Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Қадр кечаси учун 27 тавсия

25.05.2019   39010   3 min.
Қадр кечаси учун 27 тавсия
  • Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
  • Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
  • Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
  • Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
  • Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
  • Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
  • Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
  • Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
  • Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
  • Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
  • Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
  • Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
  • Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун, туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
  • Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
  • Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
  • Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
  • Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зуррияатинаа қуррота аъюн”, (яъни, Эй Роббимиз, бизларга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувочнчлари бер).
  • Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
  • Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
  • Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
  • Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки, илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
  • Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
  • Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
  • Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
  • Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Муҳаммадяҳё НИЗОМИДДИН

тайёрлади

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   41885   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари