Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг миллий кураш тури бўйича ўтказилаётган мусобақанинг вилоят босқичлари ташкил этилмоқда.
Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган мазкур босқичларда шаҳару туманларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ўзаро беллашди. Улар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва маҳоратини намоён этишди.
Якуний натижаларга кўра, энг кучли ва маҳоратли иштирокчилар ғолибликни қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақалар диний соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий спорт турларини ривожлантириш ва ўзаро дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати