Орзиқиб кутган Рамазонимизнинг ҳам учдан икки қисми ўтиб бўлди… Аллоҳ таоло Ўзи азиз қилган ой… Ундаги ҳар бир яхшиликлар, ибодатлар, тасбеҳу зикрларнинг қанчалар бизларга фойда келтиришини биз бандалар тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боис Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги бўладиган мукофатлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”, дея марҳамат қилганлар.
Рамазон ўтиб боряпти, унда бошланган хатми Қуръонлар ҳам аста-секин тугаб боряпти. Рамазоннинг таърифини гўзал эшитяпмизу, лекин аслида биз ундан қанчалик фойдаланиб қоляпмиз? Рўзани қалбан тутган, қўлидан келганича саҳоват, яхшиликда фаол бўлган, кечалари Қуръони каримга муҳаббат билан таровиҳларда тик турган эътиқод соҳибларидан бўла оляпмизми?
Масжидларда ҳавасли манзаралар… Ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат…
Пойтахтимизнинг кўҳна масжидларидан бири бўлмиш “Ҳожа Аҳрор Валий” жоме масжидида ҳам куни кеча Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтди. Каломуллоҳни 23 кун давомида ҳофизи Қуръон қорилар: ўткир ва гўзал савти билан машҳур Самихон Исроилов, мазкур масжид муаззини Юнусжон Сиддиқов ва Абдунасир Ортиққориевлар тартил билан, гўзал савт билан ўқиб, ниҳоясига етказиб беришди. Гўзал тасбиҳ, ҳамдлар ўқилди.
Имом-хатиб Исомиддин домла Аҳроров бошчилигидаги масжид жамоаси хатмона кечасига алоҳида тайёргарлик кўришган. Жамоатни муборакбод этиш учун ташриф буюрган уламолар, имом домлаларнинг суҳбатлари, ваъзу иршодлари йиғилганларга энг муҳим озуқа, таъриф этиб бўлмас руҳий оромни тортиқ этди. Бу оқшом чинакам Қуръон байрами, маънавий зиёфатга айланди. Унда ҳозир бўлганлар эса инсониятнинг қалбида иймон гавҳари ярқираган энг бахтли тоифалари эди.
Хатмона маросими порталимизнинг ижтимоий тармоқларида тўғридан-тўғри узатилиб борди. Видеога билдирилаётган изоҳларни ўқир эканман: “Қани энди мен ҳам шу сафда бўлганмда.... Кўчада ўтиришга ҳам рози эдим...”, дея ёзилган изоҳ эътиборимни тортди. Ҳа, бу онларни қадрини билган мусулмон бедорликни ихтиёр этади, Роббиси томон ошиқади. Бунда энг тотли лаззат - иймон лаззати, қалб роҳатини туяди. Аксинча, шу пайтда ҳам ғафлат ва маъсият домида юрганлар чиркин ҳаёти аро тубанлашиб бораверади. Аллоҳ сақласин.
Дуолар қабул бўлгувчи бу улуғ кечада кўплаб дуолар қилинди: эшитган Қуръонимиз шафоати, жаннатга ҳужжат, жаҳаннамга парда бўлишлиги, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қорилар ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди.
Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қориларга бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар.
Ҳа, Рамазон бизда, бизнинг ўлкада шундай ўтмоқда! Бу дамлар учун Ўзингга беҳисоб шукурлар бўлсин Буюк Тангримиз!
Азиз диндошим, хатми Қуръонлар бошқа масжидларимизда давом этмоқда. Агар ҳали таровиҳга бора олмаган бўлсангиз, албатта боринг, яна фурсат бор. Ғанимат рамазон кечаларининг шукуҳини, раҳмат онларини ҳис этмай, роҳат топмасдан Рамазонни тугатиб қўйманг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўсмир эдим. Ўсмирлик шундай даврки, инсон ўзини катта бўлиб қолган, ҳеч ким унга тенг келолмайдигандек ҳис қилади.
Бир куни онам билан орамизда келишмовчилик чиқди. Аниқ нима сабаб бўлганини эслолмайман, лекин бир нарсани яхши эслайман: мен онамга овозимни баландлатган эдим.
Отам ишдан уйга қайтгач, онам унга бўлган воқеани айтиб берди. У мени дарҳол чақирди:
– Гаплашайлик, – деди.
Биз меҳмонхонада ёлғиз қолдик. Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўп гапирадиган инсон эмас эди. Аммо у гапирса, сўзлари олтиндек қадрли бўларди.
У аввал менинг гапларимни, вазиятга менинг кўзим билан қараб тинглади. Сўнг бироз сукут сақлаб:
– Ўғлим, эҳтиёт бўл. Онангга овозингни кўтаришингдан бошқа ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Аммо бунга йўл қўймайман. Агар ўзингни тарбиялай олмасанг, сени тартиб-интизом ўргатиладиган жойга юбораман. У ерда сенга одоб ва ҳурматни ўргатишади. Тушундингми? – деди.
Шу билан суҳбат тугади.
Шундан сўнг онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ.
Отам уришмади, менга бақирмади ҳам. Аммо бир неча сониялик қатъий сўзи билан ҳаётим давомида ўтиб бўлмайдиган чегарани белгилаб қўйди.
Бугун, орадан йиллар ўтиб, ўша лаҳзани эслар эканман, ўсмирлик даврида отанинг қандай катта қалқон эканини тушунаман.
Она – оиладаги меҳр ва ҳурматни сақловчи зот. У жонини хавфга қўйиб фарзандни дунёга келтиради, тунларини бедор ўтказади, чарчоқларини яширади...
Аммо айрим фарзандлар улғайгач бу қийинчиликларнинг барчасини унутиб, онасига бепарво муносабатда бўлади. Ана шундай пайтда отанинг ҳақиқий вазифаси намоён бўлади.
Ҳақиқий ота қўпол бўлиши билан эмас, балки керакли пайтда қатъиятлиги билан оиласини ҳимоя қилади.
Ота – оиланинг умуртқа поғонасидир. Агар у заифлашса, бутун оила зарар кўради.
Бугун англаяпманки, отамнинг ўша куни айтган сўзлари таҳдид эмас, балки онамни ҳимоя қилиш эди. Бу – мени келажакда ҳурматли инсон бўлиб улғайишим учун қилинган ҳимоя эди.
Отам ҳақида қанча шеър ёзмайлик, қанча сўз айтмайлик, унинг қадрини тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун отангиз борида унинг қадрига етинг. Унинг кетишини кутманг. Чунки айрилиқдан кейинги кўз ёшлар тирикликдаги меҳрнинг ўрнини боса олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД