Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

07.06.2019 й. Ота-она розилигини топиш-фарзанднинг бурчи

2.06.2019   4678   14 min.
07.06.2019 й. Ота-она розилигини топиш-фарзанднинг бурчи

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَنَا بِبِرِّ الْوَالِدَيْنِ وَنَهَانَا عَنْ عُقُوقِهِمَا، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "بِرُّوا آبَاءَكُمْ تَبَرَّكُمْ أَبْنَائُكُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

ОТА-ОНА РОЗИЛИГИНИ ТОПИШ – ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ

Ҳурматли жамоат! Ҳар бир инсоннинг дунёга келишига ота-она сабабчидирлар. Уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари жуда кўп бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда уларнинг барчаси батафсил баён қилинган. Динимизда ота-онани рози қилиш, уларга чиройли муомала қилиш улуғ ибодат ҳисобланади. Қуръони каримнинг 15 та оятида айнан ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш тўғрисида зикр қилинади. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейин ота-онага чиройли муомала қилишга буюрган:

  وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

 (سورة النساء / الآية 36)

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).

Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли кишилар – ота-оналардир! Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

 (سورة البقرة / الآية 215)

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар.  Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси, 215-оят).

         Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни Қуръони каримда “ота-онасига меҳрибон, итоаткор” деб, мақтайди:

 وَبَرًّا بِوَالِدَيْهِ وَلَمْ يَكُنْ جَبَّارًا عَصِيًّا

 (سورة مريم / الآية 28)

яъни: “У  ота-онасига  меҳрибон  бўлди,  жабр  қилувчи,  итоатсиз  бўлмади” (Марям сураси, 14-оят).

Аллоҳ таоло бизга ота-оналаримиз ҳақларига қандай дуо қилишимизни ўргатиб, шундай дейди:

 رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ

 (سورة إبراهيم / الآية 41)

яъни: “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари бор экани, уларга риоя қилиш – фарзандни улкан ажрга эга қиладиган улуғ ибодат экани таъкидланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай баён қилинади:

جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "يَا رَسُولُ اللهِ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صُحْبَتِي؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ: "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: "أَبُوكَ" مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “Онанг, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради.Онанг, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда Отанг”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فِي سَخَطِهِمَا"

رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه

яъни: “Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривояти).

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.

Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни ота-онанинг хизматларини қилиб, жаннатни қўлга киритишга тарғиб қиладилар: 

"رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا عِنْدَهُ الْكِبَرُ لَمْ يُدْخِلْهُ الْجَنَّةَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!”  (Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолога энг севимли амал нима эканини сўрайдилар. Шунда Сарвари коинот ўз вақтида ўқилган намоздан кейинги энг маҳбуб амал –ота-онага яхшилик қилиш эканини айтганлар.

         Бошқа бир ҳадиси шарифда Аллоҳ таолодан ажру-савоб истаганлар ота-оналарига чиройли хизмат қилиши кераклиги айтилган:

أَقْبَلَ رَجُلٌ إِلَى نَبِيِّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "أُبَايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ وَالْجِهَادِ أَبْتَغِي الْأَجْرَ مِنْ اللَّهِ" قَالَ: "فَهَلْ مِنْ وَالِدَيْكَ أَحَدٌ حَيٌّ؟" قَالَ "نَعَمْ بَلْ كِلَاهُمَا" قَالَ: "فَتَبْتَغِي الْأَجْرَ مِنْ اللَّهِ؟" قَالَ: "نَعَمْ" قَالَ: "فَارْجِعْ إِلَى وَالِدَيْكَ فَأَحْسِنْ صُحْبَتَهُمَا"

رَوَاهُ الْاِمَامُ البُخَارِيُّ والْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنِ عَبْدِ الله ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه 

яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

– “Сизга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қиламан, савобини Аллоҳ таолодан талаб қиламан!” – деди.

Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” – деб сўрадилар.

– “Ҳа, иккиси ҳам тирик,” –  деди у.

Ажр-савобни Аллоҳдан кутасан-а? – деб сўрадилар.  

– “Ҳа, шундай”.

Ундай бўлса, ота-онангни олдига қайтиб боргинда, уларга яхши муомала қил,” – дедилар У Зот” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Шариатимизга кўра ота-онага яхшилик қилиш – фақатгина уларнинг ҳаётлик пайтларида чекланиб қолмай, балки улар мабодо дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши керак. Бу ҳақда Абу Усайд ибн Робийъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

بَيْنَا نَحْنُ جُلُوسٌ عِنْدَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم إذ جَاءهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ ، فَقَالَ: يَا رسولَ اللهِ ! هَلْ بَقِيَ مِنْ برِّ أَبَوَيَّ شَيء أبرُّهُما بِهِ بَعْدَ مَوتِهمَا ؟ فَقَالَ: " نَعَمْ ، الصَّلاةُ عَلَيْهِمَا ، والاسْتغْفَارُ لَهُمَا ، وَإنْفَاذُ عَهْدِهِمَا مِنْ بَعْدِهِما ، وَصِلَةُ الرَّحِمِ الَّتي لا تُوصَلُ إلا بِهِمَا، وَإكرامُ صَدِيقهمَا"

رَوَاهُ الْاِمَامُ أَبُو دَاوُدَ

яъни: Молик ибн Робеъа ас-Саъидий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганимизда ногоҳон Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва: “Ота-онам вафот этгандан кейин ҳам мен уларга қиладиган яхшилик борми?” – деди. Пайғамбар алайҳиссалом:Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, аҳдларини амалга ошириш, улар орқали қариндош бўлганларга силаи-раҳм қилиш ва уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш вазифаси бор”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирадилар: “Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларнинг буйруқларига итоат қилишдир”.

Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ ота-онанинг яхшиликларини қай тарзда қайтариш кераклиги ҳақида айтадилар: “Ким беш вақт фарз намозларни ўқиса, ҳақиқатда Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким намозларидан кейин ота-онасининг ҳақларига дуо қилса, ҳақиқатда уларга раҳмат айтибди”.

Ҳукамолардан бирлари: “Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади”, – дер эдилар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш – катта гуноҳларга каффоратдир”, – деганлар.

Ҳурматли жамоат! Шариатимиз, фарзандларга ота-она қарилик вақтларига етиб келишганларида уларни нафақа билан таъминлаш вазифасини юклайди. Бу – динимизнинг талаби!

Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.

Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.

 Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.

Афсуски, гоҳида ота-онасига юқорида зикр қилингани каби нолойиқ муомала қиладиган фарзандлар ҳам учраб туради. Улар Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, ота-онасидан кечирим сўраб, қайтадан уларни рози қилишга ҳаракат қилишлари керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасини рози қиладиган фарзандлардан қилсин! Ота-оналаримизни тани-жонларини саломат қилиб, узоқ йиллар дуогўйимиз бўлиб юришларини насиб қилсин! Омин!

 

ИЛОВА: Шаввол ойи рўзасининг фазилати

  Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, муборак Рамазон ойини ҳам якунлаб, Шаввол ойини ҳам бошлаб олдик. Шаввол ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَأَتْبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدّهْرِ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: 

 مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

(سورة الأنعام / الآية 160)

яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойи ва Шаввол ойининг фазилатларидан баҳраманд қилсин! Омин!

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОИЛА, НИКОҲ ВА ТАЛОҚҚА ОИД ШАРЪИЙ ҲУКМЛАР” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

10.01.2025   1880   5 min.
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

 - 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ


Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.


Назмий баёни:

Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.

Луғатлар изоҳи:

وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.

حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.

وَ – “ибтидоия” маъносида келган.

الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.

عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.

الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.

اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:

“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].

Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.

Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни

 


[1] Раъд сураси, 15, 16-оятлар.