Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига 2019-2020 ўқув йили бўйича ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун жорий йилнинг 17-29 июнь кунлари мобайнида Тошкент ислом институтида бепул тайёрлов курси ташкил этилади.
Тайёрлов курси учун абитуриентлардан ҳужжатлар 2019 йилнинг 11 июнидан 15 июнигача қабул қилинади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат нусхаси;
- 4 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги).
Тайёрлов курси қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Ҳадис истилоҳлари;
- Ҳадис шарҳлари;
- Араб тили.
Эслатма: Тайёрлов курси иштирокчилари ётоқхона билан таъминланмайди.
Манзил: Тошкент ислом институти.
Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.
Тел: (0371) 227-23-47
ЎМИ Матбуот хизмати
Хоразм сафари давомида кўҳна ва қадимий Хива шаҳрида қайтадан қуриб битказилган “Шайх Нажмиддин Кубро” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу файзли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, уламолар, имом домлалар, нуроний отахонлар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ҳамда маҳалла аҳли жам бўлди.
Маросимда сўзга чиққан Муфтий ҳазратлари йиғилганларни гўзал масжид ва Аллоҳнинг уйи очилиши билан қизғин муборакбод этдилар. Ўз сўзида бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва улкан саъй-ҳаракатлари билан юртимизда, хусусан, диний-маърифий жабҳада катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, Самарқанд ва Тошкентдаги йирик илмий-маънавий мажмуалар қурилиши, юртимиздаги 500 га яқин масжид таҳоратхоналарининг қайта қурилаётгани, муборак қадамжолар обод бўлаётгани шукроналик билан тилга олинди. Шунингдек, ушбу маърифат масканига қадам қўйган ҳар бир киши бу ердан олган файз ва маърифат билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Ушбу қайта қурилган жомега улуғ аллома номи берилиши бежиз эмас. Бу маскан худди Нажмиддин Кубро каби ҳар томонлама етук инсонлар, ватанпарвар авлодлар, хизмат қилувчи маънавият ўчоғи бўлиши таъкидланди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур муҳташам масжид бир вақтнинг ўзида 5000 нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.
Мажмуа ҳудудида маъмурият хоналари, китобхонликни ривожлантириш мақсадида кутубхона, бир вақтнинг ўзида 60 кишига хизмат кўрсатадиган замонавий таҳоратхона барпо этилган. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни олиб бориш учун отинойиларга махсус хизмат хонаси ажратилгани эътиборга моликдир.
Тадбир якунида Қуръони карим тиловат қилиниб, Муфтий ҳазратлари ушбу жоме то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳ ва хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар янграйдиган ҳидоят ва маърифат маскани бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати