Мақтовлар одамга хуш ёқадиган, аммо саломатликни издан чиқарадиган, руҳиятни айнитадиган иллатдир. Уни хуш кўрадиганлар, бир фурсат хузур топгандай бўладилар.
Аслида мақтовларни эшитаётган чоғда юракнинг ўйноғи бошланади. Юрак қон-томир тизимидаги ўзгариш бутун вужудга тарқалиб, энг аввало, жигар фаолиятини бузади. Бундан бош оғриғи бошланади. Хаттоки, талоқнинг шамоллаши, асаб толаларининг мўртлашуви рўй беради. Овқат ҳазм бўлиши кийинлашиб, асабийлик ҳолати кучаяди.
Айниқса, аёллар мақтовга ўч бўлмасликлари керак. Чунки мақтовлар, лаганбардорлик билан айтилган ширин сўзлар одамни инжиқ ва иззатталаб қилиб қўяди. Инжиқ одамга ҳеч ким ва ҳеч нима ёқмайди. Унинг баданига турли-туман ҳасталиклар жамлана бошлайди. Шу боисдан улар саломат бўла олмайдилар.
Ким сизни мақтай бошласа, бундай суҳбатдан ўзингизни нарироқ олинг. Улар аслида, руҳиятни издан чиқариб, танага кўринмас заҳматларни хавфли рақиблардир. Сизни манман ва мақтанчоқликка мойиллаштириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Мақтанчоқлар ўз соғлиги ҳақида қайғура олмайдилар. Кўпдан-кўп бош оғриғи ва қон босими ҳасталикларидан қийналиб яшайдилар. Уларнинг чирой-чиммати ҳам йўқола боради. Бошқаларнинг берган тўғри маслаҳатларини ҳам қабул қилмайдилар ва дўстларни ҳам қабул қилмайдилар ва дўстларни ҳам душман деб ўйлайдилар. Ўзига мақтов айтган одамнигина дўст деб биладилар. Уларнинг юраги , ошқозони, жигари, талоғи хастадир. Сал нарсага жаҳли чиқиб, атрофидаги одамларни ҳам хуноб қилиб ташлайди. Мақтовни ёки ширин сўзларни тўғри қабул қилмоқ учун кўнгил гавҳарини тиниқ сақламоқ керак.
Руҳий покланишни билинг
Мен сендан зўрман ва зўрлигимни кўрсатиб қўяман, тарзида иш тутишдан қон босими кўтарилиб, мия зўриқиб ишлайди. Бундай паллада жигар, юрак, буйрак каби аъзоларнинг фаолиятида кескин ўзгариш, зўриқиш рўй беради. Уларнинг фаолиятини ўз маромига қайтариш осон кечмайди. Руҳиятга берилган зўриқиш турли-туман касалликларни қўзғаб, биринчи навбатда юракни ҳижил қилади, ақл-заковатни ўтмаслаштиради. Оғир-босиқлик бу қўрқоқлик эмас, доноликдир.
Убайдуллоҳ Тўрақулов Булоқбоши тумани “Кулла” жоме масжиди имом-ноиби
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ