъни:
Каъба – Иброҳим Халил бунёди эрур,
Қалб – Аллоҳ таолонинг назаргоҳидур.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишлар ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.
Азиз жамоат! Мавъизамизнинг давомини “Аёлларнинг масжидга қатнаши” мавзусидаги суҳбат билан якунлаймиз.
Муқим аёллар фарз намозларни масжидга чиқиб, жамоат бўлиб ўқишларига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча шартлар билан рухсат берган эдилар. Масалан, хотин киши масжидга борганда эркакларга аралашмаслиги, ўзига оро бериб, ҳушбўй нарса сурмаслиги каби шартлар қўйилган эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилмангиз. Лекин улар (масжидга чиқсалар) хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар”, – деганлар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадисда эркак кишиларга аёлларнинг жамоат намозига чиқишидан қайтармасликларини буюрилиб, аёлларни бегона эркаклар эътиборини ўзига тортувчи барча омилларни қилишдан қайтарилмоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг даврида аёлларни масжидга боришдан ман қилинди. Ўша даврда ҳаёт бўлган буюк саҳобалардан бирортаси ҳазрати Умарнинг ушбу қарорига эътироз билдирмади. Баъзи аёллар Оиша разияллоҳу анҳо онамизга: “Пайғамбаримиз даврларида ман қилинмаган нарса ҳозирга келиб ман қилинди”, – деган маънода шикоят қилганларида Оиша разияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:
لَوْ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى مَا أَحْدَثَ النِّسَاءُ؛ لَمَنَعَهُنَّ الْمَسْجِدَ كَمَا مُنِعَتْ نِسَاءُ بِنِي إِسْرَائِيلَ
“Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз гувоҳи бўлаётган кейинги аёлларнинг ҳолатини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари (масжидга чиқишдан) ман қилинганларидек, албатта, масжиддан қайтарган бўлар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Уламоларимизни фикрларича, Бану Исроил аёлларига ҳам бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, масжидда эркакларга аралашиш содир бўлгандан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлларнинг ёлғиз ўқиган намози фазилати ҳақида шундай дейдилар:
صلاةُ المرأةِ في مَخدعِها أفضلُ من صلاتِها في بيتِها، وصلاتُها في بيتِها أفضلُ من صلاتِها في حُجرتِها"
رَوَاهُ الإِمَامُ أبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ البَزَّارُ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه
яъни: “Аёл кишининг ҳовлисидаги намозидан уйидаги намози афзалдир. Унинг уйидаги намозидан ўзига хос хонасидаги намози афзалдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривояти).
Демак, аёл киши намозни қанча бировни кўзи тушмайдиган жойда ўқиса, шунча яхши бўлиши таъкидланмоқда. Чунки аёл кўринадиган жойда намоз ўқиса, номаҳрам кишиларнинг кўзи тушиб қолиши эҳтимоли бор. Оқибатда эса бошқа ношаръий ишларга эшик очилади.
Юқорида зикр қилинган ва бошқа кўплаб далилларни ўрганган фуқаҳоларимиз қуйидаги фикрларни айтганлар:
Аллома Бадруддин Айний “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва баъзи буюк мужтаҳид имомлар фитна хавфи бўлмаган ҳолларда ёши қари аёллар бомдод, шом, хуфтон намозларига масжидга чиқишларига рухсат берганларини, кейинчалик фисқ-у фасод кенг тарқагани сабабли кейинги фақиҳлар ҳатто кампирларни ҳам ҳеч бир намозни, на тунги ва на кундузги намоз бўлсин, масжидда ўқишлари мумкин эмаслигини таъкидлашгани”ни айтган (“Ал-Биноя шарҳул-Ҳидоя”).
Ёш қиз ва жувонлар масжидга чиқиб, жамоат билан намоз ўқишини барча фақиҳлар бир овоздан ман қилганлар. Жумладан,
Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай дейди:
“...Аёлларга намозни жамоат билан адо қилиш вожиб бўлмайди. Чунки аёлларнинг жамоат намозларига чиқишида фитна бордир” (“Бадоеъус-Саноеъ”).
Муҳаққиқ олим Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ бу масалани атрофлича баҳс қилиб, қуйидаги хулосани айтган:
وَالْمُخْتَارُ: مَنْعُ العَجُوزِ عَنْ حُضُورِ الْجَمَاعَةِ فِي جَمِيعِ الأَوْقَاتِ فَضْلاً عَنِ الشَّابَّةِ
“Ихтиёр қилинган гап шуки, барча намозларга нафақат ёш қиз, балки, кампирларни масжидга келишларидан ман қилинади” (“Фатҳу бабил-иная”).
Демак, Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, аёллар хоҳ ёш, хоҳ қари бўлсин, жамоат намозларида иштирок этишлари ҳамда жума ва ҳайит намозларига чиқишлари мумкин эмас.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Ҳаж ва Умра зиёратига борган аёллар ўз маҳрамлари билан биргаликда у ердаги жамоат намозларда иштирок этишлари мумкин. Бу – муборак Икки ҳарамнинг ўзига хос фазилати сабаблидир. Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиб, юртимизга соғ-саломат ҳолда қайтиб келишларини муваффақ айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси