Танловга!
Рамазон барокатли ва фазилатли ой. Унда дунё ва охират учун яхшиликлар бисёр. Айниқса “минг ойдан яхшироқ” бўлган “Лайлатул қадр” – қадр кечаси Рамазонда кутилади. “Қадр” деб номланишига сабаб унда ризқлар ўлчанади, ажаллар ёзилиб, ўша йили бўладиган ишлар битиб қўйилади, тақдир қилинади.
فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ
“У (кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур”, Духон,4 оят
“Барча бўладиган ишлар Лавҳул маҳфуздан кўчирилади. Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Албатта, сен бир кишини бозорда учратасан, лекин унинг исми ўликлар сафига киритиб қўйилган бўлади”.[1]
Бундан ташқари қадри ва шарафи улағлиги учун ҳам шундай аталган. Яна ким бу кеча тоат-ибодатларга берилса, қадри баланд бўлади, бу кечадаги тоатларнинг қадри бўлакча бўлади, деган маънолар ҳам айтиб ўтилган.
Шомий[2] айтадилар: “Меърожуд дироя”да келтирилади: “Билингки, қадр кечаси – фазилатли кеча бўлиб, уни излаш, талаб қилиш мустаҳабдир. У йилнинг энг яхши тунларидан биридир. У кечада қилинган амал йилнинг бошқа пайтида қилинган минг амалга тенг. Ибн Мусайййиб айтади: “Ким қадр ҳуфтонига гувоҳ бўлса, ундаги насибасини олибди”. Шофеъий айтадилар: “Ҳуфтон ва бомдодига гувоҳ бўлса. Мўминлардан Аллоҳ хоҳлагани қадр кечасини кўради, кўрганлар эса уни яширишлари лозим бўлади. Аллоҳга ихлос билан дуо қилинади”.
Қадр кечаси қайси кун эканлиги борасида 46 та фикр бор.
“Мароқил фалаҳ”да[3] айтилади: “Ибн Масъуд айтадилар: “Қадр кечаси йилнинг барчасида бўлиши мумкин. У кишининг гапларини Имом Аъзам ҳам олиб, йилнинг исталган пайтида айланиб юради. Гоҳо рамазон, гоҳо бошқа ой ҳам бўлиши мумкин. Буни Қози Хон ҳам айтган”.
Шомий айтадилар: “Юқоридаги гапни орифлар султони, жанобим – Муҳйиддин ибн Арабий ўзларининг “Футуҳотул Маккийя” асарларида ҳам келтирганлар: “Лайлатул қадр ҳақида инсонлар турлича фикрдадирлар. Яъни унинг пайти ҳақида. Улардан баъзилари йилнинг барчасида айланиб юради дейишган. Мен ҳам шу фикрдаман. Мен уни Шаъбонда ҳам, Робиъул аввалда ҳам, Рамазонда ҳам кўрганман. Кўпроқ рамазоннинг охирги 10 кунлигида гувоҳ бўлганман. Яна рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигидаги тоқ бўлмаган кечада ҳам, тоқ бўлган кечасида ҳам кўрганман. Мен шуни аниқ ишонч билан айта оламанки, йилнинг барчасида тоқ кечасида ҳам, жуфт кечасида ҳам келаверади”.
“Мабсут”да айтилади: “Бу борада Абу Ҳанифанинг мазҳаблари қадр кечаси рамазонда бўлади, лекин у олдинга сурилиб ёки кечикиб келиши мумкин. Икки соҳиблари наздида эса муқаддам ҳам бўлмайди, кечикиб ҳам келмайди”.
Унинг аломати: ойдин, соф, сокин; совуқ ҳам эмас, иссиқ ҳам эмас; қадр кечасининг тонгида қуёш нурсиз тоғорга ўхшаб қолади.
Унинг аниқ куни яширин бўлиши: инсонлар уни топишда, излашда жидду жаҳд қилсинлар, ибодатда мужтаҳидлар ажрини олсинлар.
Шавконий айтадилар: “Уламолар унинг қайси кун эканлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. “Фатҳул Борий”да ўша фикрлар келтирилган (ундан бошқа ерда бу қавллар келтирилмаган), уларни қисқача зикр қилиб ўтамиз:
1-Қовл: Қадр кечаси одамлар орасидан кўтарилган, буни Мутаваллий Рофизийлардан ривоят қилган. Ҳанафийлардан ҳам шу гап келган. Мен айтаман: бу асли йўқ гап, ҳанафийлар китобларида бунақа гап учрамайди.
2-Қовл: Қадр кечаси фақат бир йил учун хосланган бўлиб, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида юз берган. Фокуҳоний шу гапни айтган.
3-Қовл: Қадр кечаси мана шу уммат учун хосланган. Моликийлардан бир жамоанинг фикрлари.
4-Қовл: Йилнинг исталган патида бўлиши мумкин. Бу ҳанафийларнинг машҳур гаплари ва салафи солиҳларнинг бир жамосининг фикри.
5-Қовл: У рамазонга хосланган бўлиб, унинг барча тунларида содир бўлиши мумкин.
6-Қовл: У муайян ва яширинган бир тунда. Насафий шу фикрни айтган.
7-Қовл: Рамазоннинг биринчи кечасида. Абу Розийн Уқайлий Саҳобий айтган.
8-Қовл: Рамазоонинг ўртасидаги бир кеча. Ибн Мулаққин айтган.
9-Қовл: Шаъбоннинг ўртасидаги бир кеча. Қуртубий “Муфҳим”да айтган.
10-Қовл: Рамазоннинг 17 кечасида.
11-Қовл: Рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигида яширинган.
12-Қовл: Рамазоннинг 18 кечаси.
13-Қовл: 19 кечаси.
14-Қовл: Охирги ўн кунликнинг биринчи кечаси. Шофеъий шунга моил бўлганлар.
15-Қовл: Агар ой тўлиқ бир ой бўлса, 20 куни, ноқис бўлса, 21 куни.
16-Қовл: 22 кечаси.
17-Қовл: 23 кечаси. Бунга кўплаб саҳобий ва тобеъинлар эргашганлар.
18-Қовл: 24 кечаси.
19-Қовл: 25 кечаси. Ибн Жавзий Абу Бакрадан ривоят қилган.
20-Қовл: 26 кечаси. Мен буни аниқ билмадим. Фақат Иёз шу фикрни айтган.
21-Қовл: 27 кечаси.
22-Қовл: 28 кечаси.
23-Қавл: 29 кечаси. Ибн Арабий келтирган.
24-Қовл: 30 кечаси. Иёз айтган.
25-Қовл: Охирги 10 кунликнинг тоқ кунларида. “Фатҳ”да мана шу тўғрироқ дейилган.
26-Қовл: Рамазоннинг охирги кечаларида.
27-Қовл: Охирги 10 кунликда кўчиб юради. Абу Қалоба айтган.
28-Қовл: Охирги 10 кунликда, фақат баъзи кечалар баъзиларидан кўра қадр бўлиши умид қилинади.
29-Қовл: 27 кеча. Фақат 23 бўлиши умид қилинади.
30-Қовл: 23 кеча. Фақат 27 бўлиши умид қилинади.
31-Қовл: Охирги 7 кунликнинг барчасида кўчиб юради. Аҳли илмлар бундан нима назарда тутилгани ҳақида ихтилоф қилдилар: ойнинг охирги 7 кунлигими ёки ойдан саналадиган охирги 7 кунми? Бундан 32 қовл келиб чиқади.
33-Қовл: Охирги 15 кунликда кўчиб юради. Абу Юсуф ва Муҳаммаддан ривоят қилинган.
34-Қовл: 16 ёки 17 кечада.
35-Қовл: 17, 19 ёки 21 кечада.
36-Қовл: Рамазонинг биринчи ёки охирги кечаси.
37-Қовл: 19, 21 ёки 23 кечада.
38-Қовл: 1 ёки 9 ёки 17 ёки 21 ёки охирги кечада.
39-Қовл: 23 ёки 27 кечада
40-Қовл: 21 ёки 23 ёки 25 кечада.
41-Қовл: Охирги 27 кечага чекланган.
42-Қовл: 22 ёки 23 кечада.
43-Қовл: ўртадаги ва охирдаги 10 куликнинг жуфт кечаларида.
44-Қовл: охирги ўн кунликнинг учинчи ёки бешинчи кечаси.
45-Қовл: Ойнинг иккинчи 15 кунлигидаги 7 ёки 8 кеча.
46-Қовл: 1 ёки охирги ёки тоқ кечада бўлиши мумкин.
Ҳофиз Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Мен охирги учратган қовлим мана шу. Уларнинг баъзиси баъзисини рад қилиши мумкин. Рожиҳроғи охирги 10 кунликнинг тоқ кечаларида бўлиб, улар кўчиб юриши мумкин. Шофеъий наздида 21 ё 23 бўлса, жумҳур наздида рамазоннинг 27 кечаси деб зикр қилинган”.
Қадр кечасига тўғри келган одамга зоҳирий аломат бўладими ёки йўқ, деган масалада ҳам ихтилоф қилдилар. Баъзилар ҳамма нарса сажда қилган ҳолда кўринади, деса, айримлар ҳатто қороғу ерда ҳам нур сочилиб туради, деган. Малоикалардан гап ва салом эшитилади, ҳам деб айтилган. Тобарий буларнинг барчаси юз берадиган ишлар эмас деганлар. Бирор нарсани кўриш ёки эшитиш шарт қилинмаган.
Хулоса: Қадр кечаси турли кунларда бўлиши, турли кечаларда айланиб юриши ҳақидаги фикрларни инобатга олсак, уни фақат 27 кечада кутмай, рамазоннинг охирги тоқ кунлари, имкон бўлса рамазоннинг ғанимат барча кечаларидан излаган, кўпроқ ибодат, тиловат, истиғфор ва тавблар қилиб қолган маъқул. Агар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ижтиҳодларига назар солинса, лайлатул қадр йилнинг барчасида бўлиши мумкин. Балки, мана шу нарса аввалги уламоларимизни кўп тоат-ибодат қилишга, бугун қадр кечаси бўлиши мумкин деган умидда сергак юришларига бир сабаб бўлгандир... Валлоҳу Аълам!
Аҳмад Саҳаронфурийнинг “Базлул мажҳуд фий ҳалли
Сунани Аби Давуд” китоби асосида Нилуфар Саидазиз қизи тайёрлади
[1] “Тафсири Самарқандий”
[2] Ибн Обидийн
[3] 264 б
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws