Қуръонни ўқиб, маъноларини тушуниш учун Тафсири Ҳилол, Тафсири Ирфонни ўқиб, ўша маънолар ҳақида тафаккур қилган инсоннинг қалби яхши томонга тез ўзгаради.
Тафаккур қилиб, қалбида ўша маъно жо бўлгандан кейин ўша оятларнинг тиловатини кўзни юмиб эшитилса, катта ўзгариш бўлади.
Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи келса, барча ишларини тўхтатиб, Қуръонни ўқишга, ўқитишга, оятлари устида тафаккур, тадаббур қилишга киришар эканлар.
Юнус ибн Язид айтади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий Рамазон ойи кирса, “Бу ой Қуръон тиловати ва таом улашиш ойидир” дердилар”.
Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Мусҳафни олиб келар (яъни Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар) ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.
Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.
Ҳа, улуғларимиз Рамазон ойида Қуръони Каримга ана шундай муомалада бўлардилар. Биз ҳам Қуръон ойида Қуръонни кўпроқ ўқийлик, оятларининг маъноси борасида тафаккур қилиб, қалбимизни поклашга уринайлик!
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада барчамизга мадад берсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати