Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Кимки Лайлатул Қадрни бедор ўтказса...

25.05.2019   42550   4 min.
Кимки Лайлатул Қадрни бедор ўтказса...

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Айниқса, ана шу ўн кунликда ибодатларга, саховатларга қаттиқ берилган киши  катта фойдалар олиб қолади. Шу тунларда уйқуни ҳаром қилсак, жаҳаннам оташидан нажот топамиз, иншоаллоҳ.  Жумҳур уламолар минг ойда қилинадиган ибодатга олинадиган савобга тенг савоб олиш мумкин бўлган – Лайлатул Қадр кечаси ана шу ўн кунликда эканига иттифоқ қилганлар.

Бу кечанинг улуғ мартабаси Қуръони каримда ҳам тавсифланган. Аммо унинг айнан қайси тунда экани аниқ айтилмаган. Шу боисдан ушбу ўн кунликнинг ҳар бир кечасини Қадр билиб ибодатда қоим бўлсак, уни топамиз, иншоаллоҳ.

Хўп, бу ойнинг мукофоти нима ўзи? Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Лайлатул Қадр кечасини бедор ўтказса, Аллоҳ таолога чин ихлосу эътиқод ила ибодат қилиб чиқса, Раббимиз унинг барча гуноҳларини кечириб юборади”, деб марҳамат қилганлари айтилган.  

Айнан шу кечада Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини қайтармайди. Ҳар биримизнинг орзу-ҳавасларимиз, муаммоларимиз, истиқболдаги режаларимиз, орамизда шифо топиш истагида бўлган дардмандларимиз бор. Лайлатул Қадр – ана ўша эҳтиёжларимизни Парвардигоримиздан сўрайдиган кечадир.

Бу – орзуларга етиш, режаларни амалга ошириш учун ноёб имконият. Уни қўлдан чиқариб қўйсак, кейин афсусланиб қоламиз. Ҳар тунда ибодатлар, зикрлар қилиб, Аллоҳ таолога гуноҳларимизни кечиришини сўраб ёлворайлик.

Аллоҳ таоло Лайлатул Қадрнинг қандай улуғ кеча эканини Қуръони каримнинг Қадр сурасида қуйидагича таърифлаган:

بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَـٰنِ ٱلرَّحِيمِ

إِنَّآ أَنزَلْنَـٰهُ فِى لَيْلَةِ ٱلْقَدْرِ ﴿١﴾وَمَآ أَدْرَىٰكَ مَا لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ ﴿٢﴾لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ خَيْرٌۭ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍۢ ﴿٣﴾تَنَزَّلُ ٱلْمَلَـٰٓئِكَةُ وَٱلرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍۢ ﴿٤﴾سَلَـٰمٌ هِىَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ ٱلْفَجْرِ ﴿٥﴾

1 . Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадр да туширдик.

2 . Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?

3 . Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.

4 . Унда фаришталар ва Руҳ Раббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.

5 . У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.

Кунларимизнинг ҳар лаҳзасида рамазоннинг биздан узоқлашиб бораётганини ҳис қилиб турамиз ва тез орада у ниҳоясига етади. Шундай экан, ибодатларга ва эзгу ишларга ғайратли бўлайлик. Ушбу ғанимат кунларни тилимиз ва қалбимиз ҳар доим зикрда бўлиб, ибодатларимизни вақтида адо этиб, тунлари Аллоҳнинг марҳаматини, фазлини сўраб дуолар қилайлик. Зотан, бу ойда қилинган ҳар бир амал учун савоблар бир неча бор кўпайтириб ёзилади.  

Имом  Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Рамазоннинг охирги ўн кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрпа-тўшакларини хонанинг бир четига тахлаб қўярдилар-да, масжидга чиқиб тунни ибодатда ўтказар эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга кўчганларидан сўнг у зотнинг завжалари шундай қилардилар”, деганлар.  Яна Оиша онамиз: “Пайғамбар алайҳиссалом рамазоннинг охирги тунларида ўзлари ҳам ухламас эдилар ҳамда яқинларини ҳам уйғотиб чиқиб биргаликда тунни ибодатда ўтказар эдилар”, деганлар.   

Аллоҳнинг Расули ер юзида ўзидан олдин ўтган, ўзининг замонида яшаган ва кейин қиёматгача келадиган инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, рамазон ойида шу хислати жўш уриб кетар ва ёрдамга муҳтож кимсаларнинг қошига энг учқур шамолдан ҳам тез етиб бориб кўмакчи бўлар эдилар.

Пайғамбаримизнинг ушбу суннатларига амал қилиб биз ҳам саховатли бўлиб, кечаётган фазилатли кунларимизда моддий жиҳатдан қийналиб қолган юртдошларимиз бўлса, уларга ёрдамчи бўлсак;, кунларимизу тунларимизни зикруллоҳда ва ибодатда ўтказсак, шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни кечириб, Ўзининг севимли бандалари қаторига қўйса.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

05.08.2026   20442   1 min.
“Kyiv Diplomatic”: Қадимий Бухоро шаҳри янги ренессанс ва маданий тикланиш босқичини бошдан кечирмоқда

Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журнали веб-сайтида қадимий Бухоро шаҳрининг замонавий маданий ва сайёҳлик ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Журнал ёзишича, АҚШнинг "The New York Times" нуфузли газетаси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири - Бухорога бағишланган мақола чоп этган. Газетада Бухоро минг йилдан зиёд вақт давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлгани таъкидланган.

Жумладан, Арк қалъаси, мақбаралар, мадрасалар ва мовий гумбазли масжидлардан иборат бой меъморий меросга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилган.

Журналда таъкидланишича, бугунги кунда Бухоро халқаро маданий марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Ўтган йили ушбу шаҳарда ўтказилган замонавий санъат биенналеси, инфратузилманинг ривожланиши, янги меҳмонхона ва ресторанларнинг очилиши хорижий сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.

“Kyiv Diplomatic” нашри минтақанинг бой гастрономияси, хусусан, машҳур Бухоро оши (ош софи) ва азалий анъаналарни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотлари — сўзана, сопол буюмлар ва қўл меҳнати билан тайёрланган қайчиларни алоҳида эътироф этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари