Ислом олами уюшмаси томонидан Макка шаҳрида Қуръони карим халқаро музейини барпо этилди. Унда халқаро учрашув ўтказиш ва Қуръоннинг нафис нусхаларини намойиш этиш ҳам режа қилинган.
IQNA сайтининг “Arab News” нашрига таяниб хабар беришича, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад бин Aбдулкарим ал-Исо Макка шаҳрида Қуръони Карим халқаро музейи очилишини маълум қилган.
Унинг айтишича, мазкур ташаббус Қуръон ва Суннатни тарғиб қилиш мақсадида бошланган ва ушбу музей илмий далиллар билан Қуръони карим мўъжизаларини ёритиб боради.
Музей лойиҳаси бутун ислом оламининг бир неча олий мартабали олимларидан иборат Халқаро олимлар Кенгаши ташаббуси билан бошланган. Музей ходимларига бутун дунё бўйлаб анжуман ва маърузалар ташкил этиш вазифаси юкланади.
Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо бундай дейди: “Ўз мазмуни ва мақсадлари бўйича биринчи бўлган ушбу кашшоф лойиҳа ғояси Аллоҳнинг китоби ва Суннатга хизмат қилувчи бўлим ва Ислом олами уюшмаси томонидан кўриб чиқилди”.
Ал-Исонинг айтишича, ушбу Уюшма биносига ташриф буюрувчилар музейни кўришлари мумкин. Музейнинг халқаро бўлимлари Қуръони карим қадриятлари ва оятлардаги ҳикматли ҳукмлар билан таништиради.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу музейда Қуръони карим ва унинг илмлари билан боғлиқ анжуман, йиғилиш, маъруза ва тадқиқотлар олиб бориш билан бирга Қуръони карим қўлёзмаларининг тарихий маълумотлари ҳам тақдим этилади.
Интернет маълумотлари асосида
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати