بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ للهِ الَّذِي نَهَى عَنِ الإِسْرَافِ وَالتَّبْذِيرْ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ البَشِيرِ النَّذِيرْ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينْ، أما بعد:
ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК!
Муҳтарам жамоат! Барчамизга маълумки, Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки, ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш исроф саналади ва у Ислом динининг мўътадилликка асосланган таълимотига зид келади. Исроф деб, шариат тилида бирор иш ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, кўнгилдаги хоҳиш истакларни амалга оширишда мўътадиллик чегарасидан чиқишга айтилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофгарларни суймаслигини ва улар шайтоннинг биродарлари эканлигини баён қилган. Жумладан,
إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “...У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ
وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا
яъни: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Биз кўпинча исроф деганда таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф ҳаражат қилишнигина тушунамиз. Бу ҳам тўғри. Аммо, нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деб марҳамат қилган (Аъроф сураси, 31-оят).
Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” - деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан (Мадорик тафсиридан).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар:
إِيَّاكُمْ وَالْبِطَنَةَ مِنَ الطَّعَامِ وَالشَرَابِ؛ فَإنَّهَا مُفْسِدَةٌ لِلْجَسَدِ، مُورِثَةٌ لِلسَّقَمِ، مُكْسِلَةٌ عَنِ الصَّلاَةِ، وَعَلَيْكُمْ بِالْقَصْدِ فِيْهِمَا؛ فَإنَّهُ أَصْلَحُ لِلْجَسَدِ، وَأَبْعَدُ مِنَ السَّرَفِ وَأَقْوَى لِلْعِبَادَةِ
яъни: “Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.
Сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Аллоҳ таоло эҳсон қилиш, нафақа улашишга буюрган ўрнида, исроф қилишдан, ҳаддан ошишдан қайтаради. Қуйидаги оят бунга далил бўлади:
وَهُوَ الَّذِي أَنْشَأَ جَنَّاتٍ مَعْرُوشَاتٍ وَغَيْرَ مَعْرُوشَاتٍ وَالنَّخْلَ وَالزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُتَشَابِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآَتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).
Ибн Журайждан ривоят қилинишича, ушбу оят Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган бўлиб, у боғдаги хурмосини териб олади ва: бугун олдимга келган кишиларнинг ҳаммасига мевадан эҳсон қиламан, деди. Келган одамларнинг ҳаммасига мевадан бераверди. Кечга бормай ўзига мева қолмади. Шунда, Аллоҳ таоло: “Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”, деган оятни нозил қилди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида:
كُلُوا وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا وَتَصَدَّقُوا، فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيْلَةٍ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.
Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади.
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари, исрофгарликдан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
Исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омиллар:
Исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари:
Исрофгарликдан қутулиш йўллари:
Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан Ўз паноҳида асрасин! Омин!
“Исрофдан сақланайлик” тезисига илова:
Муҳтарам азизлар! Салом бериш – Ислом динининг шиори, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларидир. Шунингдек, салом берувчи кишининг тавозели ва камтар эканининг белгисидир. Саломга алик олиш эса – вожибдир. Аллоҳ таоло салом берилганда унга алик олишни буюриб, шундай дейди:
وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا
(سُورَةُ النِّسَاءِ / الأَيَةُ 86)
яъни: “Қачон сизларга салом беришса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олувчи зотдир” (Нисо сураси, 86-оят).
Демак, бирор киши бизга "Ассалому алайкум" деса, биз унга ҳеч бўлмаганда: "Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ" деб, алик олишимиз шарт. Агар бизга: "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ" дейилса, "Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ", деб жавоб қайтаришимиз лозим. Салом берилганда уни эшитиб туриб, алик олмаган киши гуноҳкор бўлади.
Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва самимийликни келиб чиқишига сабаб бўлади.
"لا تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَلا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ، أَفْشُوا السَّلامَ بَيْنَكُمْ"
(رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллома Тибий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Саломни кенг ёйиш – ўзаро меҳр-муҳаббатга сабабчидир. Бу эса имоннинг мукаммаллигига олиб келади. Салом ила мусулмон жамиятда дўстлик, иноқлик ва ўзаро улфат келиб чиқади. Шунингдек, бу одатда мусулмонлар бирдам бўлиши, бошқа миллатлардан ажратиб турувчи шиорларининг намоён бўлиши юзага келади, ўзаро гина ва адоватлар кўтарилади”.
Шариатимизга кўра мусулмон одам ҳар қандай гапни салом беришдан бошлашига тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"السَّلَامُ قَبْلَ الْكَلَامِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه)
яъни: “Салом каломдан аввалдир”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Демак, гапиришдан аввал салом берилади, кейин гап бошланади. Бир жойга, бировни олдига кирмоқчи бўлган киши аввало салом бeриб, кeйин кириш учун изн сўрайди.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси хислати яхши?”, – деди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"تُطْعِمُ الطَّعَامَ وَتَقْرَأُ السَّلَامَ عَلَى مَنْ عَرَفْتَ وَعَلَى مَنْ لَمْ تَعْرِفْ"
(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ).
яъни: “Таом беришингиз ва таниган-танимаган кишига салом беришингиз”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Салом бериш тартиби қуйидагилардан иборат. Уловда кетаётган одам – пиёдага, юриб кетаётган киши – ўтирган одамга, кичик ёшдаги киши – ёши катталарга, озчилик – кўпчиликка салом беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"يُسَلِّمُ الصَّغِيْرُ عَلَى الْكَبِيْر،ِ وَالْمَارُّ عَلَى الْقَاعِدِ، وَالْقَلِيْلُ عَلَى الْكَثِيْرِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Кичик – каттага, юрган – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка салом беради”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда:
"يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِيْ وَالْمَاشِيْ عَلَى الْقَاعِدِ وَالْقَلِيلُ عَلَى الْكَثِيْرِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Уловдаги киши – пиёдага, юриб кетаётган киши – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка салом беради”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламои киромларимиз фарзандлар ҳамда ёшларга тўғри салом беришни ўргатиш – ота-онанинг, ёши улуғларнинг бурчлари эканини таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам насихат қилиб:
"يَا بُنَيَّ إِذَا دَخَلْتَ عَلَى أَهْلِكَ فَسَلِّمْ يَكُنْ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَعَلَى أَهْلِ بَيْتِكَ" (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسِ رضي الله عنه (
яъни: “Эй ўғлим, қачонки уйингизга кирсангиз, аҳли оилангизга салом бергин. Шунда сизга ҳам аҳли оилангизга ҳам барака бўлади”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳеч ким йўқ жойга кирилганда ҳам, киши ўз уйига кирганда ҳам салом билан киришига тарғиб қилинган. Чунки, салом билан бирга уйларимизга хайр-барака киради.
"إِذَا انْتَهى أَحَدُكُمْ إِلَى المَجْلِسِ فَلْيُسَلِّمْ، فَإذَا أرَادَ أنْ يَقُومَ فَلْيُسَلِّمْ، فَلَيْسَتِ الأُولَى بِأحَقّ مِنَ الآخِرَةِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Сизлардан бирингиз бирор масжлисга борганда, салом берсин. Агар туришни ҳоҳласа ҳам, салом берсин. Аввалгиси кейингисидан ҳақли эмасдир”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дeмак, биров билан кўришганда ёки бирор йиғинга кирганда салом бeриш – суннат экан. Шунингдек, суҳбат якунланганда ҳам уни салом бериш билан тамомлаш ҳам – суннат. Ҳар биримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак суннатларини тирилтириш, уни ҳаётимизга татбиқ этиш мақсадида ўзро суҳбат ва учрашувларимизда салом беришга одатлансак улкан ажрларга эга бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизга динимиз шиорларини эҳтиром қилиб, унга амал қилиб яшаш бахтини насиб этсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума суҳбати “ФОЛБИНГА БОРИШ – ОҒИР ГУНОҲ” мавзусида бўлади.
Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сиёсий мулоқот, маданий дипломатия ва иқтисодий ҳамкорликнинг амалий давомидир. Ташриф давомида тарихий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва замонавий тараққиёт концепцияларини уйғунлаштирган Марказ экспозициялари билан танишган делегация Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси бугунги ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик стратегиясининг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан таништирилиб, унинг концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонларда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлим бўлди. Қадимги савдо йўллари хариталари, Шарқ ва Ғарбни боғлаган карвон йўллари, цивилизациялар ўртасидаги иқтисодий, илмий ва маданий алмашинув жараёнларини акс эттирувчи экспозициялар юзасидан делегация аъзолари мутахассисларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.
Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси, Бибихоним тарихи ҳамда Темурийлар даврининг юксак маданий муҳитини акс эттирувчи экспонатлар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Делегация, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги замонавий ташқи сиёсати ва глобал ҳамкорликларига бағишланган интерактив харитага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Турли давлатлар билан шаклланган стратегик шериклик ва дипломатик муносабатларни акс эттирувчи рақамли экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида ташкил этилган спорт бўлими эса ташрифнинг энг самимий лаҳзаларидан бирига айланди. Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида спортнинг халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим восита экани алоҳида қайд этилди.
Айман ас-Сафадий, Иордания ташқи ишлар вазири:
– Ўтган йили Жаноби Олийлари Қирол Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг бу ерга келиш мен учун алоҳида мамнуниятдир. Ўша ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа бўлди. Бизни қардошлик ришталари, муштарак тарих ва ўзаро ишонч бирлаштириб туради. Бугун эса ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида изчил иш олиб боряпмиз.
Бугунги Ўзбекистон кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлайдиган, миллий меросни илмий асосда сақлаш ва уни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга хизмат қиладиган муҳим муассасадир.
Бой тарихни келажак тараққиёти билан боғлай олган бундай маскан ҳар қандай халқ учун бебаҳо бойликдир. Ишонаманки, ана шу мустаҳкам тарихий пойдевор Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига ҳам хизмат қилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ мақсад ва равшан истиқболга эгамиз. Олдимизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йил якунида Ўзбекистон Президентининг Аммон шаҳрига ташрифини катта мамнуният билан кутмоқдамиз. Ишончим комилки, бу учрашув стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлайди, — деди Иордания ташқи ишлар вазири.
Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг эсдалик совғаларини топширди.
Шунингдек, Айман ас-Сафадий Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ушбу қайд Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий дўстлик, умумий маънавий қадриятлар ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишларнинг рамзий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати