Шу йилнинг 16 август куни Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси қароргоҳида XVI Бутунроссия мусулмон ёшлар форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Форум иштирокчиларини Татаристон Республикаси муфтийсининг биринчи ўринбосари Илфар ҳазрат Ҳасанов, “Aжал Буфкеран” жамғармаси (Марокаш) магистри, профессори Шайх Aбдурраҳим Лакрим, Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси ижтимоий ривожланиш бўлими мудири ва Татаристон Республикаси инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Ойгул Биктимирова табриклайди.
Форум 16-23 август кунлари Болгарнинг қадимий шаҳрида чодирлар шаҳарчаси шаклида мусулмонлар ўртасида хайрия ишлари мавзусида ўтказилади. Унда Индонезия, Миср, Лондон, Қрим Республикаси, Бошқирдистон, Кабардино-Балкария (Налчик), Чувашия ва Татаристон, шунингдек, Перм ўлкаси, Москва, Aстрахан, Владикавказ, Свердловск вилояти, Ижевск, Йошкар-Ола, Самара ва Ханти-Мансийскдан 18-30 ёш атрофидаги 100 га яқин иқтидорли ёш иштирок этади.
Форум Россияда уммат манфаати учун ижтимоий лойиҳаларни яратиш ва амалга ошириш учун платформага айланади. Яъни ёш мусулмонларга ижтимоий стартапларни амалга оширишнинг турли босқичларида қандай “пакетлаш”ни ўргатади: булар грант танловларида қатнашиш учун тақдим этилиши мумкин бўлган ғоя ёки тайёр лойиҳалар бўлиши мумкин.
Мусулмон ёшлар форуми натижаларига кўра энг яхши лойиҳалар танлаб олинади. Форум дастуридан диний билим олиш, илмий-маърифий маърузалар, тренинглар, маҳорат дарслари, ТЕД ва дебатлар, кинозал ва китоб клуби, саёҳат ва экскурсиялар ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати